Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош
Сўнгра, сўнгра чексиз бир сукунат!..
Ерда ётган жасадингизга қарайсиз!..
Тириклигингизда “Менинг қўлим, менинг оёғим, менинг бошим...” дея ўзингизга нисбат
берганингиз бу гўшт тўпламининг сиздан айри, сиздан фарқли бир нарса эканини
эндигина фарқлаб етмоқдасиз!..
Уловини йўқотган суворийга ўхшайсиз!..
Неча йиллардир миниб юрган, у ёқдан-бу ёққа югуртирган отингиз энди ўлди!..
“Мен, мен...” деркан, қаст қилган нарсангиз, аслида бу от эмас, отни бошқариб юрган
суворий эканини фаҳмлайсиз, шунда!
Сизга омонат қилиб берилган шу отнинг, сизга омонат қилиб берилган жасаднинг
Яратувчиси келади ақлингизга!
“Алло-о-оҳ!..” дейсиз шунда даҳшат ичра...
Сизларга шу вужудни берган Аллоҳнинг ушбу омонатига тегишли буйруқ ва
қайтариқларини эслайсиз, ана шу онда! “Дунё ҳаётида нима қилишим керак эди, мен
нима қилдим?..” деган савол оташтош янглиғ гурсиллаб тушади устингизга...
Эзилиб кетасиз! Бирор ҳаракат қилолмайсиз, ҳатто қилт этолмайсиз бу саволнинг
остида!..
Ҳолбуки, сиз жавобини биладиган, жуда яхши биладиган бир саволдир бу! Бироқ, жим
туришни, яхшиси унинг остида жимгина эзилишни афзал кўрасиз! Чунки, тилингизнинг
учида турган жавоб, ҳаттоки тилингизниям уялтирадиган жавобдир!
Яна бир фарёд юксалади менлигингиздан:
“Алло-о-о-оҳ!..”
Сўралган ва сўралмаган барча саволларнинг ҳамма жавоблари яширинган ана шу “Аллоҳ”
дейишингизда! Менлигингиздан юксалган бу фарёд, минг афсуски, кўнглингизни хушнуд
қилган севгилига етишиш севинчини эмас, Одил ва Қаҳҳор бўлган бир ҳисоб сўровчи
билан юзлашишнинг даҳшатини акс эттиради!.. Дунё ҳаётида фақат соясини, мавҳум
соясини кўрганингиз қўрқувнинг, аниқ-тиниқ ҳақиқати билан, очиқ даҳшати билан
юзма-юз келасиз!
Ваҳимага тушасиз... Бу даҳшатларнинг барчасидан қочишингиз, қоча олишингиз,
ўзингиздан қочишингизга, қоча олишингизга боғлиқ!
Бироқ, қани эди бунинг иложи бўлса!
Сизга сиздан узоқ, сизга Ундан яқин ҳеч нарса йўқ, атрофингизда!..
Ўзингизни чорасизликнинг тиканли чоҳига ташлаб юборақоласиз! Пушаймонлик туйғуси
оловда эриган бир маъдан янглиғ оқа бошлайди ичингизга... Ўзингизни парчалаш
истагида парча-парча бўлиб кетасиз!
Ва жасадингизнинг тепасига тўпланган инсонларга қарайсиз!.. Сизга минг йилдек узоқ
туюлган шу бир дақиқалик муддат ичида сизга қараб, сизнинг ҳолатингизни кузатиб
турган кишиларнинг, жағингизни боғлаётиб, “Раҳматли индамасдан, қандай тинчгина
жон берди-я!..” деганларини эшитасиз!..
Бошқаларнинг ўлимидан ўлимнинг не эканини таниган бу инсонларнинг ўлимга қанчалар
бегона, ундан қанчалар йироқда эканини илк бора англайсиз!
Ҳа... ўлиш мутлақо бошқа бир нарса эди!
Ўлим билан ҳамма нарса эмас, фақат бир нарса тугарди!.. Ва ана шу бир нарсанинг
тугаши билан ҳамма нарса янгидан бошланар эди!..
15 / 59
Do'stlaringiz bilan baham: |