Кўрганмисан наргиз кўзларидан чиройлироқ кўзларни?
Атрофига эътибор ила боқиб турибти у
Ёнма-ён турганлар билан хабарлашади,
Бир жойда учрашган ошиқлардек бир бирини қучади1
Агар май ичиб сен уйқуга кетсанг,
Улар бедор кўзларини сендан узолмас.
Ас-Санаубарий васф ёки мадҳи учун атрофдаги муҳитдан таниш нарсалар ажратади ва шундай чиройли тасвир қиладики, шеърхонда табиат мавжудотига катта қизиқиш уйғотади. Шундай васфлардан бири хўроз васфи:
Тунда қичқириғини бошлаган у овозини сира пасайтирмайди.
Ўзи уйқуга тўйиб тонгни даъват қилади.
Жонланиб қанот қоқиб томоғини чўзади
Ва барчани жунбушга келтиради.
Қанотлари чойшабдек осилган икки томондан,
Қора патлар орасидан кўринади оқ патлар.
Томоғини безатган маржоннинг ранги
Қизил атиргул рангидан ёрқинроқдир у.
Ҳаммаёқни кўради ўткир нигоҳи билан,
Кўзлари икки қиммат тошга ўхшайди.
Уни давлат тепасида дерсан, чунки бошида
Хусрай подшоҳлари тожидек тожи бор.
Ёки ўхшар у аскарга, лашкарбоши уруш байроғини кўтарганда,
боғлайди у оёғига темир тепки пихини.2
Қаҳрамонлик шеърияти муаллифи ал-Мутанаббийда юқорида келтирган оддий хўроз васфини учратиш амри маҳол эди. Чунки уни кўпроқ инсоннинг буюклиги, ишларининг муҳимлиги, яъни, юксак масалалар қизиқтирарди. Ас-Санаубарий эътиборли нарсаларни оддий ҳаётда топарди ва улар васф этишга арзийди, деб ҳисобларди, реал ҳаётий таассуротлардан келиб чиқарди.
Ас-Санаубарий, Қушажим, ака-ука ал-Хамидийлар ва бошқа суриялик шоирлар мумтоз шеърият ҳудудларини кенгайтирдилар, шеърларга оддий нарсалар тасвирини олиб кириб, шеъриятни ҳаётга яқинлаштирдилар.
Мумтоз араб шеъриятини ХI асрда энг юқори поғонага чиқарган шоир Абу Ала ал-Маарий (973-1058) ҳисобланади. Унинг асарларида шахсий ижод ва индивидуал муаллифлик мавқеи ўзининг такомилига етди. Шу жиҳатдан, унинг мумтоз араб шеърияти тарихидаги ўрни беқиёсдир. Ал-Маарий ўзигача бўлган даврларда тараққий этган барча фалсафий-диний таълимотларни ижтимоий тамойиллар билан уйғунлаштирган ҳолда ижодий ўзлаштирди.
Шоир ижодининг кўламдорлиги, унинг ҳақиқат ва адолат йўлидаги тинимсиз изланишлари, шахсиятида зулм ва адолатсизликка нисбатан муросасиз муносабат устунлиги билан белгиланади. Уч ёшида кўр бўлиб қолган шоир ўз умр йўли давомида аччиқ ҳаёт тажрибасидан ўтди, шу билан бирга, унинг характери шаклланишида атрофида ҳукм сурган жаҳолат, нодонлик, таассубчилик ва зўравонлик каби жамиятдаги иллатлар кучли таъсир кўрсатди. У инсонларнинг ғам-аламларига ҳамдард бўлди, турли таълимотлар орқали зулмни тугатишга йўл топишга жазм қилди, ечимини тополмай, ҳатто, аламзада бўлди, қадриятларга шубҳа билан қаради, тушкунликка берилди. Аммо шоирнинг метин иродаси унинг мағрур бошини эгишига йўл қўймади.
Ал-Маарий дастлаб ижодини шеър ёзишдан бошлади. Шоирнинг ўзи томонидан тузилган “Чақмоқтош учқунлари” (“Сақт аз-Занд”) номли илк девонида унинг мадҳ, фахр, рисо, васф, насиб жанрларида ёзилган шеърлари жамланган. Аммо девонда ўрта асрлар араб шеъриятида урф бўлган, муайян шахсга қаратилган ҳижо ҳамда шароб ва ов васфига бағишланган ҳамриёт, тардиёт жанрлари мутлақо учрамайди. Бошқалардан фарқли ўлароқ, шоир жуда камтарона ҳаётда яшаб, ҳеч қачон ижодини тирикчилик йўлига йўналтирмаган. Унинг мадҳлари дўстларига ёзилган биродарлик номалари тусини олади ёки ўта ўқимишли, билимдон, одобли ва обрўли кишилар мақтовидир.
Фахр жанрида шоир, анъанага кўра, ўзининг келиб чиқиши билан эмас, балки ақл-заковати, маънавий дунёси орқали етишганлари билан фахрланади. Шоир шеърларининг ҳар бир сатридан маънавий ҳаётни моддий ҳаётдан юқори қўйгани сезилади. Шунинг учун ҳам бу сатрлар ҳикматли сўзлар ва иборалар хазинасига айланиб борган.
Умуман олганда, ал-Маарий қайси жанрда ижод қилмасин, уни ҳар томонлама нуфузли, ўқимишли оиладан чиққанлиги, ўзи ҳам замонасида пешқадам инсонларидан бўлганлиги яққол сезилади. Шоирнинг шариат, фиқҳ, ҳадис ва бошқа мусулмон илмларидан, ислом тарихи, адабиёт, араб филологияси, умуман маънавий-маданий меросдан яхшигина хабардор эканлигини асарларида келтирган ривоятлар, қуръоний иқтибослар, илмий мулоҳазалар, мақол, масал, тарихий воқеа-ҳодисаларга, диний таълимотларга таянганидан билиш қийин эмас.
Ал-Маарийнинг шоир ва мутафаккир бўлиб шаклланишида ал-Муттанабийнинг таъсири ҳам катта. Ал-Маарий унинг шеърларини ёддан билган, уни ўз устози деб ҳисоблаган, шеърларига шарҳлар ёзган.
Ал-Маарий ижодий фаолиятининг бошиданоқ мавжуд жанрлардаги анъанавий таркибни ўзгартириб юборди. Мамдуҳ (мадҳ этилувчи шахс)нинг фазилатларини мақташда унинг тўқима фазилатларини кўкларга олиб чиқиб тавсифлаш ва сўнг ундан хайр-садақа сўраш анъаналаридан воз кечиб, унинг хислатларига асл арабий қадриятлар нуқтаи назаридан ва маънавий қийматлар кесимида ёндашади ва баҳо берди. Шахснинг фазилатларини эса ўқимишлиликда, билимдонликда, нафсни тийиш, камтарлик, ҳаёт неъматларидан оқилона фойдаланишда кўради ва, шунингдек, ҳаётда фаол мавқени эгаллаб, атрофдагиларга нисбатан лоқайд бўлмасликни талаб қилади. У арузнинг хафиф баҳрида ёзган байтларида шундай дейди:
ليس من مات فاستراح بميت انما الميت ميت الاحياء
انما الميت من يعيش كئيبا كاسف باله قليل الرجاء1
Do'stlaringiz bilan baham: |