Маъруза № 6. Бегоналашиш психологик муаммо сифатида
Деструктив хулқ феноменал ҳодиса сифатида
Деструктив хулқнинг бир кўриниши бўлган жиноятчилик ижтимоий-тарихий тараққиётнинг ҳар бир босқичида салбий оқибатларга олиб келувчи, жамиятни ташвишга солувчи феноменал ҳодиса сифатида тадқиқотчиларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келган. Чунки жамоат тартибига, жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар ижтимоий тузумнинг яхлитлигига таҳдид соладиган, унинг фаровонлигига, барқарорлигига путур етказадиган аксил хулқ-атвор кўринишлари жиноятчиликда мужуассамлашади.
Жаҳон мамлакатларида жиноятчилик муҳим муаммолардан бирига айланганлиги туфайли ўтган йиллар билан таққосланганда, жиноятнинг миқдорий ортганлиги ички моҳияти бўйича ўзгаришлар юз берганлиги қайд қилинмоқда. Аёллар ва балоғатга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг бироз кўпайиши кенг жамоатчиликни, халқ таълим тизими ходимларини, ота-оналарни, хуқуқ-тартиб ташкилотлари мутахассисларини ташвишга солмоқда. Айниқса, вояга етмаган ёшлар жиноятчиликнинг олдини олиш учун, биринчидан, криминология, психокриминалистика соҳаларининг илмий имкониятларини башорот қилиш, иккинчидан, психология фани методлари, методикалари самарадорлигини ташхис қилиш, учинчидан, педагогика, социал педагогика тармоқлари татбиқийлигини назарий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш, тўртинчидан, инсоншунослик фанлари ютуқларига асосланган ҳолда таълим тизимини амалга ошириш, хулқ-атворида оғиш сезилган ўқувчилар билан махсус тарбиявий тадбирларни изчил йўлга қўйиш, бешинчидан, балоғатга етмаган ёшлар ўртасида қонунбузарчиликни барҳам топтириш учун давлат аҳамиятига эга бўлган дастур ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, олтинчидан, улар жиноятчилигининг олдини олишга мажмуавий ёндашув ижобий натижалар беришининг стратегияси ва тактикасини яратиш айни муддаодир.
Кейинги йилларда балоғатга етмаган жиноятчи ва қонунбузарлар (қоидабузарлар) психологик хусусиятларини тадқиқ этишга нисбатан қизиқишлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Жиноятчи балоғатга етмаганлар психологияси назарий-услубий томондан ўрганилибгина қолмасдан, балки уларнинг хулқ-атвор, характерологик хусусиятларини (иллатлари, салбий кўринишларини) тузатишнинг психологик, психотерапевтик усуллари, воситалари, технологиялари амалиётга жорий қилинмоқда. Бундай фаолият нафақат қонунбузар ўсмирлар тарбияланаётган махсус мактабларда, балки жазони ижро этиш колонияларида ҳам амалга оширилмоқда.
Лекин жазони ижро этиш колонияларидаги маҳкум балоғатга етмаганларнинг ўзини ўзи баҳолаши, ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан муносабатлари, ижтимоийлашув ва такрорий ижтимоийлашув жараёни, унга мойилликнинг психологик хусусиятлари жуда кам ўрганилган. Колонияларда ҳукм муддатини ўтаётган балоғатга етмаганлар билан психологик, психотерапевтик хизматни жорий қилиш замон, давр талабига жавоб бермайди.
ХХI асргача олиб борилган психологик тадқиқотлар, асосан вояга етмаганлар инспекцияси рўйхатида турган, деструктив хулқ субъектлари устида олиб борилган. Аксарият тадқиқотларда қонунбузар вояга етмаган ёшларнинг хулқ-атвор мотивацияси, эҳтиёжлари, қизиқишлари, характер хусусиятлари ўрганилган, холос.
Психология фанида жиноятчилик муаммоси
Биоижтимоий мавжудот сифатида таърифланган инсонлар гоҳо ижтимоий талабларга аксил хатти-ҳаракатларни намоён қилишади, баъзилари эса бундай хулқ-атвор унсурларини турмуш тарзига айлантиришган. Баъзи ҳолларда ижтимоий тартиб-интизомни бузувчи, қўпорувчи балоғатга етмаган ёшлар кузатилмоқда. Жиноят бир томондан қонунлар билан назорат остига олинади, иккинчи томондан унинг биологик, психологик, социологик сабаблари тадқиқ қилинади, учинчи томондан эса жиноятнинг олдини олиш чора ва тадбирлари изланилмоқда. Жиноий хатти-ҳаракатларни ўрганган тадқиқотчилар турлича таълимотлар яратмоқдалар ва оригинал ғояларни баҳс-мушоҳада майдонига олиб кирмоқда.
Адабиётлар таҳлилининг кўрсатишича, жиноятчиликни тушунтириб берувчи таълимотлар ва ёндашувларни учта (психологик, биологик, социологик) гуруҳга ажратиш мумкин. Қуйида ушбу ёндашувларнинг қисқача таҳлили, талқини, тавсифи берилади.
Жиноятчилик тўғрисида биологик ёндашувлар
Жиноятчиликка биологик ёндашув таълимоти талқинига қараганда, одамларнинг тана тузилиши хусусиятлари ва мижозлари уларни жиноятга йўналтиради. Бундай нуқтаи назарнинг дастлабки вакилларидан бири ҳисобланган Ломброссо жиноий ишга мойилликнинг ирсий (наслий) эканлигини ва жиноятчи бўлиб туғилганлар одамзотнинг ибтидоий ота-боболари билан биологик ва физиологик жиҳатдан ўхшашлик мавжудлигини кўрсатувчи ғояни илгари сурган. Ломброссонинг мулоҳазасигача, жиноятчи бўлиб туғилганлар узун бўйли, қисқа ва қалин иякли, сийрак соқолли каби биологик хусусиятларга эгадир.
Биологик ёндашувнинг яна бир вакили Шелдон инсонларни тўрт гуруҳга ажратиб кўрсатади: 1) эндоморфлар – семиз, бўйин эгувчи ва жисмоний фаолиятларга мойиллик кўрсатмаганлар; 2) мезоморфлар – қалин суякли, мушаклари ривожланган, атлетик тузилишга эга, жисмоний фаол, ўзини мажбурлаб қабул эттирувчи ва журъаткор типлар; 3) эктоморфлар – озгин, узун бўйли ва интровертлар; 4) мувозанатли тоифалар – эътиборни тортмайдиган хусусиятларга эга аралаш тоифалар. Шелдон 200 та жиноятчи устида тадқиқот олиб бориб, уларнинг 60 фоизи мезоморф тоифада эканлигини аниқлаган.
Ўтмишда амалга оширилган бунга ўхшаш тадқиқотлар жиддий бир услубий муаммоларнинг заифлиги, инсон танаси, физиологияси ва мияси билан боғлиқ маълумотларнинг камлиги ва жиноий хатти-ҳаракат сабабларини тушунтиришда рационал мулоҳазаларни таклиф этишда ожизликлари сабабли ўз қийматини йўқотган. Кейинги йилларда эса генетиклар, биохимиклар, неврологлар, эндокринологлар ва психофизиолог-ларнинг инсон феъл-атвори устида олиб борган кўплаб илмий изланишлари бу ёндашувдаги тадқиқотларнинг такрор авж олишига олиб келмоқда. Навбатдаги саҳифаларда жиноий хатти-ҳаракатнинг ирсий томонлари билан боғлиқ тадқиқот натижаларини таҳлил қиламиз.
Ирсият билан жиноятчилик ўртасидаги алоқадорликни тадқиқ этган илмий изланишларни уч гуруҳга бўлиш мумкин. Булар: 1) оила ўтмишини ўрганган тадқиқотлар; 2) авлодликка олинган болалар устида ўтказилган тадқиқотлар ва 3) эгизакларни ўрганган тадқиқотлар. Жиноятга мойиллик ва ирсият ўртасидаги алоқадорликни аниқлашга қаратилган илк тадқиқотлар, оила ўтмишини таҳлил қилишга багишланган. Жиноят қилганларнинг оилавий илдизларига эътибор берилганда, бу кишиларнинг олдинги аждодлари ичида ўхшаш жиноятларни содир қилганлар кўп эканлигини аниқлаган тадқиқотлар учрамоқда.
Авлодликка олинган болалар устида олиб борилган тадқиқотлар ҳам жиноий ишга мойилликка ирсиятнинг таъсири борлигини ўртага қўймоқда. 1977 йилда Данияда 1145 та авлодликка олинган ўгил болалар устида олиб борган тадқиқотида: ўз биологик оталари жиноятчи бўлган авлодликка олинган болаларнинг, ўз биологик оталари жиноятчи бўлмаган авлодликка олинган субъектларга нисбатан икки баравар кўп жиноятчи бўлганликлари қайд қилинган. Авлодликка олинганлар устида ўтказилган тадқиқотлар ирсият ва муҳитнинг ўзаро таъсири муҳимлигини ўртага қўймоқда.
Жиноят ва ирсиятнинг ўзаро таъсири ҳақидаги бошқа муҳим тадқиқот соҳаси эса эгизаклар билан олиб борилган тадқиқотлар ҳисобланади. 1977 йилда нашр қилган тадқиқотида эгизаклар устида ўтказилган плмий ишларнинг натижалари таҳлил этилган. Натижаларга кўра, бир жинслн эгизакларда жиноий ишга қўл уриш хатти-ҳаракати жиҳатидан жуфтлар орасидаги ўхшашлик икки жинсли эгизакларга қараганда, икки баравар кўп эканлиги кўзга ташланмоқда. Худди ўша йили 7172 эгизак устида илмий изланиш олиб борган ва бир жинсли эгизакларда жиноий хатти-ҳаракат томонидан жуфтлар ўхшашлик 35 фоиз эканлиги аниқланган. Икки жинсли эгизакларда эса бу ўхшашлик 13 фоиз эканлиги аниқланган. Эгизаклар устида амалга оширилган сўнги тадқиқотлар жиноий хатти-ҳаракат билан ирсий омиллар ўртасида ишончли даражадаги алоқадорлик мавжудлигини кўрсатишига қарамасдан, баъзи тадқиқот натижалари тескари боғлиқлик борлигини кўрсатмокда.
Юқорида кўрсатилганидек, сўнги йилларда олиб борилган тадқиқотлар биологик тузилиш ва жиноятчилик ўртасида алоқадорлик борлигини такрор кун тартибига олиб чиқмоқда. Аммо шахс тузилиши ва атроф-муҳит омилининг ўзаро таъсирини ҳар доим, ҳисобга олишимиз керак.
Генетик омилларни ижтимоий-тарихий, ижтимоий-маданий таъсирлардан, болалик даврининг турмуш тарзидан ва уй шароити таъсиридан фарқ этиш жуда қийин. Шу сабабдан ижтимоий-маданий омилларнинг авлоддан авлодга берилиши ва авлодлар томонидан ўзлаштирилиши билан боғлиқ, тадқиқотлар жуда эҳтиёткорлик билан олиб борилиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |