1.2-§ Радиотўлқинларини узатиш ва қабул қилишнинг таркибий схемаси
Умумий радиолоқа схемаси
Одам нутқини радиотўлқинлар ёрдами билан муайян масофага юбориш учун товуш тебранишларини электр тебранишларига, электр тебранишларини эса антенна ёрдами билан электромагнит тўлқинларига айлантириш, сўнгра қабул қилувчи пунктда мана шу электромагнит тўлқинларини яна товуш тўлқинларига айлантириш мумкин эмасмикин, деган савол туғилади.
Товушни вужудга келтирадиган тебранишлар паст частота тебранишлари ҳисобланади ва одатда 75 дан 3000 гц (герц) ўртасида бўлади. Бундай тебранишлар узунлиги 4000 дан 100 километрга қадар борадиган тўлқинларни вужудга келтиришини осонгина аниқлаш мумкин. Антенналар эса ўлчами тўлқин узунлиги билан бирхил бўлгандагина электромагнит тўлқинларни эффектив равишда тарқата олиши мумкин. Шунинг учун ҳам тебранишларни бундай узун тўлқинларда амалда узатиб бўлмайди.
Узунлиги бир неча юз метрдан ошмайдиган антенналар қуриш мумкин эканлиги ҳисобга олинса, у ҳолда узунлиги бир неча километрдан ошмайдиган тўлқинлардан фойдаланиб радиоалоқа қилиш мумкин эканлиги ўз-ўзидан маълум бўлиб қолади. Бундай электромагнит тўлқинлари частотаси товуш тебранишининг частотасидан кўп марта ошиқ бўлган тебранишлар ёрдамида вужудга келтирилади. Товуш частотаси
тебранишларини ёки шартли сигналларни уларнинг ёрдами билан юбориш учун юқори частота токининг амплитудаси, частотаси ёки фазаси юборилаётган товуш частотаси тебраниши қонунига мувофиқ ўзгартирилади. Ток амплитудаси, фазаси ёки частотасининг ўзгариши ёҳуд узатишда муайян дастурпрограмма бўйича узилишлар киритилиши модуляция деб аталади.
Расмда юборилаётган товуш сигнали ва амплитудали -модуляцияланган тебранишлар графиги келтирилган; бундай тебранишлар узатилаётган сигнал қонунига кўра, юқори частота тебранишлари амплитудасини ўзгартириш йўли билан ҳосил қилинади.
Шундай қилиб, ҳар қандай радио тўлқин узатувчи қурилма уч асосий элементдан: ўзгарувчан э.ю.к. генератори, модуляция рўй берадиган асбоб ва антеннадан ташкил топиши керак.
Қабул қилувчи пунктда электромагнит тўлқинлари энергиясини электр тебранишлар энергиясига айлантирувчи қурилма, яъни қабул қилувчи антенна бўлиши керак. Қабул қилувчи пунктдаги антеннага ҳар хил частоталар билан ишлайдиган узатувчи қурилмалар тарқатган электромагнит тўлқинлари келади. Фақат бир станциянинг сигналларини қабул қилиш учун турли частота тебранишларидан керакли радиостанция юбораётган тебранишларнигина ажратиб оладиган, яъни танлайдиган қурилма бўлиши лозим. Бу вазифани ҳал қилишда қабул қилувчи радиостанция частотасига созлаб қўйиладиган контурлардан фойдаланилади.
Юқори частота тебранишлари контур ёрдами билан ажратиб олинади ва улардан узатувчи қурилмадаги тебранишлар модуляцияси қонунига мувофиқ ўзгарадиган ток ёки кучланишларини олиш керак. Бу вазифани ҳал қилиш учун қабул қилувчи қурилмада махсус қурилма бўлиши керак. Бу қурилма детектор деб аталади.
Ниҳоят, ажратиб олинган сигнал айрим охирги қурилмага берилиши лозим, бу қурилма сигнални ёзиб олади ёки одамнинг уни товуш ёҳуд ёруғлик кўринишида қабул қилишига имкон беради.. Шундай қилиб, радиоалоқанинг тузилиш схемаси қуйидаги расмда тасвирланган кўринишда бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |