Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими мазмуни
Таълим тушунчасининг мазмуни, моҳияти ва тарихий хусусиятлари. Таълим ўқувчиларга назарий билимларни бериш асосида уларнинг билиш қобилиятларини ўстириш, уларнинг амалий кўникма, малакалари ва дунёқарашини шакллантиришга йўналтирилган жараён бўлиб, ушбу тушунча негизида шахснинг танқидий фикрлаши, яратиши, борлиқда содир бўлаётган ҳодисаларни ўзаро алоқадорлик нуқтаи назаридан баҳолай олиши ҳам акс этади.
Таълим тушунчаси, шунингдек, аждодлар томонидан тўпланган ижтимоий аҳамиятли тажрибаларнинг авлодларга доимий узатилишини таъминловчи тизимли жараёни ҳам саналади..
Шахсни ижтимоийлаштириш уни жамият томонидан тан олинган хулқ-атвор меъёрлари, билим ҳамда қадриятлар тизимини ўзлаштиришдан иборат ижтимоий ҳаётга жалб этиш жараёнидир.
Таълим мазмуни тизимлаштирилган билим, кўникма ва малакалар, қарашлар, ишончлар тўплами, ўқув-тарбиявий ишларни ташкил этиш натижасида эришилган амалий тайёргарликнинг маълум даражаси билан белгиланади.
Таълим мазмунининг асосий таркибий қисмларидан бири бўлган билимлар муҳим ижтимоий қадрият ҳам саналади. У индивиднинг ижтимоийлашиши, одамнинг социум (ижтимоий муҳит)га киришига ёрдам беради. Ўтган асрда таълим мазмунини сиёсийлаштиришга, уринишга қаратилган ҳаракатларнинг юзага келганлиги унинг мазмунини белгилашда экстенсив ёндашиш (миқдорий – сонини кўпайтириш) етакчи ўрин эгаллади. Натижада таълим мазмуни ўқув фанлари сонининг доимий ортиб бориш ҳисобига кенгайтирилди, таълим жараёнида тайёр билимларни бериш асосида, ўқувчиларда билим, кўникма ва малакаларини шакллантиришга эътибор қаратилиб, ўқувчи шахсини ривожлантириш масаласи ўз ечимини топмади.
Сўнгги йилларда, таълимни инсонпарварлаштириш йўлида, таълим мазмунини аниқлашда шахсга-йўналтирилган ёндашув асосий ўринни эгаллай бошлади. Бундай ёндошиш В.В.Краевский, И.Я.Лернер, М.Н.Скаткин (Россия); М.Очилова, Н.Н.Азизхўжаева, Н.Сайидаҳмедов, Ф.Р.Юзликаев (Ўзбекистон)ларнинг ишларида ўз аксини топди.
Масалан, В.В.Краевский, И.Я.Лернерлар таълим мазмуни деганда шахсни ҳар томонлама ривожлантиришни таъминловчи педагогик билим, кўникма ва малакалар тўплами, ижодий фаолият тажрибаси ҳамда эмоционал-иродавий муносабат тажрибасини тушунадилар.
Демак, шахсга йўналтирилган ёндошишга мувофиқ таълим мазмуни моҳиятини аниқлашда асосий қадрият билим эмас, балки одамнинг ўзи ҳисобланади. Бундай ёндошув шахснинг таълим олиш, маънавий, маданий ва ҳаётий талаб-эҳтиёжларини қондириш, ривожланаётган шахсга нисбатан самимий муносабатида бўлиши таълим мазмунини эркин танлаш имконини беради.
Анъанавий педагогика деярли фақат одамнинг ижтимоий моҳиятини тан олганлиги боис, таълимнинг мақсади инсоннинг жамият аъзоси сифатида ривожланиши, унда ижтимоий аҳамиятли сифатларининг шаклланиши ҳисобланади.
Мустақиллик йилларида, Ўзбекистон Республикасида таълим жамият ва давлатнинг маънавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ривожланиши асоси деб эълон қилинди. Таълимнинг мақсади мустақил фикрлайдиган, маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, ҳар томонлама ривожланган шахсни тарбиялашдан иборат.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимнинг умумий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- аҳоли миллий-маданий эҳтиёжларини қониқтириш, жисмоний ва маънавий соғлом авлодни тарбиялаш;
- ўқувчилар томонидан ижтимоий ва ишлаб чиқариш талаблари билан белгиланадиган билимлар тизимини ўзлаштирилишини таъминлаш;
- уларда илмий дунёқараш, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий маданият, ижодий, эркин фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг мустақил билимларини ошириб бориши;
- ёшларда Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, фуқаролик дунёқараши, инсоний қадр-қиммат, демократик ўзини бошқаришда иштирок этиш, шунингдек, ўз ҳаракатлари учун жавобгарлигини юзага келтириш.
Ана шу умумий вазифалар бир қатор алоҳида масалалардан иборат бўлади. Улар ўқув фанлари мазмунида уйғунлаштирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |