Кўраман, сен ундан қандай қутуласан!
Жарир: Мен эса ўлимга бепарво бўлган тақдир-қисматман. Тақдир-қисмат абадийдир.
Айтчи, у билан нима рақобатлашиши мумкин?1
Бу нақоидни ал-Фараздақ ва Жарир ўртасида бўлган энг беозор нақоидлардан, деб ҳисобласа бўлади.
Жарир гўзал ишқий шеърлар ёзар эди, қуйида ушбу шеърлардан шоир ал-Ахтални ҳажв қилиб ёзган қасидасининг насиб қисмидан бир нечта байтлар келтирамиз:
يا ام عمرو جزاك الله صالحة ادى على فوادى كالذى كانا
لقد كتمت الهوى حتى تهيمنى لا استطيع لهذا الحب كتمانا
لا بارك الله في الدنيا اذا انقتعت اسباب دنياك من اسباد دنيانا2
Эй,Умм Амр, Аллоҳ сени солиҳалар қаторига қўшсин
Менинг қалбимни қайтар, олдин қандай бўлса шундай қайтаргин
Севгимни яшириб келдим, аммо у мени ақлимни олди
Энди бу севгини асло яширолмайман.
Агар сенинг дунёинг, менинг дунёим билан ришталарин узса,
Бу дунёда Аллоҳнинг барокоти бўлмас.
Ўн тўрт аср олдин ёзилган бу муҳаббат изҳори бугунги кунда ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган.
Қалтис сўз тортишувларига ўрганган Жарир бевақт вафот этган рафиқасига бағишлаб марсия ёзган ва унда ўз ҳис-туйғуларини таъсирчан ифодалаган:
لو لا الحياء لها جنى استعبار و لزرت قبرك و الحبيب يزار
ولهت قلبى إذ علتنى كبرة و ذوو الكتائم من بنيك صغار
صلى الملائكة الذين تخيروا و الطيبون عليك و الأبرر
Уят бўлмаганида тўкар эдим ёш,
Маҳбубни зиёрат қилгандек, қабринг зиёрат қилганимда,
Қалбим эзилди етиб келганда кексалик
Атрофимни ўраганда тумор таққан ёш болаларинг
Фаришталар дуо қилсин танлаганларни
Яхшилар дуо қилсин сени ва олижаноб мўминларни
Севгили аёли, болалари онасини йўқотган инсоннинг туйғу аламлари шу байтлар орқали ҳам яққол сезилиб турибди.
Умавийлар даврида рисо жанри. Бу даврда рисоларни (марсияларни) шоирлар уларга яқин азиз бўлган одамлари вафоти муносабати билан ёзишар эди ва уларда самимий туйғу изҳор этиларди. Шунинг билан бирга халифа ёки амирларга ёзилган марсиялар кўпинча мадҳлардан фарқ қилмас эди, фақат вафот шахс ёнига “бўлган”, “ўтган” феъллар қўшилиб унга аза тутган одам ўша одамнинг фазилатларидан маҳрум бўлганига ишора қилади. Яқинларга ёзилган рисоларда ҳиссиётлар самимийлиги, ҳақиқий йўқотиш изтиробининг изҳори сезилса, умумий тус олган ва саховатли шахсларга қаратилган рисоларда одатда ўтмишдан мисоллар келтириб, буюк шоҳлар номи эсга олиниб, Пайғамбаримиз ва Хулафои рошидийнларни хотирлаб, кўпинча ердаги ҳаёт фоний ўткинчи эканлигига ишора қилинар эди.
Умавий шоирлар ҳам ҳалифалар, лашкарбоши, олимларга ёки шаҳид кетганларга рисолар ёзган ва бу жанр улар даврида мустақил жанр тусини олган.
Қадимги анъанага кўра, марсия бошқа мақсад учун ёзилган жанр билан аралаштирилмас эди. Фақат марсиядан кейин панд-насиҳат ва ҳикматли сўзларга ўтилиб, масал келтириш мумкин эди. Мазкур рисода Жарир бу одатни бузади. Шоир севимли рафиқаси хотирасига битган бу таъсирчан, самимий рисо (марсия) сидан қасидада тўсатдан ал-Фараздақ ва унинг қавмини ҳажв қилишга ўтиб, уларни узундан узоқ танқид қилади, уларнинг устидан кулади. Махсус рисо жанрида ёзилган қасида байтлари энди, гўёки қасиданинг махсус ҳижо жанрида ёзилган кириш қисмига айланди.
Умавийлар даврининг ушбу уч машҳур шоирлари ҳақида адабий доираларда, ўқимишли одамлар орасида турли латифалар тарқалган эди. Кўпгина латифларнинг қаҳрамони эса Жарир бўлган эди, чунки у ўзига бино қўйган, шуҳратпараст, камтаринликдан узоқ одам эди.
Таниқли рус арабшунос олими И.М. Фильштинский ўзининг “ Арабская литература в средние века” китобида ана шундай латифалардан бир нечтасини келтиради. Биз ушбу латифалардан иккитасини иқтибос сифатида келтирамиз: - бир куни халифа Абд ал-Малик Жарирдан шоирлардан Тарафа, Зуҳайр, ИмрулҚайс, Зур-Румма, ал-Ахтал ва ал-Фараздақ тўғрисида ўз фикрини айтишини сўради. Жарир бирин-кетин уларнинг ҳаммасини мақтади. Халифа шоирнинг жиғига тегиб, уни жунбушга келтирмоқчи бўлиб дебди: “Сен уларни шунчалик мақтадингки, ўзингга ҳеч нарса қолдирмадинг”. У жавоб берибди: “Ҳақиқатда, эй мўминлар амири, мен шеъриятнинг улар чиқиб ва қайтиб келадиган шаҳариман. Насибда энг жонлиман, ҳажвда энг қаҳрлиман, умуман, мен ҳамма шеър кўринишларида ҳам аъломан, бошқа шоирлар эса фақат қандайдир бирида яхшидир”.1
Бир куни шуҳратпараст Жарир бир филолог олимдан сўрабди: “ Ким яхши шоир, менми ёки ал-Фараздақми?”. “ Сен авом, оддий халқ назарида ал-Фараздақдан устун турасан”,- жавоб берибди филолог, - “аммо олим одамлар назарида сенинг шеърларинг ал-Фараздақ шеърларидан қолишади”. “Ғалаба!”- деб қичқирибди Жарир, - “чунки юзта одам орасида битта олимни ҳам топа олмайсан”.2
Жарирнинг шеърлари эркинлиги ва самимийлиги билан ажралиб турса, ал-Фараздақ шеърларига тантанаворлик ва ҳашаматлилик хос эди. Жанрлар борасида эса Жарир ҳажвда, ал-Фараздақ фахрда, ал-Ахтал мадҳда ижод қилишни афзал кўрар эди. Шу билан бирга, бу шоирлар бир томондан ўз қабилаларининг Умавийлар саройидаги сиёсий намояндалари бўлсалар, бошқа томондан эса шу саройнинг шеърий жарчиси сифатида сулола сиёсатини тарғиб қилиб, шу хизмати учун мукофот олар эди.
Умавийлар даврида бу шоирларга қарши туриб, муайян сиёсий ва диний гуруҳларнинг мавқеини ифодалаган шоирлар ҳам бор эди. Улардан энг машҳурлари қурайший Убайдуллоҳ ибн Қайс ар-Руқаят, ат-Тириммоҳ ибн Ҳаким, шиалардан чиққан шоир ал-Кумайт ибн Зайд. Бу шоирларнинг шеърияти асосан мадҳ жанрида ёзилган, фақат бағишлов сифатида бошқа шахсларга йўналган. Бу шоирлар шеърларининг руҳияти ва тасвирий-ифодавий тизими ўша давр шеъриятига қўйиладиган талабларга тўла жавоб берар эди, чунки бу талаблардан чекиниш мадҳ санъатида яхши дид деб саналмас эди.
Мазкур шоирлардан ташқари бадавий шеърияти анъаналарига берилган Зур-Румма (696-735) ва ота-бола ал-Ажжожларнинг номини зикр этиш лозим. Бу шоирлар мадҳ ва ҳажв жанрида кам ижод қилганлар, бироқ бадавий муҳит, бадавий руҳиятни сақлаш ва уни васф этишда уларнинг тенги йўқ эди. Бу шоирларнинг асарлари мутолаа қилинганда Жоҳилия даври тўла намоён бўлади, замон ҳаракати умуман сезилмайди. Зур-Румма табиат манзарлари ва ҳайвонот олами васфи билан шуҳрат қозонган.
“Бадавий шоирлар” Зур-Румма ва ал-Ажжожлар номи билан яна қадимий шаклда ёзилган қасидалар - уржузаларга қайтиш ҳам боғлиқ. Уржуза ражаз вазнида ёзилиб, анъанавий қасидадан якка қофиядан воз кечиш ва байтнинг ўзида мисраларнинг қофияланиши билан фарқланиб туради. У араб шеъриятининг дастлабки вазни саналади. Ражаз вазнида ёзилган қасидалар (уржузалар) фақат Умавийлар даврида тўлиқ ривожланди. Яхлит қофиядан воз кечиш ва мисраларнинг ўзаро қофияланиши қасиданинг ифодавий имкониятларини кенгайтирди, аммо унга тўла амал қилиш шоирларда ортиқча қийинчилик туғдирди.
Do'stlaringiz bilan baham: |