Таълим қонуниятлари ва тамойилларининг шаклланиш тарихи. Ибтидоий жамиятда инсоният ўсиб келаётган авлодга мавжуд билимларни узатиш асосида амалий билимлари аста-секин шаклланган. Ўша даврдаёқ таълим амалий қоидалари ишлаб чиқилган ва авлоддан-авлодга узатиб келинган.
Антик даврда асосан аждодлар тажрибаси анъаналар тарзида умумлаштирилиб, амалий таълим масалалари ҳал этилган. Платон ва Аристотеллар тавсия ҳамда қоидалар тўплами кўринишида амалиётий таълим моҳиятини умумлаштиришга уринганлар.
Шарқдаги Уйғониш даврида (IХ-ХI асрлар) араб, мусулмон маданиятининг Яқин ва Марказий Осиё халқларининг моддий ва маънавий маданияти билан бирлашиши асосида алоҳида синкретик (юнонча synkretismos – бирлашиш, яхлитлик, қўшилиш) маданият бирлашган тури юзага келган. Алломалар Муҳаммад ал-Хоразмий (787-850 йиллар), Абу Наср Форобий (870-950 йиллар), Ал-Киндий (800-870 йиллар), Абу Райҳон Беруний (973-1050 йиллар), Абу Али ибн Сино (980-1037 йиллар) ва бошқалар унинг асосчилари сифатида машҳур бўлдилар. Бу маданиятнинг асосий марказлари Сурия, Эрон, Марказий Осиё ҳудудларида жойлашган. Шарқ мутафаккирлари ўз асарларида таълим усуллари, қоидалари, тамойиллари, методлари ва шакллари асосида таълим амалиётининг моҳиятини ифода этадилар. Бироқ таълим масалалари билан улар махсус ва изчил шуғулланмаганликлари боис махсус дидактик назария яратилмади. Таълимни улар фан сифатида эмас, бошқа фанларга ўргатиш санъати, ҳунармандчилик сифатида тушундилар. Шарқ алломалари томонидан илгари сурилган қоида, усул ва тамойилларнинг аксарияти замонавий мактабларда ҳам қўлланилмоқда.
Қуйидаги жадвалдан Шарқ алломалари Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Ал-Киндий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муслиҳиддин Саъдий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоийлар ҳам таълимнинг илмийлиги, онглилиги, кўргазмалилиги, тушунарлилиги, кетма-кетлиги, мунтазамлиги, мослашувчанлиги ва мустақиллиги, шунингдек, боланинг индивидуал хусусиятлари, лаёқати ва қобилиятларини ҳисобга олиш, таълимни инсонпарварлаштириш каби қоида ва тамойилларни ифода этиб берганлари англанади1 (93-бетга қаранг).
ХVII асрда, педагогика амалий табиатшунослик сифатида биология қонуниятларига бўйсуниши эътироф этилган. Педагогикани тубдан тўла қайта қуришни чех олими Я.А.Коменский ва инглиз педагоги Джон Локк амалга оширдилар.
Улар педагогик қонунларининг қуйидаги уч жиҳатига кўра гуруҳлаганлар:
Ижтимоий-тарихий.
Табиий-тарихий.
Психологик.
Кейинчалик бир гуруҳ илғор педагоглар умумий тамойиллар билан қаноатланмай, дидактик қонуниятларини ифода этишга уринганлар. Хусусан, Я.А.Коменский дидактиканинг тематик белгиларига кўра гуруҳланган қуйидаги қоидалар тизимини илгари сурди:
“Таълим ва осон ўқишнинг асосий қоидалари” (“Буюк дидактика” - ХVII боб);
“Табиий ўқиш ва таълимнинг асосий қоидалари”;
“Фанларга ўқитиш санъатининг тўққиз қоидаси” (ХХ боб) ва бошқалар.
Дистервег томонидан асосланган қоидалар сони 33 та бўлиб, улар муайян лойиҳаларга тааллуқли эканлигига кўра гуруҳларга ажратади (биринчи гуруҳ – ўқитувчига нисбатан, иккинчиси – дарс ташкил этилаётган фанга нисбатан, учинчиси – ўқувчига нисбатан ва ҳоказолар тарзида). Шу билан бирга Дистервег мазкур қоидаларнинг айримларини қонунлар ҳам деб атайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |