Таълим назария (концепция)лари мазмуни. Анъанавий педагогикада формал ва моддий таълим назарияси кенг танилган. Бу назарияларнинг моҳияти нима ва ўрта таълим мазмунига қандай таъсир этади?
Формал таълим назариясига Джон Локк (ХVII аср), Песталоцци, Кант ва Гербарт (ХVIII-ХIХ асрлар) асос солганлар. ХVIII асрнинг охирларида дидактик формализм назарияси (концепцияси) вужудга келди (бу ном Э.Шмит ва А.А.Немейернинг «Принцўпи воспитания и обучения» асарида тилга олинади). Концепция тарафдорлари таълимни ўқувчиларнинг итидори ва қизиқишларини ривожлантирувчи воситаси сифатида эътироф этадилар. Кейинчалик бу таълимот формал таълим назарияси сифатида шакллантирилди. Дидактик формализм тарафдорларининг асосий ғояси қадимий олим Гераклит томонидан айтилган (кўп билим ақлни кучайтирмайди) фикрларига асосланади. Кейинчалик бу ғояни И.Кант ва И.Г.Песталоццилар ривожлантиришди. Улар ўқитишнинг асосли мақсади, энг аввало, ўқувчининг иқтидорини ривожлантириш, ўқувчининг тўғри тафаккур юритишини кучайтириш бўлиши шарт деб ҳисоблайдилар.
Ушбу назария тарафдорлари фалсафий рационализм (лотинчада «rationalts» - ақлли)га таянадилар ва билим манбаи ақлдир, билим фақат ақлнинг мустақиллигида туғилади, шу боис таълим ўқувчиларнинг маълум билимларни эгаллаб олишлари эмас, балки уларнинг ақлини ўстириш, яъни, анализ, синтез, мантиқий фикрлаш лаёқатларини ривожлантириш каби вазифани ҳал этиши зарур деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, фикрлашни ривожлантириш воситаси тиллар, айниқса, қадимий юнон ва лотин тили, шунингдек, математикани ўрганиш лозим. Формал таълим элементларидан ҳозирги кунда ҳам фойдаланилади. Англиядаги грамматик мактабларда, ушбу назария ғоялари асосида иш кўрилади.
ХVII аср охири – ХIХ аср бошларида моддий таълим назарияси жадал ривожлади. Назариянинг пайдо бўлишига саноат ва унинг илмий-техник асослари ривожланиши асос бўлиб хизмат қилди. Бинобарин, саноатнинг жадал ривожланиши табиий фан, техник ва амалий тайёргарликка эга бўлган одамларни тайёрлаш масаласини кун тартибига олиб чиқди. Педагогика тарихида бу назария (концепция) дидактик материализм назарияси сифатида ҳам машҳурдир. Ушбу назария тарафдорлари (уларни “энциклопедистлар” деб ҳам атаганлар), хусусан, инглиз шоири ва тарихчиси Дж.Мильтон, немис педагоги Н.Б.Беседовлар мактабнинг асосий мақсади ўқувчиларга билимлар бериш деб ҳисоблаганлар ҳамда ўзлари ўқитадиган фанга иложи борича кўпроқ материалларни киритишга интилганлар. Мактаб таълими мазмунини шакллантиришга бундай ёндошишнинг самараси кам бўлиб чиқди, чунки ўқувчиларга жуда кўп ахборотлар берилади. Натижада ахборотлар қисман ва юзаки ўзлаштирилади.
Бу назариянинг бошқа тарафдорлари эмпиризм ғояларини илгари сурадилар (лотинча «empiria» - тажриба). Файласуф-эмпиристлар, хусусан инглиз файласуфи Г.Спенсер (1820-1903 йиллар) билиш тажриба чегарасидан чиқа олмайди ва билим манбаи фағат тажриба ҳисобланади, дея таъкидлайдилар. Бундан қуйидаги педагогик хулосалар чиқарилади: ўқувчиларни асосан табиий-илмий билимлар билан қуроллантириш керак, таълим материалларини танлаш учун эса ҳаётга, келажакда ўқувчиларнинг амалий фаолиятлари учун зарур бўлган билимларга мурожаат қилиш керак. Моддий таълим назарияси реал йўналиш деб аталувчи мактаб таълими асосини ташкил этади. Масалан, ХIХ аср охирлари ХХ аср бошларида Россия, ва Туркистонда, реал гимназия ва реал билим юртларида ўқитиш қадимги ва ғарбий Европа тилларини ўрганишга эмас, балки табиий-илмий фанлар (математика, физика, химия ва бошқалар) ҳамда амалий хусусиятли фанларни ўзлаштиришга асосланган.
Формал ва моддий таълим назарияларини К.Д.Ушинский ва А.Авлонийлар жуда асосли танқид қиладилар. К.Д.Ушинский билимларни ўзлаштиришдан узоқ бўлган формал деб аталувчи ривожланиш ўйлаб топилган ёлғон деб айтади. Ҳар бир фан бирор-бир бошқа нарса билан эмас, одамни ўзининг мазмуни билан ривожлантиришини таъкидлайди. Шундай экан, мактаб фақатгина ривожлантирибгина қолмай, балки уларнинг кейинги фаолиятларида фойдали бўладиган билимларни ҳам бериши керак. Ўзбек педагоги Абдулла Авлоний ҳам (1878-1934 йиллар) ана шундай фикрни билдирган. У ўзининг “Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ” номли асарида “... билим бизнинг ақлимизни ва бизниннг хотирамизни қилич каби ўткир қилади. Билим, фанни эгаллаш тараққиёт йўлида бизнинг илгари қадам ташлашимиз шартидир.... Билимсиз одам бу мевасиз дарахтга ўхшайди” деб ёзади. Шу билан бир вақтда А.Авлоний фанни ўзлаштиришга фақатгина хаёлий амалиёти учун утилитар (фойдали) яроқлилиги нуқтаи назаридан ёндошиш мумкин эмас деб ҳисоблайди. У ҳаёт билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлмаган билимлар ҳам бор ва улар амалий билимлардан кам бўлмаган аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Мисол учун қадимги тарихдан амалий фаолиятда фойдаланиб бўлмайди, лекин уни ўрганиш керак ва фойдалидир: уни (тарихни) билиш ўқувчиларнинг билимларини кенгайтиради, дунёқарашни шакллантиради.
ХХ аср бошларида, чет эл ва айниқса америка педагогикасида мактаб таълими масалалари бўйича прагматик (юнонча «pragma» – ҳаракат, амалиёт) ғояси кенг тарқалди. Педагогикада машҳур прагматизм тарафдори Джон Дьюн (1859-1952 йиллар) мактаб таълимининг ўз концепциясини яратишга кўп уринди. Бу йўналишлар вакиллари (Дж.Дьюн, Г.Кершенштейнер) ўқитиш бу ўқувчининг “тажрибасини қайта ташкил этиш” узлуксиз жараёни деб ҳисоблайдилар.
Ўқитишни Дьюн кундалик ҳаётдан олинган амалий масалаларни ҳал этишга оид болалар фаолиятини ташкил этиш сифатида тушунади. Бу назариянинг асосий бошланғич қоидалари қуйидагилардан иборат деб ҳисобланган: “Олдиндан тузилган ўқув курслари керак эмас”, “Ўқитиш материалларини боланинг тажрибасидан олиш керак”, “Бола ўқитишнинг сифати каби миқдорини ҳам белгилаши керак”, “Бажариш ёрдамида ўқитиш – мактабда асосий метод”. Шундай қилиб, Дьюн мактабда таълим ва алоҳида фанлар аниқ белгиланган мазмуни зарурлигини рад этади, илмий таълимни тан олмайди ва ўқишни тор ҳамда ўқувчиларнинг қизиқишларига асосланган практицизмидан иборат ҳисоблайди.
Мазкур назария асосида унинг издоши Уильям Килпатрик 20-йилларда “ўқитишнинг лойиҳали тизими” (ёки лойиҳалар методи)ни ишлаб чиқди, унинг мазмуни ўз қизиқишларидан келиб чиқиб болалар ўқитувчи билан бирга қандайдир амалий масаланинг ечимини лойиҳалаштиришларидан иборат. Мисол учун, ўйинчоқ уйчанинг қурилиши амалий фаолиятга киритилади ва унинг давомида тил, математика, бошқа фанлари бўйича у ёки бу маълумотларни билиб оладилар. Бу назария оммавий мактабда таълим даражасини пасайтириши мумкинлигини тушуниш қийин эмас.
Америкалик педагоглар И.Адлер, Дж.Бруннер ва бошқалар Дьюн назарияси америка мактаблари ривожланишини ортга тортганини айтадилар ва таълимни модернизациялаштириш ҳамда такомиллаштириш йўлларини излайдилар.
Кўплаб педагоглар - А.Дистервег, К.Д.Ушинский, М.Беҳбудий ва А.Авлонийлар мактаб таълимига тааллуқли кўплаб қимматли ғояларни илгари сурганлар. Улар халқ мактаблари, янги усулли мактабда таълим даражасини ошириш, табиий-илмий фанлар ва гуманитар фанлар бирлиги тарафдори эдилар.
Бугунги кунда турли таълим концепциялари мавжуд. Концепциялардан бири таълим мазмунини таълим муассасаларида ўрганиладиган фаннинг педагогик мослаштирилган асослари сифатида талқин қиладилар. Бу ерда шахснинг ижодга қобилияти, эркин танлашни амалга ошира билиши, одамларга ҳаққоний муносабатларда бўлиши каби сифатлари четда қолиб кетади. Ушбу ёндошиш ўқувчиларни фан ва ишлаб чиқаришга жалб этишга қаратилган, лекин демократик жамиятда мустақил ҳаётга йўналтиришга эмас. Амалда одам бу ерда ишлаб чиқариш омили сифатида иштирок этади (авторитаризм).
Бошқа бир концепция таълим мазмунини ўқувчи ўзлаштириши керак бўлган билим, кўникма ва малакалар мажмуи сифатида қарайди. Бу концепция муаллифлари билим ва малакаларни эгаллаб олиш одамга замонавий жамиятда мос равишда ҳаёт кечиришга имкон беради деб ҳисоблайдилар. Одамдан фақатгина у билиши ва бажара олишини талаб этиш етарли. Бундай ҳолатда таълимга талаблар ҳам қуйидагича бўлади: ўсиб келаётган авлодга она тили. математика, физика ва бошқа фанлар бўйича билим ва малакалар бериш зарур.
Миллий умумий ўрта таълим мактаби ҳозирги замон шароитларида ривожланиши учун бу етарли эмас. Жамиятнинг ўқувчилардан фақат маълум ўқув фанлари мазмунини эмас, балки уларда ирода кучи, ўз ҳаракатлари учун, жамият ва мамлакат тақдири учун масъулиятли, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш; миллатчилик ва диний ақидапарастликка йўл қўймаслик ва шу каби сифатларни ривожлантиришни талаб этади. Ўзбекистон Республикасининг «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» (1997)да замонавий таълим мазмуни ижодий, мустақил фикрловчи демократик жамият фуқаросини шакллантириш вазифаларига мос келиши керак деб ёзиб қўйилган.
Россия таълим академияси (РАО) ҳақиқий аъзоси В.В.Краевский томонидан илгари сурилган концепцияда қайд этилишича, таълимнинг асосий ижтимоий вазифаси аждодлар томонидан тўплаган тажрибаларни авлодларга узатиш ҳисобланади.
Мазкур концепция мазмунида таълим мазмуни қуйидаги тўртта ташкилий элементлардан иборат бўлади:
идрок этиш фаолиятини амалга ошириш усуллари қайд этилган шаклидаги идрок этиш фаолияти (билимлар);
амалий фаолиятни амалга ошириш усуллари шаклида қайд этилган амалий фаолият тажрибаси (кўникма ва малакалар);
муаммоли вазиятлар, ностандарт вазиятларда янги масалаларни ҳал этиш шаклида (ижодий фаолият тажрибаси);
атроф-муҳитга, бир-бирига, эмоционал қадриятли муносабатлар тажрибаси, яъни, эмоционал, ахлоқий, эстетик тарбиялаш.
Мазкур элементлар ўзаро боғлиқ ва бир-бирига асослангандир. Мамлакатлар билимларсиз бўлиши мумкин эмас. Одамнинг ижодий фаолияти билимлар ва кўникмалар мазмунли маълум материалида амалга оширилади. Маънавий-ахлоқий тарбиялилик одам яшайдиган жамиятнинг хулқ, кўникма ва малакаларини эгаллаб олганлигини кўзда тутади. Ижтимоий тажрибанинг бу элементларини ўзлаштириш одамга жамиятда муваффақиятли яшаш, яхши бажарувчи бўлиш билан бирга мустақил ҳаракат қилиш, жамиятни ўзгартира олиш, ижтимоий тараққиётга ўз ҳиссасини қўша олишга имкон беради. Шунинг учун умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими биринчи навбатда, ҳаётга тайёрлайди, иккинчидан, инсон ушбу тартибга ўз ҳиссасини қўшиш, хатто уни қайта тузишга ҳам қодир бўлади. Академик В.В.Краевскийнинг концепцияси ўқитувчини ўқувчилар онгида умуминсоний ва миллий қадриятлар тизими, одамларга инсонпарварлик муносабатини шакллантириш, эркин фикрловчи, баркамол ривожланган шахсни шакллантиришга қаратилган махсус фаолиятга йўналтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |