Тишим ғичирлатиб бармоқларим тишладим.
Дунё гулшанидан бўлибман ақлим озиб мажнун
Бутун умрим ўтқазибман истаклар ичра
Аммо энди содиқ бўлсам зуҳудликка, унинг билан
Аҳли зуҳудга бўламан қалқон.
Одамлар мен тўғримда яхши ўйлашар,
Аммо мен, авф этмасанг ёмон хулқликман.
Шеърдан кўриниб турибдики, шоир зуҳдиётда берилганлигига қарамай, ўз вақтида дунёвий ҳаётни севган, у билан орзулар боғлаган, кейин эса зуҳдиёт жанрида чиройли шеърлар ёзиб, ҳатто эшитганларни йиғлатган. Абу-л-Атаҳия шеърларининг тили нисбатан содда, услуби очиқ, енгил. Араб адабиётида кенг тарқалган кинояни (метонимия маъносида) шоир моҳирона ишлатган. Масалан, надомат ҳиссини кўрсатиш учун “тишини ғичирлатгани”, “бармоқларини тишлагани” орқали ифодалайди.
Ҳақиқатда, Абу-л-Атаҳия балки дунёвий ҳаётнинг баъзибир томонларига хирс қўйган, балки ўзининг орзу-истаклари бўлган. Аммо унинг ижодида янгиланиш ҳаракатининг энг машҳур шоири Абу Нувос каби гўзал Ироқ қизининг васфига бағишланган қуйидаги оҳангли шеърлар каби шеърлар учрамайди:
و ذات خد مورد قوهية المتجرد
تامل العيد منها محاسنا لبس تنفد
فبعضها قد تناهى و بعضها يتولد
و الحسن فى كل عضو منها معاد مردد1
Гул юзли у куҳистонлик жонон кийиб оқ шойидан бурама кўйлак
Томоша қилмоқда у байрамни, атрофига тугалмас чирой тарқатиб.
Баъзиси такомилга етгани сари баъзиси янгидан туғилиб келар.
Ҳусн қоплаган барча аъзосин, қайта-қайта ўзин намоён қилар.
Аҳамият берсак бу қитъада шоир якка вазнга ва яхлит қофияга амал қилса-да, аммо байтнинг мисралари жуда қисқартирилган ва шу билан енгил оҳанг яратилган. Бу шакл анъанавий шаклдан силжиш эди.
Абу Нувос бу қитъада форслардан келиб чиққанини яна бир бор намоён қилди. У қаҳрамон қиз сифатида куҳистонлик гўзални танлади, яъни Ҳирот ва Нишопур ўртасида жойлашган эрон минтақаси ал-куҳистонлик қизни васф этди.
Абу Нувос, Башшар ибн Бурд ва уларнинг маслакдошлари анъанавий араб қасидалари мазмунини рад этиб, муаллифлари устидан кулар эди. Қуйидаги мисраларда Абу Нувос асл саҳровий араб шоирини мазах қилади:
عاج الشقى على رسم يسائله و عجت اسال عن حمارة البلد
تنكى على طلل الماضين من اسد لادر درك قل لى من بنو اسد؟
لا دردر الذى يبكى على طلل و لا صفا قلب من يهفو الى و تد2
Айланиб ул бечора излар устига борди ва саволга уларни тутди.
Мен эса айландим шу жойдаги май дўконини сўра,
У йиғлади асад қабиласидан қолган ўтмиш вайроналари устида,
Дедим: тўкма кўз ёшинг, айт менга “ким у Бану Асад?”
У кўз ёш эмас, кимки йиғласа ҳаробалар устида
Қалби пок эмас кимки чопса қозиқ томон.
Абу Нувос қачонлардир ўтиб кетган қабиласи харобаларига бориб, қолиб кетган от қозиғини кўриб кўз ёшларини тўкаётган ўз замонаси “асл” араб шоири устидан кулиши ва ким у “Бану Асад” деб истеҳзо билан сўраши уни бадавий қадриятлардан воз кечгани нишонасидир. У ва маслакдошлари гўзаллар, май, дўстона зиёратлар, қасрлар ва бўстонларни васф этишни саҳро ва харобаларни тавсиф этишдан афзал кўришар эди, чунки улар учун бадавий ҳаёт мутлақо бегона эди.
Янгиланиш шоирлари яна бир жанрни – сатира жанри – ҳижо (ҳажв)ни янги поғонага олиб чиқишди. Улар қалами остидан энди рақибнинг жисмоний камчиликлари устидан беодобча кулишга қаратилган шеърлар эмас, балки нафис ибораларга ўралган, нозик ҳис–туйғуларга тегувчи ва шунинг билан қаттиқроқ жароҳатлантирувчи ҳажв шеърлари пайдо бўлди. Бу борада айниқса Башшар ибн Бурд (714-783) кучли шоир эди. Амударё тепасида жойлашган минтақада туғилган Башшар ибн Бурд форсларга мансуб, деб ҳисобланади. Шунинг учун у шуубия ҳаракатининг тарафдори, яъни бошқа мусулмон халқларини асл араблар билан тенг кўрилишига даъват қилар эди. Шоир араб шеърияти тузилиш анъаналарини махсус ўрганди, яхши ўзлаштирди. У ўзини машҳур араб шоирларидан юқори қўяр эди. Айнан у биринчилардан шеъриятда хамриёт, тардиёт, ғазал жанрларни такомиллаштирди ва янги образлар билан бойитди. Навқирон даврини 30 ёшгача Басра маданий муҳитида ўтказди ва бу муҳитда мутакаллимлар, муътазилийлар, филолог олимлар доирасида дунёқараши кенгайди, билими ошди. Башшар ибн Бурд араб маданияти билан форс маданиятини уйғунлашувига катта ҳисса қўшган шоир. Умрининг охиригача у ўзини форслардан бўлганлиги билан фахрланар эди ва бу ҳиссиётини фахр жанрида ифода этди. Ҳижоларида ўзининг келиб чиқишини беркитган кимсаларни қаттиқ танқид остига олди. Қанчалик араб маданиятига ёндашмасин қадимги Эрон ақидалари унга яқин эди. Шеърларида олов ва лой мавзуси кўп жой эгаллайди. Анъанавий жанрларда-мадҳ жанрида олий ҳукмдорларни катта маҳорат билан олқишлар эди:
Do'stlaringiz bilan baham: |