РАҚС БАДИИЙ ЖАМОАЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
Ҳар бир давлат муассасасининг ўзига хос бажарадиган иш доираси мавжуд бўлади. Шунингдек, маданий-маърифий муассасаларнинг ҳам ўзига хос фаолияти ва вазифалари бор. Рақс бадиий жамоалари эса маданий-маърифий муассасаларнинг асосий соҳаларидан биридир. Уларнинг вазифалари ўзига хос тартибда ижобий ёндошилган ҳолда бажарилмоғи лозим.
Ракс бадиий жамоалари ўз иши фаолиятида қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:
оммани ҳваскорлик ижодига жалб қилиш, уларнинг
маданий ижтимоий активлигини ошириш;
оммавий, маданий — маърифий тадбирларда ўз
репертуарлари билан қатнашиш;
- мумтоз рақслар, қадимдан мавжуд бўлган фолклор-маросим ва меҳнат рақсларини излаб топиш, тарғиб қилиш ҳамда ўзбек миллий рақсининг бойлиги бўлмиш буюк рақс билимдонлари, устозлар саҳналаштирган рақсларни асраш, келажак авлодга етказиш.
Рақс бадиий жамоаси биринчи навбатда кишиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, дам олишини таъминлаш, маданий активлигини оширишда ёрдам беради. Маданий қиёфасини, яъни хулқ-атворини, одоб ва аҳлоқини шакллантиришда қулайликлар яратади, ранг-баранг бадиий ҳаваскорлик фаолиятига жалб этади. Рақс бадиий жамоаси машаққатли меҳнати натижаларини оммага намойиш этиш билан биргаликда омманинг эстетик дидини оширишда, ҳаёт гўзалликларидан баҳраманд бўлишга, руҳиятини кўтаришга ёрдам беради. Ҳаётни маънавий мазмуни билан бойитади, бадиий жиҳатдан безайди. Ҳар бир ижро этилган рақс мазмунида мана шундай жиҳатлар акс этади.
Рақс бадиий санъати жамоалари халқ санъатини саҳнада тарғиб қилиш билан бир қаторда, мумтоз рақсларимиз, халқ турмуш тарзи, ахлоқ-одоби, ҳаёси, урф-одатларини акс эттирган фолклор рақсларимиз, буюк рақс билимдонлари, дарғалари саҳналаштирган мерос рақсларни асраб-авайлаш, келажак авлодга тўла-текис етказиш ишини ҳам ўз бурчи деб тан оладилар. Урф-одатлар, маросимлар, байрамлар, кўп минг киши иштирокида ўтадиган сиёсий-оммавий тадбирларга, "Наврўз", "Мустақиллик байрами" тантаналарини мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Шу боис уларнинг тарбиявий таъсири жуда кучли самараси бениҳоя каттадир. Ана шундай тадбирларда одамлар ўзига маънавий озуқа оладилар, янги фикр,янги ғоя билан яхши кайфият, ҳордиқ чиқариб янги иш кунини бошлайдилар. Урф-одатлар, маросимлар, байрамларнинг ҳамма жойда сермазмун, ранг-баранг, таъсирчан ўтишига эришиш керак. Бунда санъат турларидан, айниқса, қўшиқ, мусиқа ва рақс санъатидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Бу барча вазифаларни амалга ошириш жойлардаги балетмейстерларга боғлиқ. Балетмейстерларнинг зукколиги, билимлилиги, меҳнаткашлиги, ўз касбининг фидоийлиги, ишбилармон ва тадбиркорлиги ушбу вазифаларни бажаришда яхши самара беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |