Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош
Охирги пайтлар фабрикага боришни унчалик истамасдим. Жуда зарурий ҳолларда
борар, иш ривожини ўрганиб, керакли кўрсатмаларни берганимдан сўнг қайтардим. Бир
қарашда мен фаолиятим суратини деярли тўхтатаёзган эдим. Бироқ, фабрика тинимсиз
ишларди, ишларди-ю, югуришдан тўхтаб, оғир одимларла юраётган инсонга ўхшарди.
“Етар!” дердим ўз-ўзимга.
Шу зайл ишлаши ҳам менга кўпдек туюларди. Ўлимли дунёда жуда кўп ишлаб, ортиқча
бойишнинг нима кераги бор? Ҳолбуки, бир ой олдин бошқача ўйлардим. Енгилгина
кулдим. Дунёнинг ўткинчи эканини, ўлимли дунё эканини тушуниб етгандим!
Фабрикадан вақтли қайтиб, ғалати бир хоҳиш билан қабристонга келдим. Қабристон
эшигида бир оз туриб қолдим, сўнг ичкарига кирдим. Яқин кунларда тобутда
келтирилишим аниқ бўлган қабристонга ҳозирча оёқларимда юриб келгандим...
Бу ер қабристон эди, бу ер ҳамма келадиган сўнгги манзил эди!
Қабристонни оғир-оғир қадамлар билан айланишни бошладим. Атрофимга бениҳоя
ҳайрат билан қарар, ҳамма нарсани кўришга, ҳамма нарсани тушунишга ҳаракат
қилардим. Илгари ишхона ёки фабрика қуриш учун мўлжаллаган ерга келиб, унинг ҳамма
тарафини ўрганиб чиқардим. Энди эса, тамоман бошқача фикрлар ичра бошқа
нарсаларни ўрганиш билан банд эдим!..
Қабристон жим-жит ер эди!..
Қабрлар оралаб юрарканман, қабрдагиларни ўйларканман, тирик эканимни илк бора
фарқлаётганга ўхшардим. Тириклик ҳайратланарли ҳол эди. Бирор тепаликнинг худди
тирикдек юраётганини ёхуд сакраётганини кўрсак ҳайратдан ёқа ушлаб қоламиз. Сув,
тупроқ ва тепалик сингари моддалардан иборат бўлган инсоннинг юришини, югуришини,
гапиришини эса, ўрганиб кетганимизданми, табиий ҳол дея қабул қиламиз. Фикр
танбаллиги билан эснаб, “Жони бор юради, жони бор югуради, жони бор гапиради..” деб
қўя қоламиз.
Жуда яхши, лекин ана шу жоннинг ўзи нима? Тириклик нима? Ҳар қандай бир тепаликка
жон киритишга уринсак, жон бериш у ёқда турсин, ўша бермоқчи бўлганимиз жоннинг
нима эканини, қанақа нарсалигини биламизми?
Иҳ!..
Балки бу саволнинг жавобини биз тириклар эмас, жонидан айрилган ўликлар, маййитлар
яхши билишарди. Баъзи нарсаларнинг нима экани, борлигида эмас, балки йўқолгандан
сўнг ойдинлашади. Қабристонни ҳамон оғир одимларимла кезарканман, қабрларни ва
қабрдагиларни ўйлашда давом этардим. На мен улардан, на улар мендан йироқ
эмасдилар! Ўлимга яқин турган бир инсон сифатида қабрдагиларнинг аҳволини яхшироқ
тушунар, яна ҳам яхшироқ ҳис қилардим. Ва бир муддат ўтгач, қабрдагиларнинг
нигоҳлари билан ташқарига, тирикларнинг нигоҳлари билан қабристонга боқдим.
Ҳайҳот!..
Ҳайратдан сесканиб кетдим. Бир-биридан қанчалар фарқли, қанчалар айри қарашлар
эди, улар!
Қараганини кўраётган, кўрганларини англай олаётган нигоҳлар шубҳасиз
қабрдагиларники эди! Жуда аниқ, ниҳоятда тиниқ қарашлар эди! Ташқаридан
қабристонга, қабр ичидагиларга қараган инсонлар кўриш лозим бўлганини эмас, кўришни
хоҳлаганларини кўрардилар! Баъзилари қабристондаги дарахтларни, баъзиси мармар
тошларни, баъзилари эса қабр устидаги тупроқни кўришарди. Ўзини теран ўйлаётганини
ҳис қилган баъзи бирлари эса қабр ичига кириб, кафанланган маййитни кўришарди!
16 / 59
Do'stlaringiz bilan baham: |