17 – БОБ
ХАЛҚАРО МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИ
17.1. Халқаро молиявий институтларига умумий характеристика
Халқаро валюта – кредит ва молия муносабатларининг институционал тузилиши ўз ичига кўплаб ҳалқаро молиявий ташкилотларни олади. Уларнинг айримлари йирик молиявий ресурс ва катта ваколатларга эга бўлиб, дунё иқтисодиёти ва молия – кредит жараёнларида бевосита ва билвосита иштирок этади. Бошқалари ҳукуматлараро молиявий масалаларни муҳокама этиш, молия – кредит сиёсати бўйича тавсиялар ва маслаҳатлар бериш ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Яна бошқалари ахборот йиғиш, муҳим валюта – кредит ва молия муаммолари ва умуман, иқтисодиётда статистик ва илмий – тадқиқот ишларини амалга оширади.
Ушбу халқаро молиявий ташкилотлар замонавий халқаро молиявий институтлари деб юритилади. Уларнинг вужудга келиши, ташкил топиши ва ривожланишининг асосий сабаби жаҳон халқаро иқтисодиётининг таборо глобаллашиб бораётганлигидир (қуйидаги расмга қаранг).
Бу институтларнинг асосий мақсади – халқаро ва маҳаллий ижтимоий – иқтисодий доирада юз бераётган мураккабликларга ва қарама – қаршиликларни бартараф этиш, юмшатиш ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга қаратилгандир.
Дунёда глобал аҳамиятга эга бўлган халқаро молиявий институтлар таркибига, БМТнинг ҳайрхохлигида ташкил этилган, ихтисослаштирилган Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ), Жаҳон банки гуруҳи, Бутунжаҳон савдо ташкилоти киради. Бу ихтисослаштирилган халқаро молиявий институтлар Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ)нинг фаолияти билан боғлиқ халқаро молиявий ва иқтисодий масалаларни ҳал этишда бевосита иштирок этади.
БМТнинг ихтисослаштирилган муассасаси – иқтисодий кенгаш – Европа, Африка, Осиё ва Лотин Америкаси учун 4 минтақавий комиссия тузган. Осиё ва Лотин Америкаси комиссиялари Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Америкалараро тараққиёт банки (АТБ)ни ташкил этилишига воситачилик қилган. Махсус жамғармалар бу ташкилотларни тўлдириб туради.
«Маршалл режаси»нинг амалга оширилиши муносабати билан 1948 йилда тузилган Европа иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти, кейинчалик Европа тўлов иттифоқининг ташкил этилишига йўналтирилган (1950 – 1958 йиллар), 1960 йилда эса иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига (ИХТР79, Париж) алмаштирилган. Ҳозирда бу ташкилот ўз ичига 32 мамлакатни олади, унинг вазифаларига – ташкилотга аъзо мамлакатарда иқтисодий ўсишга кўмаклашиш, молиявий барқарорликка қаратилган сиёсатни ишлаб чиқиш, халқаро савдони ривожлантириш, дискриминацион қарама – қаршиликларни чеклаш, ривожланаётган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш кабилар киради ИХРТ рамкасида 100 га яқин қўмита фаолият курсатади.
Уларнинг таркибига Ноқонуний йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш группаси (ФАТФ) ҳам киради. Бу ташкилот 1989 йилда ташкил этилган ва ИХРТга аъзо мамлакатлар билан ҳамкорликда ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш ишларини амалга оширади.
ИХРТнинг мақсади – эркин савдога, ёш давлатларнинг ривожланишига, аъзо мамлакатларни иқтисодий ривожлантиришга ва молиявий барқарорлаштиришга кўмаклашашишдир. ИХРТ – ўзига хос клуб бўлиб, йилига 2 марта саноати ривожланган мамлакатлар учун фикрлар алмашиш ва иқтисодий сиёсатни мувофиклаштириш, валюта – кредит ва молия сиёсатни самарадорлигини ошириш, илмий – тадқиқот ишларини ташкил этиш, жаҳон иқтисодиётининг эконометрик андозалари асосида ҳалқаро қиёслаш ва башоратларни ишлаб чиқиш борасида йиғилиб туради.
Кредитор мамлакатларнинг Париж клуби – ривожланган мамлакатларнинг норасмий ташкилотидир. Бу ерда мамлакатларнинг давлат қарзлари бўйича тўлов муддатларини бошқариш муаммолари муҳокама килинади. Бир томонлама мораториядан қочиш мақсадида (тўловни узайтириш) кредиторлар ташқи қарзларни қайта кўриб чиқиш шартлари хақида қарздорлар билан «юзма – юз» битимлар олиб боради. Клуб фаолияти 1956 йилда ташкил этилган бўлиб, Аргентина кредиторлари Парижга қарздорлар билан музокарага таклиф қилинган пайтга тўғри келади.
Париж клубининг мажлисларида ХВЖ, Жаҳон банки ва бошқа йирик молиявий институтлардан кузатувчилар иштирок этишади ва кўпинча ташқи қарзларнинг жорий йилда тўланиши лозим бўлган қисми кўриб чиқилади.
Хусусий банк – кредиторларнинг норасмий Лондон клуби 1976 йилдан фаолиятини бошлаган бўлиб, қарздор мамлакатларнинг хусусий ташқи қарзларини тартибга солиш муаммоларини муҳокама қилади. Лондон клуби ХВЖ ва Париж клуби билан иқтисодий ҳамкорлик олиб боради.
1970 – йиллардан бошлаб давлатларо молиявий – иқтисодий муаммолар дастлаб “еттилик”, кейинчалик Россиия Федерцияси қўшилгандан сўнг “саккизлик”, Белгия, Нидерландия, Швецария ва Швеция қўшилгандан кейин “ўнлик” давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасида ҳал этилиши йўлга қўйилди. “Ўнлик” мамлакатлар раҳбарлари йиғилишида асосий эътибор халқаро валюта – кредит масалаларига қаратилади ва “ҳар ким ўзи учун”, яъни марказга интилиш тенденцияларига қарама – қарши бўлган ҳалқаро ҳамкорлик ва либерализм тамойиллари асосида иш кўришга интилади.
Ҳалқаро молия институтлари, Ҳалқаро хисоб – китоблар (ҲҲКБ, 1930 йил) банкидан ташқари, асосан иккинчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўлган.
Бу давлатлараро институтлар мамлакатларга кредитлар бериш, жаҳон валюта тизимининг амал килиш тамойилларини ишлаб чиқиш, ҳалқаро валюта – кредит ва молия муносабатларини давлатлараро тартибга солиш билан шуғуллансада, уларни ташкил этилишининг туб сабабларидан бири ривожланаётган мамлакатларда сиёсий мустақилликни жорий этиш, уларнинг халқаро доирадаги иштирокини фаоллаштириш, миллий иқтисодиётда вужудга келаётган муаммоларни минатқа ва халқаро даражада ечиш масалаларига қаратилган.
Шу билан бирга, замонавий халқаро молия институтларининг вужудга келишига қуйидаги омилларни келтириш мумкин.
Халқаро иқтисодиётда молиявий барқарорликни таъминлаш борасида кучларни умумлаштирган ҳолда ҳамкорликда фаолият юритиш.
Давлатлараро валюта ва молия – кредит сиёсатини тартибга солиш юзасидан халқаро андозаларни яратиш ва амалиётга жорий этиш.
Ҳамкорликда жаҳон валюта ва молия – кредит сиёсати юзасидан стратегик тактикани ишлаб чиқиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |