17.4. Европа тикланиш ва тараққиёт банки
Франциянинг собиқ Президенти Франсуа Миттеран 1989 йилнинг 25 октябрда Европа парламентининг йиғилишида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕЕТБ)ни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Шундан сўнг 1990 йил 29 майда Париждаги келишувга асосан ЕЕТБ таъсис этилди ва бу келишув 1991 йил 28 мартдан кучга кирди.
1991 йил 15 – 17 апрел кунлари банк бошқарув кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди ва унда банк таъсисчилари бўлган 40 та мамлакат ва 2 та халқаро ташкилот, яъни Европа иттифоқи (ЕИ) ва Европа инвестиция банки (ЕИБ) иштирок этди.
ЕТТБ фаолиятининг энг асосий жиҳатларини қуйидагиларда кўришимиз мумкин. 1991 йилнинг ноябрида ЕТТБнинг Варшава ваколатхонаси очилди ва Эстония, Латвия ва Литва давлатлари банкга аъзолиги тасдиқланди. Бугунги кунда ЕТТБнинг акциядорлари 60 мамлакат, ЕИ ва ЕИБ халқаро ташкилотлар хисобланади. Умумий имзоланган капитал – 1964 млрд евро, тўланган капитал – 5,2 млрд евро.
ЕТТБнинг фаолият мақсади ва асосий вазифаси бозор муносабатларини ривожлантириш ва жаҳон иқтисодий интеграциясини чуқурлаштириш учун ташкил этиш ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан ЕТТБнинг асосий вазифаси Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида, Россия ва Марказий осиё мамлакатларида режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнларини тезлаштиришдан иборат. Бугунги кунда ЕТТБ лойихалари Европа ва Осиёнинг 27 давлатида амал қилмоқда. Бошқа халқаро молия ташкилотларидан фарқли ўлароқ, банк низомига асосан лойиха амалга оширилаётган давлатларда кўп партиявийлик, плюрализм ва бозор иқтисодиёти тамойиллари амал қилиши шарт.
ЕТТБ нинг инвестиция лойиҳалари орқали:
саноатда таркибий ислоҳатлар ўтказиш;
рақобат, хусусийлаштириш ва тадбиркорликни ривожлантириш;
молиявий ташкилотлар фаолияти ва хуқуқий тизимни барқарорлаштириш;
хусусий секторни ривожи учун инфраструктурани қўллаб қувватлаш;
корпоратив бошқарув тизимини тадбиқ этиш, шу жумладан табиатни муҳофаза қилиш масалалари молиялаштирилади.
ЕТТБнинг таркибий тузилиши ва фаолияти устидан бошқарув кенгаши, директорлар кенгаши ва банк президенти назорат олиб боради. Бошқарув кенгаши ЕТТБнинг юқори органи бўлиб, банкнинг ҳар бир аъзосидан иккитадан шахсни бошқарувчи ва унинг муовинини ўз ичига олади. ЕТТБга аъзо мамлакатлар ҳохишига қараб, бу шахслар исталган вақтда ўзгартирилиши мумкин.
Директорлар кенгашининг 23 аъзоси бўлиб, унинг иккитаси ЕИ ва ЕИБ томонидан; 6 та директор АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия ва Япония томонидан сайланади. 15 та директорлар сайлаш бир хил давлатларга тўғри келади: 4 таси донор мамлакатлар, 5 таси истисно тариқасида лойиҳа амалга оширилаётган мамлакатлар томонидан ва 6 таси донор ва лойиҳа амалга оширилаётган давлатлар келишувига кўра сайланади. ЕТТБни йиғилишларида овоз бериш тартиби акциялар улушига қараб белгиланади.
ЕТТБ устав капитали таркибида ЕИ ва ЕИБнинг квоталари 51 % ни, Марказий ва Шарқий Европа давлатлариники – 13%, бошқа Европа мамлакатлариники – 11% , бошқа аъзо мамлакатлар ҳиссасига – 24 % квота тўғри келади. Банкнинг капитали таркибида энг юқори улуш АҚШ (10%), Италия, ФРГ, Франция, Буюк Британия ва Япония (8,5 % дан) мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.
Қуйидаги расмда ЕТТБнинг 2004 – 2008 йилларда инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ажратган маблағлари ҳақидаги маълумотлар келтирилган.
ЕТТБнинг 2004 – 2008 йилларда инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ажратган маблағлари ва динамикаси, лойиҳалар сони донада, кредитлар миқдори млн. еврода.
Расмдан кўриниб турибдики, банк томонидан молиялаштирилган инвестицион лойиҳалар сони 2008 йилда 2007 йилга нисбатан 51 тага, кредитлар ҳажми қарийб 1000 млн. еврога камайган. Бунинг асосий сабаби, 2008 йилда АҚШда юз берган жаҳон молиявий – иқтисодий инқирозидир.
ЕТТБнинг кредит сиёсатига эътибор қаратадиган бўлсак, асосан аъзо – мамлакатларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шунингдек ҳамкорликда синдикат кредитларини бериш, корхоналарнинг устав капиталига инвестициялар киритиш, қимматли қоғозларни жойлаштиришни кафолатлаш, мамлакат инфрструктурасини ривожлантириш ва экспорт – импорт операциялари бўйича дастурларни қўллаб – қувватлаш масалалари алоҳида ўрин тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |