ПРОФИЛАКТИК ФАОЛИЯТНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИНИНГ ПСИХОЛОГИК ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ
ИИВ Академияси 3-ўқув курси курсанти
Нуриддинов Шахзод Аловиддин ўғли
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида давлат мустақиллиги шароитида бошқарув идоралари тизимида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ички ишлар органларининг куч ва воситаларини ҳудудий жиҳатдан бириктирилиши жамоат тартиби ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга имкон берди. Энг муҳими, куч ва воситаларнинг бундай тақсимланиши ижтимоий турмуш жараёнидаги ўзгаришлар оқибатида рўй бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларни олдиндан билиш ва зудлик билан зарур чора-тадбирлар қўллашга замин яратади. Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда ходимлар биринчи навбатда фуқаролар хавфсизлиги, тинчлиги, ҳақ-ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишлари ва хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашишлари талаб этилади, бу эса улардан аввало ўз касбининг билимдони, устаси бўлишни талаб қилади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси — ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлари тизимидир. Профилактика инспекторлари ўзларига бириктирилган маъмурий ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари, мол-мулки турли хил жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан боғлиқ фаолиятни амалга оширади. Профилактика инспекторининг психограммаси мутахассислар томонидан таҳлил қилинганда, ходимнинг самарали фаолият олиб бориши учун қуйидаги психологик сифатлар бўлиши талаб этилади:
касбий кузатувчанлик;
зиддиятли ҳолатларда ўзини бошқара олиш қобилияти;
ўз атрофида одамларни жамлай олиш ва уларнинг ишончига кира олиш қобилияти;
инсон ҳаётига эътиборли бўлиши ва уни кузата олиши;
ўз нуқтаи назарини ҳимоя қила олиш;
воқеа-ҳодисалар образини фикран қайта тиклаш;
қарама-қарши маълумотлардан хулоса чиқара олиш уқуви;
инсоннинг ташқи кўриниши ва хатти-ҳаракатларини эсда сақлаб қолиш;
бегона инсонлар билан тезда психологик алоқа ўрната олиш қобилияти.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти психологиясининг мақсади – ички ишлар органлари ходимлари фаолиятининг тараққиёт қонуниятлари, турли ҳуқуқбузарликка мойил ва ҳуқуқбузар тоифадаги шахслар билан ўзаро муносабатлар жараёнида психологик билимлардан фойдалана олиш кўникма ва малакаларини шакллантиришдан иборат.
Профилактика хизматида фаолият олиб бораётган ички ишлар органи ходими профессиограммасида унинг шахсий сифатлари, кўникма ва малакаларини, намоён этувчи фаолият кўринишлари мавжуд, булар:
ижтимоий фаолият;
конструктив фаолият;
ташкилий фаолият;
тасдиқловчи фаолият;
коммуникатив фаолият;
қидирув фаолияти.
Шу муносабат билан, бундай шарафли вазифаларни бажариши учун олий маълумотли, ташкилотчилик ва ташаббускорлик хусусиятларига эга бўлган, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан етук бўлган малакали мутахассислар профилактика инспектори лавозимига тайинланадилар.
Профилактика инспектори шахсининг психологиясини ўрганишдан олдин «шахс» тушунчасига психологик тавсиф бериш лозим:
«Шахс» тушунчаси кенг ва кўп қиррали. Шахсни у ёки бу йўналишда бир қатор фанлар: фалсафа, тарих, педагогика, социология, тиббиёт ва психология ўрганади. Психология фани бошқа фанлардан фарқли ўлароқ, шахснинг ички дунёсини, бошқача айтганда, унинг руҳий жараёнларини, ҳиссий-иродавий ҳолатларини, индивидуал психологик хусусиятларини тадқиқ қилади.
Психология фанида шахс муаммосини ўрганиш бўйича турли назариялар мавжуд бўлиб, уларга биогенетик, социогенетик, психогенетик, когнитивистик, психоаналитик, бихевиористик каби қарашлар, ёндашувлар киради.
Шахс психологиясининг ривожланиши муаммосини ўрганишга Россиялик таниқли олимлар Л. С. Выготский, С. Л. Рубинштейн, П. П. Блонский, Б. Г. Ананьев, А. Н. Леонтьев, А. Г. Ковалев, Л.И.Божовичлар ўзларининг ҳиссларини қўшганлар.
Профилактика инспекторлари касбий фаолияти жараёнида турли воқеа-ҳодисаларга нисбатан муайян муносабат билдириб, ҳиссиётларини у ёки бу тарзда намоён этадилар. Ходим психологиясида намоён бўладиган бундай руҳий ҳолатлар воқеаликда содир этилган ҳодисалар таъсири натижасидир. Бу эса, ўз навбатида, ходимнинг ўзига хос индивидуал психологик хусусиятларини билдиради ва у ҳақидаги бирламчи тасаввурларни англашга ёрдам беради. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ички ишлар органлари ходимларининг профилактик фаолиятини самарали олиб боришига тўсқинлик қиладиган кўрсаткичлар мавжуд: индивидуализм, шахслараро муносабатлар ва ижтимоий ўзаро ҳаракатлар тизимини бузувчи ижтимоий бегоналашиш; пешқадамликка (лидерликка) интилишнинг кучлилиги ва қатъиятлилиги; фаолият мақсадига эришиш мотивларининг паст даражаси; иродавий жараёнлар ва иродавий интилишларнинг етарли даражада эмаслиги; психологик оғишларнинг мавжудлиги ва бошқалар.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР.
Асямов С.В., Пулатов Ю.С. Ички ишлар идоралари ходимларининг касбий-психологик тренинги. –Т., 2002. – Б.44.
Арифходжаева И. Х. Ички ишлар идоралари ходимлари психологияси. – Т., 2008. – Б.134.
Васильев В. Л. Юридическая психология. – М., 2005. – С. 77.
Столяренко А. М. Психологическая подготовка сотрудников ОВД. – М., 1997. – С.20.
Военная психология / Под ред. А.Г.Малакова. – М., 1999. – С. 82.
Do'stlaringiz bilan baham: |