Тарбия тамойиллари ( принциплари ) – деб, ёш авлодни тарбиялаш мақсадидан келиб чиқадиган ва ўқувчиларни тарбиялашнинг мазмунига, методларига, усулларига қўйиладиган энг муҳим талабларни белгилаб берувчи асосий қоидаларга айтилади. Бу қоидалар ёш авлодни тарбиялаш тўғрисидаги Президент И.А.Каримов таъкидлашича, демократик жамиятнинг юксалишида тарбиявий ишларнинг бой тажрибаларига суянади ва тарбиявий ишларни тўғри ташкил этишга ёрдам беради.
Мактабларнинг тарбиявий иш тажрибасида тарбиянинг қуйидаги тамойиллари (принциплари) қўлланилади:
- Тарбияда аниқ мақсадга интилиш принципи. Бунда тарбия беришда юксак ғоявийликка эътибор бериш, маънавий пок, жисмонан соғлом, ақлан теран, ўз ватанининг ҳақиқий ватанпарвари қилиб тарбиялаш.
- Тарбияни ҳаёт билан, турмуш тажрибаси билан боғлаб олиб бориш принципи. Бу принципни амалга оширишда « Таълим тўғрисида» ги Қонун (1997 й) ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури», шунингдек, 2007 йилни «Ижтимоий ҳимоя» йили деб эълон қилиш ҳақидаги Президент фармонларини ҳаётга татбиқ этиш талаб этилади.
- Жамоа ва жамоатчилик ёрдамида тарбиялаш принципи. Ўқитувчилар ва тарбиячилар ўзларининг тарбиявий ишларида ҳамма вақт ўқувчилар жамоасига ва улар орасидаги фаол ўқувчиларга суянмоғи, ўқувчиларни аҳил жамоа бўлиб, турли хил ижтимоий – фойдали ишларни бажаришга одатлантириб, жамоада дўстона ишлаш ва яшашга ўргатиши лозим.
- Меҳнат ёрдамида тарбиялаш принципи. Меҳнатдан ажралиб қолган тарбияни соғлом тарбия деб бўлмайди. Зеро, Бахоуддин Нақшбандий айтганидек: «Дил баёру – дўст ба кор», - (яъни, дилингда Оллох бўлсин, қўлинг меҳнатда бўлсин».)
- Тарбияда ўқувчининг ёши ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш принципи. Тарбиянинг мазмуни, шакли ва усуллари ҳамма ёшдаги болалар учун бир хил бўлмайди. Болаларга бериладиган тарбияда уларнинг ўзига хос ёш ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш, уларнинг характер, хулқида учрайдиган айрим ўзгаришлар, темперамент хусусиятлари тарбиячи ва ўқитувчининг диққат марказида бўлиши лозим.
- Тарбияда системалилик, изчиллик принципи – болаларга таълим беришда маъкул тартиб, мунтазамлилик қанчалик муҳим бўлса, тарбия ишида ҳам шунчалик муҳимдир. Чунки тарбия жараёни кўп қиррали ва машаққатли бўлиб, уни аста – секин узлуксиз равишда қадамба – қадам олиб бориш талаб этилади.
- Тарбияда ўқувчи шахсини ҳурмат қилиш ва талабчанлик принципи. Тарбияда ўқувчи шахсини ҳурмат қилиш ва талабчанлик – ўқувчи шахсини ҳурмат килишдир. Таниқли педагог А.С.Макаренкодан «Сизнинг тарбия системасидаги принципнинг сири нимадан иборат?» - деб савол берганларида, у: «Менинг асосий принципим – ҳамиша одамга мумкин қадар кўпроқ талаб қўйиш ва шу билан бирга, уни мумкин қадар кўпроқ ҳурмат қилиш бўлиб келган,» - деб жавоб берган. (А.С.Макаренко, Тан.пед.асарлар. М. – 1946 й).
- Тарбияда кўрсатмалилик принципи. Таълим ишлари сингари тарбияда ҳам кўрсатмалилик принципи муҳим аҳамиятга эга. Болаларга ажойиб фазилатлар ва хулқ – атвор элементлари, масалан, қандай саломлашиш, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга ёрдам бериш, кўча қоидаларига риоя қилиш сингариларни сўзлаб бериш билан кифояланмай, уни амалда намуна қилиб, кўргазмали материаллар орқали амалга ошириш лозим.
- Тарбияда ўқувчиларнинг мустақиллик ва ташаббускорлигини ошириб бориш принципи. Тарбияда ўқувчини пассив, ташаббуссиз, мустақиллиги йўқ, бўшанг қилиб тарбиялашга мутлақо қаршимиз.
- Тарбияда ижобий фазилатларга таяниш принципи – тарбиядан кўзланган мақсад – ёшларда энг яхши ва гўзал ахлоқий фазилатларни ҳосил қилишдир. Бунда бизнинг авлод – аждодларимизнинг ибратли фазилатлари асосий ибрат ва намуна бўлиб хизмат қилади.
Мавзу юзасидан савол ва мустақил топшириқлар:
1. Мактабда амалга ошириладиган тарбия жараёнининг қандай хусусиятлари мавжуд?
2. Мактабда ўқувчиларни комил инсон қилиб тарбиялашнинг ҳозирги долзарб вазифалари нималарда деб биласиз?
3. Дарс жараёнида таълим билан тарбияни бир – бирига қандай қилиб боғлаб олиб борилади?
4. Комил инсон тарбиясининг принциплари нималардан иборат?
5. Бу принциплар тарбиявий иш жараёнида қандай қўлланилади?
6. Тарбияда миллий қадриятлар, соғлом турмуш тарзи ва миллий анъаналар ҳамда ўзлигини англашни сиз қандай тушунасиз?. Шуларни изоҳлаб беринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |