Кўникма ҳамда малакаларни шакллантириш ва мустаҳкамлаш дарслари билимларни мустаҳкамлаш дарслари билан боғлиқдир. Бу жараён бир неча махсус дарслар жараёнида амалга оширилади. Бошқа дарсларда янги мавзуларни ўрганишда давом эттирилади. Шу билан бирга аввалига машқни бажариш ишлари болалар томонидан ўқитувчи ёрдамида ва улар топшириқни қандай тушунганларини даслаб жиддий текшириш билан бажарилса, кейинчалик эса қаерда қандай қоида қўлланилишини ўқувчиларнинг ўзлари белгилайдилар.
Умумлаштирувчи дарслари (билимларини умумлаштириш ва тизимлаштиришлар) илгари ўтилган материалдан энг муҳим саволлари қайта такрорланадиган ва тизимлаштириладиган, ўқувчилар билимларида мавжуд камчиликлари тўлдириладиган ва ўрганилаётган курснинг муҳим ғоялари очиб бериладиган дарслар ҳисобланади. Умумлаштирувчи дарслар мавзу, бўлим ва ўқув курсларининг якунида ўтказилади. Кириш ва якунлаш дарснинг таркибий элементи ҳисобланади. Такрорлаш ва умумлаштиришнинг ўзи ҳикоя, қисқача хабарлар, дарсликни ўқиб бериш ёки ўқитувчининг ўқувчилар билан суҳбатлашиши шаклида ўтказилиши мумкин.
Текшириш (назорат) дарслари ўқитувчига ўқувчиларнинг маълум соҳадаги билим, малака ва кўникмалари шаклланганлик даражаси, ўқув материалини эгаллашдаги камчиликларни аниқлаш, шунингдек, навбатдаги топшириқларнинг бажариш йўлларини белгилаб олишга ёрдам беради. Текшириш дарслари ўқувчидан ушбу мавзу бўйича унинг ҳамма билим, кўникма ва малакаларини қўллашини талаб этади. Текшириш оғзаки ҳамда ёзма шаклда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Таълимнинг ташкилий шакли сифатида дарс динамик ҳодисадир. У педагогик жараённинг яхлитлигини таъминлайди ва таълимий, тарбиявий-ривожлантириш вазифаларини ижобий ечимини топишга имкон беради.
Дарснинг таълимий вазифаси ҳар бир дарснинг таълим вазифаларини белгилаш, дарсни ахборотлар билан бойитиш, ижтимоий ва шахсий эҳтиёжларни ҳисобга олиш, дарс мазмунини оптималлаштириш, идрок этишнинг илғор технологияларини киритиш, турли шакл, метод ва воситаларидан ўринли фойдаланиш, дарс тузилишига ижодий ёндашиш, таълим беришда жамоавий, гуруҳли ва индивидуал шаклларини қўллаш, оператив қайта алоқани таъминлаш, назорат ва бошқарувни ташкил этиш, дарснинг самарали кечишини таъминлашдан иборат.
Дарсга қўйиладиган талабларнинг тарбиявий характерини ўқув материалининг тарбиявий имкониятларини аниқлаш, таълимий фаолият жараёнида эришиш зарур бўлган тарбиявий мақсадларни шакллантириш (қўйиш), ўқув ишлари мақсади ва мазмунидан келиб чиқиб, тарбиявий масалаларни белгилаш, ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, юксак маънавий-ахлоқий сифатлар (тиришқоқлик, тартиблилик, масъулиятлилик, интизомлилик, мустақиллик, қобилиятлилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, тиришқоқлик ва бошқалар)ни шакллантириш, ўқувчиларга педагогик талабларни қўйиш, улар билан ҳамкорликка эришиш, уларнинг ютуқларидан қувониш каби ҳолатлар ташкил этади.
Таълим жараёнида қўйиладиган педагогик талабларнинг ўқувчи шахсини ривожлантириш имконияти ўқувчиларда ижодкорлик, ташаббускорлик, фаоллик каби сифатларни тарбиялашда кўринади. Бунда ўқув материалларининг ўқувчилар идроки имкониятлари даражасини ўрганиш, ҳисобга олиш, “ривожланишнинг яқин зонасини лойиҳалаштириш”, “ўзиб кетиш” даражасидаги ўқув машғулотларини ташкил этиш, ривожланишидаги янги ўзгаришларни рағбатлантириш, ўқувчиларнинг интеллектуал, эмоционал, ижтимоий ривожланишларидаги «сакраш»ларни олдиндан кўра билиш, бошланаётган ўзгаришларни ҳисобга олиш асосида ўқув машғулотларини оператив қайта қуриш кабилар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |