4 – савол баёни: Пул ҳозирги кундаги кўриниши, ҳолати ва даражасига етгунга қадар жуда узоқ тарихий даврни бошидан кечирди. Ер юзида пулдан айирбошлаш воситаси сифатида фойдаланиб келинаётганига етти минг йилдан ортиқ вақт бўлди10. Бу давр ичида дастлабки пуллар товар, буюм, оддий металл ва қимматбаҳо металлар кўринишидан ҳозирги кунда кенг фойдаланиб келинаётган қоғоз ва электрон пуллар кўринишигача етиб келди.
Жамиятда ижтимоий – иқтисодий жараёнлар такомиллашиб ва ривожланиб боргани сари пулнинг шакли, пул ишлари ва пул иштирокидаги ҳисоб – китоблар ҳам доимий равишда такомиллашиб ва ривожланиб келмоқда.
Пулнинг ривожланишига туртки бўлган асосий омиллар қуйидагилар ҳисобланади:
1.Товар ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ва меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви.
2. Барча шакллардаги мулк қийматларининг ўсиши.
3. Товарлар олди – сотдиси бўйича айланмалар ҳажмининг ортиши.
Пул кашф этилгунига қадар одамлар (яъни турли жамият вакиллари) маҳсулотга маҳсулот айирбошлаш усули (бартер)дан фойдаланишган ва бу жамиятдаги ўзаро алмашинувга асосланган савдонинг энг биринчи ва содда шакли ҳисобланади. Лекин икки томоннинг истак ва эҳтиёжлар бир-бирига мос келмаса, бу савдо усули иш бермайди. Пул ана шу чекловни енгиб ўтиш мақсадида муомилага киритилган.
Аввалига одамлар айирбошлаш учун бозорда харидоргир бўлган арпа, какао донлари, маккажўхори, гуруч ва шунга ўхшаш бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланишган. Кейинчалик савдога олтин ва кумуш тўлов бирлиги («биметаллизм») сифатида кириб келган ва кенг тарқалган. Одатда ушбу икки металл тангалар шаклида қуйилган. Олтин ҳа, кумуш ҳам узоқ муддат муомалада бўла олгани, ихчам ва камроқ миқдорга осонгина тақсимланиш хусусиятига эга бўлганлиги учун жамиятда жуда оммалашган. Шу ҳусусиятлари сабаб, асрлар давомида олтин қиймат жамғарувчи сифатида бойликни сақлашнинг қулай воситаси ҳам ҳисобланган. Олтин миқдори чекланган бўлиб табиий равишда қиммат, кумуш эса олтиндан арзон ва миқдори кўп бўлгани учун «ликвид» (яъни доимий равишда сотилувчи ва сотиб олинувчи, яъни қисқа муддатда кўп марта қўлдан қўлга ўтувчи) пул бирлиги саналган ва одатда кундалик савдо учун фойдаланилган.
Қиймати ва ҳажми сабаб кўпчилик фойдаланувчилар олтин тангаларини сақлашда заргарларга ишонишган, чунки энг хавфсиз сақлаш тизими заргарларда бўлган. Шундай қилиб, бу хавфсиз жойлар «пул омборлари»га айланган. Олтиндан фойданувчилар ўртасидаги ўтказмаларни осонлаштириш мақсадида заргарлар томонидан олтин тилҳатлари муомалага киритилган. Вақт ўтиши билан жамиятда заргарлар томонидан тақдим қилинган олтин гувоҳномалар (сертификатлар) олтин каби қийматга эга дея тан олинган. Шундай қилиб, ушбу “рамзий пуллар” пул ривожланишининг иккинчи босқичи сифатида намоён бўлган.
Даромадларини ошириш мақсадида заргарлар уларга сақлашга берилган ва вақтинча фойдаланилмаётган олтинларни одамларга қарзга беришни бошлашган ва улар аста секин омонатчилар ва қарздорлар ўртасидаги воситачига айланишган. Заргарлар қарздорлардан фоиз ундиришар ва ўз омонатчиларига олтинларини сақлашда давом этганликлари учун камроқ фоиз тўлашарди. Ҳар йили олтиннинг озгина қисмигина (ҳисоб-китобларга кўра, 15 фоизга яқини) омонатчилар тарафидан қайтариб олинган, катта қисми эса омборхоналарда сақланишда давом этган. Заргарлар эса янада кўпроқ даромад олиш мақсадида, ўзларида сақланаётган олтин миқдоридан кўра кўпроқ миқдордаги олтин учун қарз тилҳатлари шаклидаги патталар (квитанциялар) беришни бошлашган. Буни, қоғоз ва кредит пуллар яратишнинг илк намунаси дейиш мумкин.
Қоғоз ва кредит пуллари… келинг, бу сўзларнинг таърифини (маъно-моҳиятини) кўриб чиқайлик.
Иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланувчи пул, доимий муҳокамаларнинг долзарб мавзуси бўлиб келган. Чархпалак сувсиз ишламагани каби иқтисодиёт ҳам пулсиз ишламайди. Пул деганда маҳсулот ва хизматлари учун тўлов воситаси сифатида қабул қилинган нарса тушунилади. Бугунги кунга келиб қоғоз пуллар бутун дунёда кенг тарқалган тўлов воситасига айланган.
Пулнинг энг муҳим ҳисобланувчи учта асосий вазифасини тушуниб олишга ҳаракат қиламиз:
айирбошлаш (алмашув) воситаси (бу вазифаси мавжуд бўлмаганида барча операциялар бартер кўринишида ўтказиларди);
қиймат жамғарувчи (яъни бошқа кўплаб активлар сингари у ҳам вақт ўтиши билан ўз қийматини сақлаб туради, бироқ пул бошқа активларга қараганда кўпроқ ликвидликка эга);
қиймат ўлчови (барча маҳсулот ва хизматларнинг қиймати пулда акс этади. У маҳсулот ва хизматларнинг пулда акс этишида умумий мувофиқлаштирувчи бирлик бўлиб хизмат қилади).
Пулнинг бугунги кундаги ҳолатга етгунича бўлган ривожланиш / тараққиёт босқичлари (эволюцияси):
маҳсулот (кўринишидаги) босқичи: пул, қачонлардир мўйна, арпа, гуруч ва кейинчалик олтин ва кумуш каби қимматли маҳсулот/буюмлар кўринишида мавжуд бўлган;
савдо маҳсулоти пуллари босқичи: пул, бу босқичда қоғоз пулларга айланган, бироқ бу пуллар олтин билан таъминланган ва ҳақиқатан ҳам уларни исталган вақтда олтинга алмаштириб олиш мумкин бўлган.
қоғоз пул босқичи: қоғоз ва электрон пуллар ҳамма жойда тарқалган, бироқ бу пуллар ҳаддан ташқари қадсизланиб кетмаслиги учун уларни ўта кўп миқдорда босиб чиқармаслик ҳақидаги ҳукумат ваъдасидан ташқари ҳеч нарса билан мустаҳкамланмаган.
виртуал пул ва криптовалюталар – ҳозирги кунда пайдо бўлиб, шаклланиб бораётган ушбу босқич, пул доим ҳам бир шакл ва кўринишда бўлмаслигини кўрсатади ва бу жараён айнан сиз ва бизнинг кўз ўнгимизда юз бераётганлиги эътиборлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |