XIII.3. Полиплоидларни сунъий йўл билан олиш
Полиплоидлар олишда митоз ва мейоз жараёнларининг механизмини англаб етиш талаб этилади. Маълумки, митоз ва мейоз жараёнларига ташқи ва ички муҳит бевосита таъсир қилади. Ташқи муҳит таъсирларига ҳароратнинг ўзгаришини, ионлаштирувчи нурларни, кимёвий моддалар-нинг таъсирини, механик таъсирларни ва бошқаларни олиш мумкин. Митоз ва мейознинг кетишида кимёвий моддалардан колхицин, аценафтен ва бошқа баъзи моддаларнинг таъсири алоҳида ўрин тутади.
Полиплоидлар олишда Colchicum autumnale L. ўсимлигидан олинадиган алкалоид модда ҳисобланадиган колхицин моддаси кенг миқёсда қўлланилади. Колхицин ва бошқа шу каби моддалар ўсимликларнинг биологик хусусиятларига қараб уларга турли хилдаги методлардан фойдаланган ҳолда таъсир эттирилади. Одатда колхициннинг 0,01–0,2% ли сувли эритмасидан фойдаланилади. Ўсимликларнинг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда колхицин маълум концен-трацияда ўсимликларнинг ўсиш нуқтасига, айрим ҳолларда баргларининг қисман енгил эзилган жойларига, айрим ҳолларда пояларининг эзилган жойларига сепилади. Баъзи ҳолларда ўсимлик тўқималарига инъекция қилиш йўли билан ҳам таъсир қилиш мумкин. Баъзи ўсимликларнинг илдизларига колхицин ёки бошқа моддаларни таъсир эттириш мумкин. Бунда ўсимлик илдизига модда, масалан колхицин билан ишлов берилади ёки колхицин аралаштирилган агар-агарда ўсимлик уруғи ўстирилади. Ўсимликларнинг меристематик тўқималарига юқорида айтилган усулларда ишлов берилганда ёки таъсир қилинганда полиплоид ҳужайралар ҳам ҳосил бўлади. Бу ҳужайралардан янги куртаклар ҳосил бўлганда уларнинг ҳужайралари хромосомаларнинг полиплоид тўпламларига эга бўлишади. Колхициннинг митозга таъсири шу даражада хоски, адабиётларда уни махсус атама «С-митоз» ёки «К-митоз» дейилади. Колхицин хромосомаларнинг қутбларга тарқалишига йўл қўймаган ҳолда эндомитознинг содир бўлишига олиб келади. Лекин у мутациялар хромосомаларда содир бўладиган ўзгаришларга таъсир қилмайди. Пиёзнинг илдизига колхицин таъсир эттирилганда айрим ҳужайраларда бир неча марта эндомитознинг такрорланиши натижасида хромосомалар тўпламида уларнинг сони бир неча юзлаб бўлиши мумкин. Ҳайвон ҳужайраларига колхициннинг таъсири ўсимликларникига қараганда жуда кам самарали ҳисобланади.
Полиплоидия ҳақида айтилганларни умумлаштирган ҳолда шуни айтиш мумкинки, полиплоидия табиатда жуда кенг тарқалган. Уни тубан ва юксак даражада тузилган ўсимликлар дунёсида, умуртқасиз ҳайвонларда ва кам даражада бўлса-да, юқори даражада ташкил топган ҳайвонот дунёсида ҳам учратиш мумкин. Полиплоидияни ўрганиш назарий ҳам амалий муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга. Полиплоидия ирсий ўзгарувчанлик доирасини кенгайтиришнинг энг муҳим манбаларидан ҳисобланади. Полиплоидия танланиш учун имкониятларни оширади. У турлар ўртасида тўсиқларнинг ҳосил бўлишига ва натижада янги турларнинг шаклланишига сабаб бўлади. Ўз-ўзидан чангланувчи ўсимликларда, жинссиз йўл билан кўпаювчи ҳайвонлар эволюциясида автополиплоидия, четдан чангланувчи ўсимликларда аллополиплоидия кўпроқ роль ўйнаши аниқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |