4.2. Мумтоз араб шеърияти забардаст шоирлари ижодида жанрлар турланиши
Абу-т-Таййиб ал-Мутанаббий ўрта аср араб адабиётининг энг буюк шоирларидан биридир. Унинг ижоди нафақат замондошларига, балки сўнгги даврлар, ҳатто ХХ аср янги шеърият шоирларига ҳам таъсир кўрсатиб келди, жумладан, янги давр буюк шоирлари ал-Барудий ва Аҳмад Шавқий ижодида ал-Мутанаббий анъаналари кузатилди. Замондошларидан фарқли ўлароқ, ал-Мутанаббий анъанавий жанрларга шахсий унсурлар киритди. Унинг шеърияти воқеа-ҳодисаларга, шахсий саргузаштларга, ютуқ ва йўқотишларга бой ҳаётининг акс-садоси, бошидан ўтқазган шоирлик тажрибасининг самарасидир. Шоирнинг шахсияти ўзи бир олам бўлиб, у мағрур, ҳатто такаббур, ўз ижодига бино қўйган, ўзига ишонган инсон сифатида гавдаланади.
Масалан, арузнинг “тавил” баҳрида ёзилган қасидаларидан бирида ўз ижоди тўғрисида шундай дейди:
و ما الدهر الا من رواة قصائدى اذا قلت شعرا اصبح الدهر منشدا1
Бу давр фақат қасидаларим айтгучиларидан иборат бўлди,
Агар шеър сўзласам, давр ўзи унинг куйчисига айланар.
Абу ат-Таййиб ал-Мутанаббий барча жанрлар устаси эди, аммо баъзида унинг мадҳи кўп ўтмасдан фахрга (ўз-ўзини мақташга) айланарди. Мақталган одам қолиб, шоир ўзининг келиб чиқишига, ижодига, кўрган-кечирганларига ўтиб, ўз шахсиятини марказга қўйиб кетарди. Шоир асарларида таниш, маълум образларни кутилмаган сўзлар, ибора, жумлаларга буркаб ташларди. Улар китобхонга ёки тингловчига мутлақо нотаниш, ўрганилмаган, ғайриоддий туюларди.
Бу тўғрисида филолог Ибн Рашиқ (995-1064) шундай дейди: “Ўз билимини кўрсатиш учун Абу ат-Таййиб ғалати сўзларни ишлатар эди: “У қанчалик маъноларга эътибор берган бўлса-да, шунчалик сўзларга эътибор бермас эди”. Сўнг у давом этади: “ал-Мутанаббий келиб бутун оламни тўлдирди ва одамларнинг ақлларини эгаллади”1.
Ал-Мутанаббий ўз асарларида арабларнинг тарқоқлигидан озор чекар, бирдамликка, қадриятларга қайтишга даъват этар, араблар ўз куч-қувватини йўқотганлигидан, кўп жойларда ажнабийлар ҳукм сураётганидан афсусланарди. Улар, унинг фикрича, асл арабий қадриятларнинг қадрига етмайдиган ёт унсурлар бўлиб туюларди:
Халқнинг буюклиги – унинг ҳокимларида, арабларнинг ҳокимлари ажнабий бўлса келмайди омади.
Чунки у ҳокимлар нодон, келиб чиқиши паст, ваъдасига қилмас вафо, йўқдир уларда инсоф.
Қаерга босмайин оёқ, ҳокимлари таъқиб қилар одамларни гўё улар қўйлар подаси.
Бугун кийган шойи либоси энди дағалмиш, ваҳоланки кеча ўсган тирноғига чархлаб бўларди қалам2.
Ал-Мутанаббийнинг аччиқ сўзларидан, ўткир тилидан ҳокимлар сесканиб, унинг ҳажвияси нишони бўлишдан қўрқардилар. Шоир ўзининг ҳомийси – Алеппо (Ҳалаб) амири Сайф ад-Давладан ҳафа бўлиб, Сурияни тарк этади ва Мисрда бошпана топади. Олдин Миср ҳокими, қора қуллардан чиққан Кафур уни яхши кутиб олди, ҳатто шоир унга мадҳлар ёзди. Аммо кўп ўтмай муносабатлар бузилди, чунки Кафур қонуний ворисни тахтдан тушириб, ўрнини эгаллаган золим ва жоҳил ҳоким эди. У шоирнинг кетишига рухсат бермасдан, “олтин қафас”да ушлади, юриш-туришини чегаралади. Ўз айбини билган Кафур, шоир уни ҳажв қилишидан ниҳоятда қўрқар эди. Ал-Мутанаббий бир амаллаб қочиб қутулади ва Кафурни аямасдан ўткир ҳажвга олиб, аламидан чиқди, Кафурни жоҳил ҳайвонга ўхшатди:
اريك الرضا لو اخفت النفس خافيا و ما انا عن نفسى و لاغنك راضيا
امينا و اخلافا و غدرا و خسة رجينا؟ اشحضا لحت لى ام مخازيا؟
و تعجبنى رجلاك فى النعل، اننى رايتك ذا نعل اذا كنت حافيا
و انك لا تدرى ا لو نك اسود من الجهل ام قد صار ابيص صافيا
فان كنت لا خيرا افدت فاننى افدت بلحظى مشريك الملاهيا
و مثلك يؤنى من بلاد بعيدة ليضحل ربات الحداد البواكيا 1
Сенга розилик кўрсатдим, кўнглим сирин беркитса ҳам,
Лекин бўлмадим на ўзимдан, на сендан рози.
Do'stlaringiz bilan baham: |