Абу Ала ал-Маарийнинг насрий ижодида рисола жанри.
Буюк шоир ал-Маарий наср соҳасида ҳам ижод қилиб, бир мунча асарлар қолдирди. Улар фаслда “Китаб ал-фусул ва-л-ғоят” (“Фасллар ва ғоялар китоби”), “Рисолат ал-малаика” (“Малаклар тўғрисида рисола”), “Рисолат ал-Ғуфран” (“Кечиримлилик тўғрисида рисола”) ва бошқалар. Бу асарлар “тарассул” жанрида ёзилиб, ўзида тарихий-адабий, фалсафий, илмий масалаларни қамраб олади, баъзида ҳақиқатан берилган ёки тўқима саволларга жавоб берувчи ва кенг кўламли масалаларни кўтарувчи рисолалардир.
“Рисолат ал-ғуфран” адибнинг шоҳ асари бўлиб, араб насрида олдин ва кейин учрамаган бетакрор асар сифатида танилди. У қандайдир шоир Ибн ал-Қариҳнинг ал-Маарийга йўллаган саволларига жавоблар сифатида ёзилган, лекин ўзига хос композицияга эга ва икки қисмдан иборат. Биринчи қисмида ал-Маарий Ибн ал-Қариҳни аввал жаннатда истиқомат қилишини ҳикоя қилган, яъни, бу қисмда эпик асарларга хос воқеабандлик, макон ва замонда кечувчи воқеа-ҳодисалар тасвирланади ва тўлақонли бадиий воқелик яратилади.
Асарнинг иккинчи қисми бевосита ал-Маарийнинг Ибн ал-Қариҳнинг саволларига жавоб бўлиб, адиб унда турли масалалар бўйича ақлий мушоҳада, фикр юритади, ўз қарашлари, мулоҳазаларини билдиради. Жавобларда ал-Маарий турли тарихий ҳодисаларга, афсона ва ривоятларга, дин, тил, наҳв ва бошқа соҳаларга мурожаат қилади. Масалаларга ёндашишда муросасиз йўл тутади, замонасида мавжуд қарашларга танқидий кўз билан қарайди. Ўз навбатида олам, коинот тузилиши тўғрисида мулоҳазаларни баён қилади, аҳлоқий масалаларда баҳслар олиб боради. Шоирларни ҳам танқидга олади. Масалан, мадҳларда муболаға ишлатишни, ахлоқий мувозанатни бузишга, хаёл парвозини мақташда чегараланмасликни ўткир ҳажв остига олади ва мухлисни самимий бўлишга даъват этади. Шунингдек, ақл-заковатдан келиб чиқишга чақиради. Шаклда қофия ожизлигини, баъзи бузилишларни кўрсатиб ўтади. Ал-Мутанаббий ва бошқа шоирларни кучли ҳисоблаб, уларни танқидчилардан ҳимоя қилади.
Насрда ал-Маарий ўзининг услубини яратди. Унда жозибали, жонли диалоглар қўлланилган, жойида ҳазил-мутойибани ҳам ишлатади. Ал-Маарий насрда янгиланган бадиий услубни ишлатган муаллиф эканлиги боис унинг услубида сўз ўйинлари, мураккаб маънолар, сўзларни кутилмаган тарзда ишлатиш ҳоллари кўп учрайди.
Ал-Маарий “Инсон ва жамият” масаласига ёндашганда, у инсон олдида юксак ахлоқий вазифалар ва масъулият борлигини эслатади. Яъни, машҳур “Лузумиёт” девонида кўтарган масалалар насрий тарзда “Рисолат ал-ғуфран” асарида ҳам ўз аксини топган. Агар “Рисолат ал-ғуфран” асарининг иккинчи қисми ал-Маарий даврида кенг тарқалган “номалар” (“тарассул”, “расаил”) жанрининг кўриниши бўлса, биринчи қисми араб адабиёти ёзма тажрибасида учрамаган тенги йўқ эпик асар, чунки у муайян сюжет ва композицияга эга бўлиб, бош қаҳрамон саргузаштларини ҳикоя қилувчи муаллифлик ривоявий асардир.
Мазмун жиҳатдан ҳам бу асар юксак журъат билан шу давргача кўтарилмаган мавзу – жаннат ва жаҳаннам сафари мавзусига бағишланган. Рисола қаҳрамони шоир Ибн ал-Қариҳ жаннатда сайр қилиб юради ва унинг неъматларидан баҳраманд бўлади. Кутилмаганда бу ерда турли тоифа шоирларни учратади, ҳатто Жоҳилия даври шоирларини кўради. Маълум бўлишича, уларнинг ҳаммаси кечирилиб, мағфиратга учраган экан. Уларда ҳам савол туғилади – қандай қилиб Ибн ал-Қариҳнинг савоб ишларига кўп қўл урмаган ўртамиёна жаннатга кириш тарихини баён қилади ва бу билан баённинг тўғри чизиқ тартиби ўзгаради. Ўқувчи Ибн ал-Қариҳнинг ўлимидан кейин тирилиши, жаннат дарвозаси олдида кутиб қолиши, охири дарвоза посбони Ризвонга бағишлаб мадҳ ёзиши ва бир амаллаб кириб олиши билан танишади. Ибн ал-Қариҳнинг жаннатга кириши бу алоҳида қисса бўлиб, “қисса ичида қисса”ни ташкил қилади ва асарнинг ўзига хос композиция қурилишига олиб келади. Ибн ал-Қариҳнинг жаннат дарвозаси олдидаги саргузаштлари дунёвий ҳаётдаги ишларини эслатади ва бунда ал-Маарийнинг ҳажвий танқидга мойил эканлиги сезилиб турибди. Яна у Ибн ал-Қариҳнинг жаннатга фақат у ердаги нозу-неъматлар ва хизматдаги ҳур қизлар учун интилгани учун таъна қилади. Ал-Маарий фикрича, соф мусулмонни неъматлар эмас, чин эътиқод жалб этиши керак. Ибн ал-Қариҳ филолог бўлгани туфайли дуч келган шоир ва адиблар билан адабиёт, шеърият, тил масалаларини кўтаради, баҳслашади ва турли вазиятларга тушади. Уддабуррон Ибн ал-Қариҳ жаҳаннамга ҳам саёҳат қилишга йўл топади ва бу ерда ҳам жуда кўп таниқли шоирлар, адиблар, олимларни учратади. Булар ичида ҳатто машҳур шоирлар ИмрулҚайс ва Башшар ибн Бурд ҳам бор эди. Ибн ал-Қариҳ улардан жаҳаннамга тушиш сабабини бирма бир сўрайди ва ўз мулоҳазаларини билдиради. Бу ерда қолиб кетиш хавфи туғилгандан сўнг, орқасига қайтиб кетишини афзал кўради. Жаҳаннамда рўй берган воқеалар дунёвий ҳаётдаги воқеаларни эслатади ва ижтимоий танқид тусини олади.
Ал-Маарийнинг “Кечиримлик тўғрисида рисоласи” ҳануз ғарб арабшунос олимларини ўзига жалб қилиб келмоқда. Ҳатто бу асар буюк Италия шоири Дантега “Илоҳий комедия”сини яратишда таъсир кўрсатган деган тахминлар бор. Данте яшаган даврда (ХIV аср) араб маданияти ва адабиётига қизиқиш катта бўлган. Унинг намуналари билан араблар забт этган Испаниянинг жанубидаги таржимонлик фаолияти орқали кенг танишилган. Данте ислом маданиятининг илмий ва фалсафий мафкураси билан яхши таниш бўлган ва Ибн Сино, ал-Ғазолий, Ибн Рушд, Аҳмад ал-Фарғоний ва бошқалардан иқтибослар келтирган. Улар тўғрисида араб тилидан лотин тилига қилинган таржималардан маълумотлар олган1. Дантени жаҳаннамга қадимги шоир Виргилийнинг сафарида Ибн ал-Қариҳнинг жаҳаннамдаги сафарига ўхшаш тамойиллари кўп. Аммо бу борада тахминдан бошқа аниқ фикр йўқ.
Шудай қилиб, ал-Маарий насрда ҳам оригинал, ўзига хос нодир асарлар яратди. Улар унинг беназир бадиий салоҳият ва нодир истеъдод соҳиби эканлигидан далолат беради. Ал-Маарийнинг ижоди негизида инсоннинг буюк ахлоқий фазилатлар эгаси бўлиши ва ўзининг қилмишлари учун масъулият ҳис қилиши принциплари ётади. Инсонпарвар адиб ижоди араб маданияти ҳудудидан чиқиб кенг танилди, чунки уни изтиробга солган саволлар башариятни азалдан қийнаб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |