Дарс - таълимни ташкил этиш асосий шакли. Дарс таълим жараёнининг яхлитлиги нуқтаи назаридан таълимнинг асосий ташкилий усули ҳисобланади. Унда синф-дарс тизимининг хусусиятлари акс этади, унда ўқувчиларни оммавий қамраб олиш, ташкилий тартиб ва ўқув ишларининг мунтазамлиги таъминланади. Дарс иқтисодий жиҳатдан фойдалидир. Ўқувчилар ҳамда синф жамоасининг индивидуал хусусиятларини билиши ўқитувчи учун ҳар бир ўқувчи фаолиятига рағбатлантирувчи таъсир кўрсатишга имкон беради. Дарс доирасида оммавий, гуруҳли ва индивидуал таълим шаклларини бирлаштириш имконияти унинг рад этиб бўлмайдиган устунлиги ҳисобланади.
Дарс бевосита ўқитувчи раҳбарлигида аниқ белгиланган вақт давомида муайян ўқувчилар гуруҳи билан олиб бориладиган таълим жараёнининг асосий шакли саналади. Дарсда ҳар бир ўқувчи хусусиятларини ҳисобга олиш, барча ўқувчиларнинг машғулот жараёнида ўрганилаётган фан асосларини эгаллаб олишлари, уларнинг идрок этиш қобилиятлари ва маънавий-ахлоқий сифатларини тарбиялаш ҳамда ривожлантириш учун қулай шароитларни яратилади.
Дарс таълимнинг бошқа шаклларидан фарқ қилувчи ўзига хос белгиларга эга, чунончи: ўқувчиларнинг доимий гуруҳи, ўқувчилар фаолиятига уларнинг ҳар бири хусусиятларини ҳисобга олиш билан раҳбарлик қилиш, ўрганилаётган фан асосларини бевосита дарсда эгаллаб олиш (бу белгилари дарснинг фақат мазмунини эмас, балки ўз хусусиятини ҳам акс эттиради).
Дарснинг тузилиши оддий ва анча мураккаб бўлиши мумкин. Бу ўқув материалининг мазмуни, дарснинг дидактик мақсади, ўқувчилар ва жамоа сифатида синфнинг хусусиятларига боғлиқ..
Замонавий дидактикада дарс қуйидаги турлари ажратиб кўрсатилган:
аралаш дарслар;
янги маълумотлар, аниқ ҳодисалар билан танишиш бўйича ёки умумлаштиришларни англаб етиш ва ўзлаштириш мақсадига эга дарслар;
билимларини мустаҳкамлаш ва такрорлаш дарслари;
ўрганилганларни умумлаштириш ва тизимлаштириш асосий мақсадига эга дарслар;
малака ва кўникмаларни ишлаб чиқиш ва мустаҳкамлаш дарслари;
билимларни текшириш ва текшириш ишларини ўрганиш дарси;
ўз тузилиши бўйича оддий бўлган, яъни битта асосий дидактик мақсадга эга бўлган дарс турлари (ўрта ва катта синфларда қўллаш учун мос келади).
Бошланғич синфларда ўқувчилар ёшларини ҳисобга олиб ўқув ишлари турли хилларидан фойдаланишга, янги билимларни беришни аввал илгари ўрганилганни мустаҳкамлаш, такрорлаш билан бирга олиб боришга тўғри келади. Ҳатто текшириш дарслари ҳам бу ерда кўпинча ишлар бошқа турларини ўз ичига олади: материални оғзаки етказиш. қизиқарли ҳикояни ўқиш. Дарснинг айнан мана шу тури аралаш (комбинациялашган), ёки мураккаб тузилишли деб аталади. Комбинациялашган дарснинг тахминий тузилиши: уй вазифаларини текшириш ва ўқувчилар билан савол-жавоб, янги материални ўрганиш, ўзлаштиришини дастлабки текшириш, машқ мисоллари давомида янги билимларини мустаҳкамлаш, илгари ўрганилганларни суҳбат кўринишида такрорлаш, ўқувчилар билимларини текшириш ва баҳолаш, уйга вазифа бериш.
Ўқувчиларнинг янги материаллар билан танишиш дарси ёки янги билимларни бериш (ўрганиш) дарси нисбатан кенг доирадаги саволларни ўз ичига олган ва уни ўрганишга кўп вақтини талаб қилувчи, ўқувчиларга таниш бўлмаган янги материал унинг мазмуни бўлган таълим жараёни. Бундай дарсларда унинг мазмуни, аниқ мақсади ва ўқувчиларнинг мустақил иш бажаришга тайёргарликларига қараб, баъзи ҳолларда янги матьериални ўзи баён этади. Бошқа ҳолларда эса – ўқитувчи раҳбарлиги остида ўқувчиларнинг мустақил ишлари олиб борилади, учинчи ҳолда – униси ҳам бунисидан ҳам фойдаланилади. Янги материал билан танишиш дарсининг тузилиши: янги материални ўрганиш учун асос бўлган аввалги материални такрорлаш. ўқитувчининг янги материални ва дарслик билан ишлашни тушунтириши, билимларни тушунишларини текшириш ва дастлабки мустаҳкамлаш, уйга вазифа бериш.
Билимларни мустаҳкамлаш дарсларида ўқув ишининг асосий мазмуни илгари ўзлаштирилган билимларни мустаҳкам ўзлаштириш мақсадида уларни иккинчи бор тушуниб олиш ҳисобланади.
Ўқувчилар ўз билимларини янги манбалар бўйича англаб оладилар ва чуқурлаштирадилар ёки уларга маълум бўлган қоидага янги масалалар ечадилар, илгари олган билимларини оғзаки ва ёзма такрорлайдилар ёки илгари ўрганганларини янада чуқурроқ ва мустаҳкам ўзлаштириш мақсадида улардан алоҳида масалалар бўйича ахборот берадилар. Тузилиши бўйича бундай дарслар қуйидаги босқичлардан ўтишни кўзда тутади: уй вазифасини текшириш, оғзаки ва ёзма машқларни бажариш, топшириқни бажаришни текшириш, уйга вазифа бериш.
Кўникма ва малакаларни ишлаб чиқиш ва мустаҳкамлаш дарслари билимларни мустаҳкамлаш дарслари билан боғлиқдир. Бу жараён бир неча махсус дарслар жараёнида амалга оширилади. Бошқа дарсларда янги мавзуларни ўрганишда давом эттирилади. Шу билан бирга аввалига машқни бажариш ишлари болалар томонидан ўқитувчи ёрдамида ва улар топшириқни қандай тушунганларини даслаб жиддий текшириш билан бажарилса, кейинчалик эса қаерда қандай қоида қўлланилишини ўқувчиларнинг ўзлари белгилайдилар. Улар турли вазиятларда малака ва кўникмаларини қўллаш, шу жумладан, ҳаётий амалиётида қўллашни ўзлаштириб олишлари керак.
Умумлаштирувчи дарслари (билимларини умумлаштириш ва тизимлаштиришлар) илгари ўтилган материалдан энг муҳим саволлари қайта такрорланадиган ва тизимлаштириладиган, ўқувчилар билимларида мавжуд камчиликлари тўлдириладиган ва ўрганилаётган курснинг муҳим ғоялари очиб бериладиган дарслар ҳисобланади. Умумлаштирувчи дарслар мавзу, бўлим ва ўқув курсларининг якунида ўтказилади. Кириш ва якунлаш дарснинг таркибий элементи ҳисобланади. Такрорлаш ва умумлаштиришнинг ўзи ҳикоя, қисқача хабарлар, дарсликни ўқиб бериш ёки ўқитувчининг ўқувчилар билан суҳбатлашиши шаклида ўтказилиши мумкин.
Текшириш (назорат) дарслари ўқитувчига ўқувчиларнинг маълум соҳадаги билим, малака ва кўникмалари шаклланганлик даражаси, ўқув материалини эгаллашдаги камчиликларни аниқлаш, шунингдек, навбатдаги топшириқларнинг бажариш йўлларини белгилаб олишга ёрдам беради. Текшириш дарслари ўқувчидан ушбу мавзу бўйича унинг ҳамма билим, кўникма ва малакаларини қўллашини талаб этади. Текшириш оғзаки ҳамда ёзма шаклда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Юқорида ифодаланган ҳамма дарсларнинг мажбурий элементи ташкилий ва якуний босқич ҳисобланади. Ташкилий босқич мақсадларни қўйиш ва уларни ўқувчилар томонидан қабул қилиш шароитлари таъминлаш, иш шароитини яратиш, ўқув фаолияти мотивларини долзарблаштириш ва материални идрок этиш, англаш, эслаб қолиш юзасидан бериладиган кўрсатмаларни шакллантиришни кўзда тутади. Дарсга якун ясаш босқичида мақсадларга эришиш қайд этилади, уларга эришишда барча ёки якка ўқувчиларнинг алоҳида иштироки белгиланади, ишлари баҳоланади ва истиқболлари белгиланади.
Таълимнинг ташкилий шакли сифатида дарс динамик ҳодисадир. У педагогик жараённинг яхлитлигини таъминлайди ва таълимий-тарбиявий-ривожлантириш вазифаларини ижобий ечимини топишга имкон беради.
Дарс ривожланишининг асосий тенденциялари дарсга бўлган талабларда ўзининг аниқ ифодасини топади.
Замонавий дарслар қуйидаги талабларга жавоб бера олиши лозим:
фаннинг илғор ютуқлари, педагогик технологиялардан фойдаланиш, дарсни ўқув-тарбиявий жараён қонуниятлари асосида ташкил этиш;
дарсда барча дидактик тамойил ва қоидаларнинг оптимал нисбатларини таъминлаш;
ўқувчиларнинг қизиқишлари, лаёқати ва талабларини ҳисобга олиш асосида улар томонидан билимларнинг пухта ўзлаштирилиши учун зарур шароитларни яратиш;
ўқувчилар англаб етадиган фанлараро боғлиқликларни ўрнатиш;
илгари ўрганилган билим ва малакалари, шунингдек, ўқувчиларнинг ривожланиш даражасига таяниш;
шахснинг ҳар томонлама ривожлантиришни мотивациялаш ва фаоллаштириш;
ўқув-тарбиявий фаолият барча босқичларининг мантиқийлиги ва эмоционаллиги;
педагогик воситалардан самарали фойдаланиш;
зарур билим, кўникма ва малакалар, фикрлаш ва фаолият рационал усулларини шакллантириш;
мавжуд билимларни доимо бойитиб бориш эҳтиёжини юзага келтириш;
ҳар бир дарсни пухта лойиҳалаштириш, режалаштириш, ташхис ва тахмин қилиш.
Ҳар бир дарс қуйидаги учта асосий мақсадга эришишга йўналтирилади: ўқитиш, тарбиялаш, ривожлантириш. Ана шуларни ҳисобга олиб дарсга умумий талаблар дидактик, тарбиявий ва ривожлантирувчи талабларда аниқ ифодаланади.
Дидактик (ёки таълим)ий талабларга ҳар бир дарснинг таълим вазифаларини аниқ белгилаш, дарсни ахборотлар билан бойитиш, ижтимоий ва шахсий эҳтиёжларни ҳисобга олиш билан мазмунини оптималлаштириш, идрок этиш энг янги технологияларини киритиш, турли хилдаги шакли, методлари ва кўринишларидан мос равишда фойдаланиш, дарс тузилишини шакллантиришга ижодий ёндошиш, жамоавий фаолият усуллари билан бирга ўқувчилар мустақил фаолиятларини турли шаклларидан бирга фойдаланиш, оператив қайта алоқани таъминлаш, амалий назорат ва бошқарувни амалга ошириш, илмий мўлжал ва дарсни маҳорат билан ўтказишни таъминлаш кабилар киради.
Дарсга нисбатан қўйиладиган тарбиявий талаблар ўқув материалининг тарбиявий имкониятларини аниқлаш, дарсдаги фаолият, аниқ эришилиши мумкин бўлган тарбиявий мақсадларни шакллантириш ва қўйиш, фақат ўқув ишлари мақсадлари ва мазмунидан табиий равишда келиб чиқадиган тарбиявий масалаларни белгилаш, ўқувчиларни умуминсоний қадриятларда тарбиялаш, ҳаётий муҳим сифатлар (тиришқоқлик, тартиблилик, масъулиятлилик, интизомлилик, мустақиллик, иш бажаришга қобилиятлилик, эътиборлилик, ҳалоллик ва бошқалар)ни шакллантириш, ўқувчиларга диққат-эътиборли муносабатда бўлиб, педагогик одоб талабларига амал қилиш, ўқувчилар билан ҳамкорлик ва уларнинг муваффақият қозонишларидан манфаатдор бўлишдан иборат.
Барча дарсларда доим амалга оширилиб бориладиган ривожлантирувчи талабларга ўқувчиларда ўқув-ўрганиш фаолияти ижобий сифатлари, қизиқиш, ижодий ташаббускорлик ва фаоллик шакллантириш ҳамда ривожлантириш, ўқувчиларнинг идрок этиш имкониятлари даражасини ўрганиш, ҳисобга олиш, “ривожланишнинг яқин зонасини лойиҳалаштириш”, “ўзиб кетиш” даражасидаги ўқув машғулотларини ташкил этиш, ривожланишидаги янги ўзгаришларни рағбатлантириш, ўқувчиларнинг интеллектуал, эмоционал, ижтимоий ривожланишларидаги «сакраш»ларни олдиндан кўра билиш, бошланаётган ўзгаришларни ҳисобга олиш асосида ўқув машғулотларини оператив қайта қуриш кабилар киради.
Ностандарт дарслар. ХХ аср 70-йиллари ўрталарида, миллий мактабларда ўқувчиларнинг машғулотларга қизиқишларининг пасайиш хавфи аниқланди. Муаммони бартараф этиш мақсадида ностандарт дарсларнинг ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Ностандарт дарс анъанавий тузилишдаги импровизацион ўқув машғулотидир.
Педагогик адабиётларни таҳлил қилиш ностандарт дарсларнинг ўнлаб турлари мавжудлигини кўрсатди. Улар орасида “берилиш” дарси, амалий ўйинлар, матбуот конференциялари, ижодий ҳисоботлар, мусобақалар, КВН туридаги ўйинлар, танлов, театрлаштирилган дарслар, бинар, компьютерли дарслар, фантазиялар, “судлар”, ҳақиқатни излаш, “парадокслар”, аукционлар, диалоглар ва бошқалар кўзга ташланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |