Алангаланиш ҳарорати деб, суюқликнинг минимал ҳароратдаги чақнашида суюқликдан маълум даражада буғлар ажралиб чиқиши натижасида алангаланиш давом этадиган ҳолатга айтилади. Енгил алангаланувчи суюқликлар учун бу ҳарорат чақнаш ҳароратидан 1 – 50С юқорироқ бўлади, ёнувчи суюқликлар учун эса 30 – 350С га ортиши мумкин.
Моддаларнинг ёниш хусусияти деб, қиздириш натижасида уларнинг парчаланиб ёнувчи газсимон ва буғсимон моддалар ҳосил қилиши тушунилади. Ёнувчи моддаларнинг парчаланиш ҳолатини учувчи қисмининг ёниш қонуниятини ўрганишда қўллаш мумкин.
Қаттиқ моддаларнинг ёнғинга хавфлилик хусусиятлари қаттиқ модда ёнганда ажралиб чиқадиган иссиқлик миқдори, ўз-ўзидан алангаланиш, ёниб кетиш тезлиги ва материал юзасида ёнишнинг тарқалиши билан ифодаланади.
Ёниш ҳарорати қаттиқ жисмлар ёнганда ҳосил бўладиган иссиқлик миқдори ва ёниш зонасига келаётган ҳаво миқдорига боғлиқ.
Қаттиқ моддаларнинг майдаланган 10-9...10-7 м катталикдаги заррачалари ҳаво муҳитида узоқ вақт бўлиши катта зичликка эга бўлган тумансимон муҳитни вужудга келтиради. Бундай майда заррачаларнинг кўп миқдорда йиғилиб қолиши худди газ ва ёнувчи суюқликлар каби портлаш хусусиятига эга бўлади. Одатда ҳаво таркибидаги чанглар миқдори г/м3 ёки мг/л бирликларда ўлчанади. Кўпгина ёнувчи моддалар чангларнинг портлаши учун пастки зичлик миқдори жуда катта бирликларни ташкил қилади. Қанд ва торф чангининг портлаши учун қуйи чегарадаги зичлиги 13500 г/м3 ва 2200 г/м3 миқдорларни ташкил этиб, бундай чангларни портлатиб юбориш учун катта қувватдаги ёндирувчи импульс зарур.
Портлашнинг бошланғич фазасида ҳаво таркибидаги энг майда заррачалар ҳамда уларнинг ажратган иссиқлигидан катта заррачалар алангаланади, шундан кейин зичлик етарли бўлса, алангаланиш ҳажмий тус олади ва портлаш юз беради. Шунинг учун ҳам зичликнинг қуйи чегараси асосида чангларнинг ёнғинга ва портлашга қарши хавфлилиги аниқланади. Алангаланишнинг қуйи чегараси 65 г/м3 гача бўлган зичликка тўғри келган чанглар портлашга хавфли (олтингугурт чанги, ун ва б.), бу чегарада 65 г/м3 дан ортиқ зичликка тўғри келса, унда ёнғинга хавфли чанглар тоифасига киради (тамаки, ёғоч чанги).
Саноат ва қурилиш конструкциялари, деталлар ва ашёлари ишлаб чиқариш корхоналарининг ишлаб чиқариш технологияси, ишлатиладиган хом ашёси, тайёрлайдиган маҳсулоти ва жойлашган биносининг лойиҳасини ҳисобга олиб ёнғин чиқишга, портлашга, ёнғин чиққан тақдирда унинг тарқалишига, шунингдек, ёнғиннинг асоратига асосланган ҳолда портлашга хавфлилик даражаси белгиланади.
Албатта, ҳар бир саноат корхонасида ёнғин хавфи биринчи навбатда у ерда ишлатилаётган хом ашёнинг ва чиқарилаётган маҳсулотнинг ёнғинга хавфлилик даражаси билан ўлчанади. Масалан, корхона газсимон ёнувчи моддалар ишлатиб, оладиган маҳсулоти енгил алангаланувчи суюқлик ҳолатида бўлса, унда ёнғиннинг тарқалиб кетиш эҳтимоли бўлиб, бундан корхона жуда катта зарар кўриши мумкин.
Саноат корхоналарида ишлатилаётган моддаларнинг физик-кимёвий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда меъёр ва қоидалар (ОНТП 24-86) асосида барча саноат корхоналари ёнғин ва портлаш хавфи бўйича бешта тоифага бўлинади. Буларнинг А ва Б тоифалари ёниш ва портлашга мойил. В ва Г тоифалари эса фақат ёнишга хавфли деб ҳисобланади. Д тоифасида эса портлаш ва ёниш хавфи мавжуд эмас.