Петрография фанининг мақсади ва вазифаси.
Петрография термини грекча-“петросъ-тош ва “графус”-ёзаман деган маънони билдириб, тоғ жинсларини ўрганувчи фан бўлиб, геологиянинг йирик соҳаларидан биридир.
Демак, петрографиянинг асосий мақсади-тоғ жинсларининг пайдо бўлишини, ер пўстида ётиш ва тарқалиш қонуниятларини, кимёвий ва минералогик таркибини, ҳамда тузилишини ўрганишдир.
Умумий геологиядан маълумки, тоғ жинси деб ер пўстини ташкил этувчи ва маълум кимёвий таркибга эга бўлган минерал агрегатларининг йиғиндисига айтилади.
Тоғ жинсларини ўрганиш ва текшириш ҳам назарий ҳам амалий катта муҳим ахамиятга эгадир. Шунинг учун петрографиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборатдир:
-Бутун ер пўстидаги ёки унинг айрим қисмларини ташкил этувчи тоғ жинсларининг пайдо бўлишини, тарихини, Ернинг қаттиқ қобиғи бўлган литосферада ётиш шароитини ва тарқалиш қонуниятларини ўрганиш;
- Тоғ жинсларининг тузилишини, кимёвий ва минералогик таркибини ўрганиш;
- Тоғ жинсларини текшириш натижаларидан фойдаланиб, бирон-бир худуднинг геологик
тарихини тўғри тассавур қилишга ёрдам бериш;
- Илгари топилган фойдали қазилмаларни тўғри баҳолаш ва янги қазилма бойликларини қидириб топишга ёрдам бериш. Чунки фойдали қазилмалар, бойликлар тоғ жинсларининг бир қисми бўлиб, улар тоғ жинслари ичида учрайди.
Тоғ жинсларини ўрганиш, табиий қурилиш хом ашёларини топишда ва улардан қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда катта аҳамиятга эгадир.
Петрография фани минералогия ёки палеонтологияга нисбатан анча ёш фандир. Шунга қарамай, у тез ўсди ва ривожланди. Бунга петрография фанининг умумий геология, минералогия фанлари билан узвий боғлиқлигига, фойдали қазилмалар ҳақидаги таълимот билан мустахкам боғланганлиги сабаб бўлди. Петрография фанининг ривожланиши унинг текшириш-тадқиқот усулларининг такомиллашиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Петрография фанининг ривожланиши, усулларнинг такомиллаштириш ва унинг назарий негизларини ишлаб чиқиш устида қуйидаги олимлар ўз хиссаларини қўшдилар:В.М.Севергин, А.П.Карпинский, Й.Е.Феодоров, Ф.Ю. Левинсон-Лессинг, А.И. Заваритский ва бошқалардир.
Ўзбек олимларидан Х.М. Абдуллаев, Я.Ч. Вичневский, Н.П. Петров, э.М. Исамухамедов, П.Азимов, О.Акромхўжаев, А.Бобоев, С.Бобохўжаев, И.Ҳ.Ҳамрабоев, Ф.Ш. Ражабов, И.Мирхожиев ва бошқалардир.
Табиий қурилиш хом ашёларини қидириб топишда уларни қазиб олишда минералогия, петрография фанларидан ташқари, назарий ва айниқса, катта амалий ахамиятга эга бўлган, геологиянинг мустақил тармоғи бўлган инженерлик геологияси ва гидрогелогия фанларини ўрганиш жуда муҳимдир. Шунинг учун “Қурилиш материалларини ва буюмларини ишлаб чиқариш технологияси” йўналиши бўйича билим олаётган талабалар инженерлик геологияси ва гидрогеология фанлари ҳақида билим ва кўникмаларга эга бўлиши муҳимдир.
Инженерлик геологияси фани геологик фанлар таркибида ривожланиб 30-йилларга келиб алоҳида фан сифатида ташкил топди. Инженерлик геологияси фанининг асосчиси Ф.П.Соваренский ҳисобланади. У инженерлик геологияси фанини ўрганиш объекти ва мақсадларини конкретлаштирди. Ҳозирги даврга келиб инженерлик геологияси фани жуда ривожланган фанлардан бирига айланди, бунда у бошқа геологик фанларга асосланади. Шу билан бирга у механика, физика, кимё фанлари билан чамбарчас боғлиқ.
Ҳозирги даврда инженерлик геологияси қурилиш майдонларининг табиий геологик шароитларини, иморат ва иншоотларни лойихалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш даврида геологик муҳитда ва биринчи навбатда тоғ жинсларида юз берадиган ўзгаришларни ўрганади.
Do'stlaringiz bilan baham: |