2.2. Умавийлар даврида жанрлар трансформацияси (ўзгариши)
Умавийлар сулоласи халифалигининг ҳукм суриши 661-йилдан бошланиб, то 750-йилгача давом этди. Унинг асосчиси Муовия халифаликнинг пойтахтини Дамашққа кўчирди ва фаолиятини юритишда араб қабилалардан чиққан зодагонларнинг кучли гуруҳларига таянди. Уларнинг ҳукмдорлиги даврида асл араб маданий анъаналари маҳаллий забт этилган халқларнинг маданиятига зид қўйилди. Шунинг учун ҳам Жоҳилия даври араб шеърияти энди бутпарастлар шеърияти сифатида эмас, балки асл араблар қадриятини ифода этувчи шеърий намуна сифатида қабул қилинди. Умавийлар халифалиги саройларига Арабистондан бадавий шоирлар ва нотиқлар таклиф қилиниб, улар ёрдамида қадимги шеърхонлик муҳитини тиклашга интилдилар. Халифа Абд ал-Малик (685-705) саройида биратўла замонанинг энг машҳур шоирлари ал-Ахтал, ал-Фараздақ ва ал-Жарир хизмат қилди. Бу шоирлар бир ҳукмдорга хизмат қилишса ҳам, ўзаро адоватда эдилар. Уларнинг ҳар бири араб қабиласидан чиққан бўлиб, халифа ва унинг яқинларини мадҳ қилиш билан бирга ўз қабилалари фазилатларини тараннум этишар эди. Яъни Ислом динининг тарқалиши ва арабларнинг ҳарбий юришлари - ғазоват даврида сўнган қабилалараро тўқнашув ва зиддиятлар Умавийлар даврида яна янгидан аланга олди. Бу вазиятда қадимги анъанавий шеърий жанрлар – фахр, мадҳ ва ҳижо қўл келиб, аввалгидай шеърий қурол вазифасини бажара бошлади.
Шоирлар Жоҳилия давридек, Дамашқ, Басра, Куфа ва бошқа араблар йиғиладиган бошқа жойларда шеърхонликлар ўтказилиб, ўз маҳоратларини намойиш қилар эдилар.
Аммо саройда шоир мавқеи анча мураккаблашди: бир томондан у ўз хомийси, тирикчилигини таъминловчи ҳукмдорга тўла тобе ва шеърларини унинг дидига мослаштириши лозим эди, иккинчи томондан у ўз қабиласи намояндаси сифатида халифанинг қабиласи билан бўлган муносабатларга қаршилик қилиши зарурияти туғилди. Шоирнинг ҳукмдор билан бўлган алоқаси энди диний асосга эмас, балки сиёсий манфаатдан келиб чиқди. Шунинг учун шеърларда олдинги самимият, садоқат ва ихлос тўғрисида гап бориши бу вазиятда қийин туюлади. Жоҳилия даври бадиий онгининг тикланиши шоирларни исломий-ахлоқий мисралардан бирмунча узоқлаштирди. Умавийларнинг ўзлари уларни Муҳаммад пайғамбарнинг ахлоқий камсуқумликка йўналтирилган васиятларига лоқайд бўлганликларида айблайдилар. Уларнинг даврида исломий аҳкомларни фақат масжидлар атрофида ташкил бўлган тор доиралардаги жамоалар сақлаб борар эди. Саройдаги зиёфатларда Исломдан олдин яшаган ИмрулҚайс, Тарафа, ал-Ааша каби шоирларнинг ҳаётдаги ҳиссий қувончлар, ишратларни тараннум этувчи шеърлари ўқиларди. Ҳукмдорни мақташга қаратилган мадҳлар билан бир қаторда ишқий ёки майни куйловчи шеърлар янграрди. Айни шу даврдан бошлаб ишқий лирика- ғазал алоҳида мустақил жанр сифатида ажралиб чиқди.
Мадҳ жанрига келсак, Умавийлар давридаги мадҳлар Жоҳилия давридаги кичик амирликлар саройларида ёзилган мадҳ анъаналаридан унча фарқ қилмас эди. Аммо янгилик бор эди, у ҳам бўлса, мавзу жиҳатидан Умавийлар ҳукми қонуний эканлиги тўғрисидаги фикрни такрор исбот қилиш тарзида намоён бўлди.
Умавийлар ўзларини “Аллоҳнинг халифалари” деб номлашар эди. Шоирлар учун халифа ва бошқа ҳукмдорларнинг жонажон қабилаларга бўлган муносабати ниҳоятда аҳамиятли бўлган. Доимо бир-бири билан рақобатда бўлган ал-Жарир ва ал-Фараздақ халифага мадҳлар бағишлаб, унинг эътиборини жалб этиш учун ўзаро талашар эдилар.
Агар халифалик пойтахтида, сарой ҳаёти муҳитида мадҳ жанри бошқа жанрлардан устувор бўлган бўлса, Арабистонда ғазал - ишқий лирика жанри анча ривож топди ва мустақил шеърий қитъа шаклида қасида таркибидаги насибдан ажралиб чиқиб, аксарият ҳолда созлар жўрлигида ижро этилди.
VIII аср бўсағасида ғазал жанрининг икки кўринишда ривож топганини кузатса бўлади: бадавий лирикаси олдинги анъаналарига содиқ қолиб, аёлга нисбатан юксак мисолий покиза муҳаббат туйғуларини тараннум этса, Хижозда “шаҳар лирикаси” номини олган ишқий лирика ҳиссий инсоний туйғуларни изҳор қилар эди.
Яна бир қадимги жанр ҳижо (ҳажв) қадимги бадавий қаҳрамонлик руҳини йўқотиб, аксарият ҳолда душманнинг устидан қўпол равишда кулиш ва сўкишларга айланди.
Анъанавий васф жанри мавзуси арабларнинг турли мамлакатларга қилган ҳарбий юришлар натижасида кенгайди. Унинг мавзулари қаторига урушлар тафсилоти, қурол, қалъаларни олиш, забт қилинган минтақаларни васф этиш каби янги мавзулар кирди. Бадавий васфига хос самимият маданият ва шеърият марказлари Хижоздан Сурияга кўчгандан кейин секин- аста йўқолиб борди, уларнинг ўрнига васфда маълум қоида ва қолипларга киритилган сунъий тамойиллар вужудга келди.
Шаҳар ва сарой шароитидаги янги муҳитда араб шеърияти ифодавий- тасвирий воситалар жиҳатидан бойиди, тахайюл парвози кенгайди, тимсоллар нозиклашиб, уларнинг жозибадорлиги ошди. Қадимий иборалар қаторига Қуръоний иборалар қўшилди. Шоирлар бадавий қасиданинг тарқоқ қисмларини мантиқий боғлаб, ундан яхлит асар яратишга интилдилар, ушбу даврдан улар ўз шеърларининг ёзиб олинишига алоҳида аҳамият бера бошладилар.
Умавийлар даври шеъриятининг марказидан уч шоирнинг ижоди ўрин эгаллади, улар: ал-Ахтал, ал-Фараздақ, ал-Жарирдирлар. Ушбу шоирлар мадҳ, фахр ва ҳижо каби жанрларда ҳукмдорликка интилган муайян сиёсий, диний ёки қабилавий гуруҳларни ёқлаб, уларнинг манфаатини ифодаловчи шеъриятни ривожланишига сабаб бўлдилар. Умавийлар сулоласи ва муқаддас шаҳарлар бўлмиш Макка ва Мадина зодагонлари ўртасида ҳукмдорлик учун кетаётган курашда бу шоирлар, асосан, Умавийлар томонига ўтиб, уларнинг халифаликка бўлган қонуний ҳуқуқини исботлаш учун турли далиллар келтирдилар. Бу шоирларнинг шеърларида Умавий халифалар сахий, тақводор, мўмин, камтарин, лафзли, қатъиятли инсонлар сифатида гавдаланди. Масалан, ал-Ахталнинг Умавийларга бағишланган қуйидаги байти мадҳ жанридан намуна саналади:
Do'stlaringiz bilan baham: |