III БЎЛИМ. ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАЪЛИМ ТИЗИМИ.
ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАРИ
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни. Мустақиллик йилларида, Ўзбекистон Республикасида, узлуксиз таълими тизимини такомиллаштириш устувор йўналиш сифатида эътироф этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг IX сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунида узлуксиз таълим тизимининг моҳияти, йўналишлари, таълим мазмуни, таълимнинг ҳуқуқий асослари батафсил очиб берилган. Мазкур меъёрий ҳужжат мазмунида қуйидагилар ифодасини топган:
фуқароларга таълим, тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асослари;
таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойиллари;
ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқи;
педагогк фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи;
таълим муассасасининг ҳақуқий мақоми;
таълим тизими ва турлари;
таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш;
таълим тизимини бошқариш.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунида алоҳида урғу берилганидек, таълимни ташкил этишнинг асосий мақсади – жамиятда интеллектуал ва илмий потенциални ривожлантириш, жамият, оила ва давлат олдидаги бурчи, жавобгарлигини англайдиган баркамол ва мустақил фикрли шахсни шакллантиришдан иборат.
Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойиллари. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойиллари кўрсатиб ўтилган. Улар қуйидагилардан иборат:
таълим-тарбиянинг инсонпарвар ва демократик характерда бўлиши,
таълим тизимининг узлуксизлиги ва изчиллиги;
умумий ўрта, шунингдек, ўрта махсус, касб - ҳунар таълимининг мажбурийлиги;
умумий ўрта, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг йўналишларини танлашнинг ихтиёрлиги;
таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;
давлат таълим стандарти доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;
таълим дастурини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндошув;
билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;
таълим тизимида давлат ва жамият бошқарувини уйғунлаштириш.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида, таълим соҳасида давлат сиёсатининг асосий тамойилларидан бири таълим ва тарбиянинг инсонпарвар ва демократик характерда бўлиши кўрсатилган. Таълим ва тарбиянинг инсонпарварлашуви инсонни интеллектуал ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш билан узвий боғлиқ бўлган узлуксиз таълим тизими орқали ҳар томонлама баркамол шахсни шакллантиришни назарда тутади. Таълимни инсонпарварлаштириш шахснинг ижодий қобилиятларини рўёбга чиқаришга имкон яратади. Шунингдек, таълим жараёнида унинг маънавий-ахлоқий эҳтиёжлари, хоҳиш-истаклари ва ҳизиқишларини ҳисобга олишни назарда тутади. Бир сўз билан айтганда, таълим-тарбия жараёни шахсни ҳар томонлама камол топишини таъминлашга йўналтирилади, унинг шахсига нисбатан ҳурмат билан ёндашилади.
Таълим ва тарбияни демократлаштиришнинг мазмуни шундан иборатки, таълим-тарбия мазмунининг очиқлиги, ўқув материаллари, таълим шакл ва методларининг хилма-хиллиги, миллий ва ҳудудий хусусиятларнинг инобатга олиниши, ҳамманинг ва ҳар кимнинг маданий жиҳатдан юксак натижаларга эришишини таъминлашга имкон беради. Мазкур тамойилга амал қилиш ўқувчиларнинг хоҳишларига кўра ўқув жадвалидан қўшимча фанларнинг ўрин олиши, юқори синфларда муайян фанларнинг чуқурлаштирилиб ўргатилиши, факультатив машғулотлар ҳажмининг кенгайтириш, турли йўналишларда тўгаракларни ташкил этиш, дарсларнинг якка ва гуруҳ асосида ўтказилишига эътибор берилишини англатади.
Таълим тизимининг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойили республикада узлуксиз таълим тизимининг барча босқичлари ўзаро алоқадорлик ва боғлиқлик асосида фаолият юритишларини ифодалайди. Умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув дастурлари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг, ўз навбатида уларнинг ўқув дастурлари олий ўқув юрти ўқув дастурлари билан мутаносибликда яратилиб, бири ўзидан аввалги босқичда ўзлаштирилган маълумотни бойитади ва ривожлантиради.
Шунингдек, давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ фаолият олиб бораётган узлуксиз таълим тизими мазмунига кўра бир типдаги ўқув юртларининг биридан иккинчисига ўтиб ўқиш имконияти мавжуд. Чунончи, таълим олувчилар бир мактабдан иккинчи мактабга, бир академик лицейдан иккинчи академик лицейга бир шаҳарда фаолият юритаётган олий ўқув юртидан иккинчи шаҳарда жойлашган олий ўқув юртига ўтиб таълимни давом эттириш ҳуқуқига эгалар.
Умумий ўрта, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги тамойили ўзида, биринчидан, фанлар асослари бўйича мунтазам билим олишлари, уларнинг билимларни ўзлаштиришга бўлган эҳтиёжлари, асосий ўқув-илмий ва умуммаданий билилар, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган маънавий-ахлоқий фазилатлар, меҳнат, ижодий фикрлаш ва касб танлаш кўникмалари шакллантириш; иккинчидан, ўқувчиларнинг имкониятлари ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг жадал интеллектуал ривожланиши, чуқур, соҳалаштирилган, табаҳалаштирилган, касбга йўналтирилган таълим олишни таъминлаш; учинчидан, ўқувчиларнинг касб-ҳунарга мойиллиги, билим ва кўникмаларини чуқур ривожлантириш, танлаб олинган касб-ҳунар бўйича бир ёки бир неча ихтисосликни эгаллаш имкониятини яратишни ифодалайди.
Ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг ихтиёрийлиги тамойилининг асосий моҳияти ўқувчиларнинг янги турдаги ўқув муассасаларида таълим олиш йўналишини ихтиёрий равишда танлаш ҳуқуқига эга эканликларини англатади. Бу ики турдаги уч йиллик махсус таълим йўналишларини ўқувчилар ўз иқтидорлари ва хоҳиш-истакларига таянган ҳолда танлайдилар. Ана шу тарзда ўқувчиларнинг бирон бир шаклда билимларини такомиллаштириш, муайян касб-ҳунар эгаси бўлиб етишишлари учун шароит яратилади.
Таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги мамлакатда таълим тараққиётининг ривожи илмий асосларга эга бўлиб, у фан-техника, маданиятнинг юксала бориши билан чамбарчас ҳолда ривожланиб боришини назарда тутади.
Инсоният мавжуд экан, ҳар доим тараққиёт сари интилади ва янгидан-янги фан ютуқларини қўлга киритиб боради. Таълим тизими эса ана шу фан янгиликларини келажак авлодга етказиб беришни таъминлайди. Шу боис таълим тизимининг дунёвий характерда бўлиши талаб этилади. Шунингдек, таълим олувчиларнинг ушбу ютуқлардан оқилона фойдаланган ҳолда улардан тўғри хулосалар чиқариб, келажакда ўзларининг муносиб ўринларини топишга замин яратади.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ни Қонунининг 4-моддасида белгилаб қўйилганидек, фуқаролар миллати, тили, жинси, ёши, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, мавқеи, хизмат тури, турар жойи, Ўзбекистон Республикасида ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъий назар билим олиш ҳуқуқига эгалар. Давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги тамойили айнан мана шу ҳолатни ёритишга хизмат қилади.
Юқорида қайд этилган моддада, яна шунингдек, чет эллик фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро шартномаларга мувофиқ билим олиш ҳуқуқига эгаликлари таъкидлаб ўтилган.
Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар эса билим олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга эканлиги бу тамойилнинг инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилишини билдиради.
Республикамизда таълим, ўзбек, рус, қозоқ, қирғиз ва тожик тилларида олиб борилаётган умумий ўрта таълим муассасалари мавжуд бўлиб, бундай йўл билан барча миллатларнинг тенглик асосида билим олишига шароит яратилган. Бундан ташқари мамлакатнинг барча ҳудудларида «якшанбалик мактаблари» ташкил қилинган бўлиб, ҳар бир миллат вакиллари дам олиш куни ихтиёрий равишда ўз она тилида таълим олиш имкониятига эгалар.
Таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасида ўз ифодасини топган. Давлат таълим стандартлари умумий ўрта, ўрта махсус касб-ҳунар ҳамда олий таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилаб беради.
Давлат таълим стандартларини бажариш Ўзбекистон Республикасининг барча таълим муассасалари учун мажбурийдир. Бунинг маъноси шуки, ҳар бир таълим тури учун алоҳида давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилади, уларда кўзда тутилган талабларга амал қилиш эса мазкур босқичдаги таълим муассасаларидан бирдай талаб этилади. Аммо давлат таълим стандарти асосида таълим муассасалари ўзларининг ўқув дастурлари вариантини ишлаб чиқиб, ундан фойдаланишлари мумкин. Бу таълим олиш мақсади ягона бўлгани ҳолда, унга эришиш йўллари турлича эканлигини кўрсатади.
Билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойилларидан бири саналиб, узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида ушбу тамойилга тўла амал қилинади. Таълим олувчиларнинг истеъдод ва қобилиятлари давлат томонидан моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантирилиб борилади. Бундай рағбатлантиришлар сирасига истеъдодли ўқувчиларни фахрий ёрлиқлар, стипендиялар ҳамда мукофотлар билан тақдирлашни киритиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 25 мартдаги «Ўзбекистон ўқувчи-ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги Қарорининг қабул қилиниши ушбу тамойилни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланишини таъминлади. Мазкур қарорга мувофиқ ҳар йили ўқувчи ва талабалар ўртасида фан олимпиадалари ўтказилиб, ғолиблар турли имтиёзларни қўлга киритмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 5 февралда қабул қилинган «Ўзбекистонда ўқувчи-ёшларни рағбатлантириш чоралари тўғрисида»ги Фармонига биноан илмий салоҳият, иқтидорга эга талабалар (бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича) ҳамда тадқиқотчилик фаолиятини муваффақиятли амалга ошираётган аспирантлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиялари таъсис этилди ва ҳар йили ўн бир таълим йўналиши (техника ва информатика, тиббиёт, физика-математика, иқтисодиёт, журналистика, гуманитар, ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар, педагогика, маданият ва санъат, чет тиллар, қишлоқ хўжалиги) бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси учун танловлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, иқтидорли талабалар учун «Беруний», «Улуғбек» ҳамда «Навоий» номидаги стипендиялар жорий этилган бўлиб, уларнинг совриндорлари бўлган талабаларнинг фаолияти моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.
Бундан ташқари истеъдодли ёшларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Умид», «Истеъдод», «Республика болалар фонди», «Соғлом авлод учун», «Улуғбек» ва бошқа жамғармалар ташкил этилган. Айни вақтда давлат томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам туфайли 2000 нафардан ортиқ талабалар хорижий мамлакатларда таҳсил олиб, ўз билимларини оширишга муваффақ бўлдилар.
Юқорида билдирилган фикрлар республикада билимли бўлиш ва истеъдодни рағбатлантириш тамойилининг тўлақонли равишда амалиётга татбиқ этилаётганлигининг ёрқин исботидир.
Таълим тизимида давлат ва жамият бошқарувини уйғунлаштириш тамойили таълимни ташкил этиш ва унинг сифатини оширишда давлат ва жамиятнинг таълим муассасаларини бошқаришда ҳамкорликка эришишни назарда тутади. Таълим тизимида давлат ва жамият бошқаруви таълим самарадорлигини оширишга замин яратади.
Do'stlaringiz bilan baham: |