Биринчидан - ўқитувчи педагогик фаолиятга қобилияти бор, ижодкор, ишбилармон, болажон бўлмоғи
Иккинчидан – миллий ва умуминсоний қадриятларни яхши англайдиган ва мукаммал эгаллаган, диний ва дунёвий билимлардан огоҳ, маънавий – ахлоқий баркамол инсон сифатида обрў - эътиборга эга бўлмоғи;
Учинчидан – имон –еътиқоди бутун, ҳар қандай оқимларга ва кўринишларга ўзининг қатъий муносабатини билдира оладиган, энг муҳими Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида майдонга чиқишига ишонадиган ва бошқаларни ҳам ишонтира оладиган бўлиши;
Тўртинчидан - ўқитувчи ватанпарварлик ғояси билан суғорилган бўлмоғи ва ўз тарбияланувчиларини ҳам ана шу йўлда фидокорликка ундамоғи;
Бешинчидан – педагоглик касбига доир билимларни яъни психологик, педагогик малака ва маҳоратни, илмий-назарий ва амалий билимларни пухта эгаллаган бўлиши;
Олтинчидан – болаларни севиш, улар руҳиятини яхши билиши, шунингдек, уларнинг ёши ва индивидуал хусусиятини ҳисобга олган ҳолда улар билан муомалага кириша олиши;
Еттинчидан - ўқитувчи эркин ва ижодий фикрлай олиши, талабчан, адолатли бўлмоғи;
Саккизинчидан - ўқитувчи одобли, иболи ва ҳаё соҳиби бўлиш билан бирга, ўз тарбияланувчиларини ҳам ана шундай сифатлар билан қуроллантиришга ҳаракат қилмоғи;
Тўққизинчидан - ўқитувчи ўз сўзига ва қилаётган ишига болаларни ишонтира оладиган, обрў - эътиборли шахс бўлмоғи;
Ўнинчидан - ўқитувчи ўткир сухандон, мантиқий фикрловчи, ўқувчиларга берилиши лозим бўлган маълумотни изчил ва кетма – кетлик принтсипи асосида етказиши;
Ўн биринчидан - ўқитувчи маданиятли, эстетик дидли бўлиши билан ўзининг тарбияланувчилари учун ибрат бўлиб қолмоғи керак.
Агар ўқитувчи ана шундай сифатларни ўзида мужассам қила олса кадрлар тайёрлаш миллий моделида қайд этилган ўқитувчи тамойилига қўйилган талабларга тўлиқ жавоб бера олади дейиш мумкин.
Ўқитувчилик касбини эгаллаш учун, албатта, табиий қобилиятлар билан бирга, жисмоний ҳам руҳий хислатлар ҳам шаклланган бўлмоғи даркор. Акс ҳолда ўқитувчилик касбини танлаган бундай шахслардан на жамиятга, на ўзгаларга ҳеч қандай манфаат бўлмаслиги турган гап.
Педагогик фаолиятнинг мазмуни асосан ёш авлодни ҳаётга, меҳнатга тайёрлаш учун халқ олдида, давлат олдида жавоб берадиган, болаларга тарбия бериш учун, лаёқатли, талаб доирасида барча ақлий ва ахлоқий салоҳиятга эга бўлган махсус тайёргарликдан ўтган шахсларнинг алоҳида фаолиятига айтилади. Аниқроқ қилиб айтганда ўқитувчиларнинг меҳнат фаолияти комил инсонни тарбиялашга қаратилган мураккаб, зиддиятли ва узоқ давом этадиган жараёндир.
Ўқитувчилик касбини эгаллаган ҳар бир инсон аввало ўқитувчи шахсига хос хусусиятларни ўзида мужассам этиши; шунингдек, ўқитувчининг руҳий – педагогик тайёргарлигига қўйиладиган талабларни атрофлича ўзлаштирган бўлиши; танланган ихтисос юзасидан керакли доирада педагогик маҳорат, техника, такт, зийраклик, кузатувчанлик, билимларни болаларга етказа олиш қобилиятига эга бўлмоғи жуда муҳим.
Инсон фаолиятининг бошқа турлари каби педагогик фаолият ҳам ўз хусусиятлари билан бир-биридан ажралиб турувчи: мақсад, объект ва субъект ва воситалардан ташқил топади.
Энг аввало, педагогик мақсаднинг ўзига хослигини тушунишига ҳаракат қиламиз. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Педагогик фаолиятнинг мақсади жамият томонидан белгиланади, яъни педагог фаолиятнинг натижаси жамият манфаатлари билан боғлиқдир. Унинг меҳнати ёшлар шахсини ҳар томонлама камол топтиришга йўналтирилган бўлиши зарур.
2. Педагог фаолияти доимо шахс фаолиятини бошқариш билан боғлиқ. Бунда педагогик мақсад ўқувчи мақсадига айланиши муҳимдир.
3. Педагогик (таълим, тарбия) жараёнида ўқувчи фаолиятини бошқариш шунинг учун ҳам мураккабки-педагог мақсади доимо ўқувчи келажаги томон йўналтирилган бўлади. Бу мақсадни ўқувчидан кўра педагог яққолроқ тасаввур қилади. Шундай қилиб, педагогик фаолият мақсадининг ўзига хослиги ўқитувчидан қуйидагиларни талаб қилади: жамиятнинг ижтимоий вазифаларини (масалан, мухандис-педагоглар тайёрлашни) тўла англаб, ўз шахсига қабўл қилиши. Жамият мақсадларининг "ўсиб", унинг педагогик нуқтаи назарига айланиши;
муайян ҳаракат ва вазифаларга ижодий ёндошиши;
ўқувчилар қизиқишларини эътиборга олиш, уларни педагогик фаолиятнинг белгиланган мақсадларига айлантириш. Ўқувчилар билан касбга йўналтириш ишларини олиб боришда бунга эътибор бериш зарур.
Энди педагогик фаолият объектининг ўзига хослигини кўриб чиқамиз. Бу фаолиятининг объекти инсондир. Педагог- тадқиқотчиларнинг фикрича, педагогик объектининг ўзига хослиги қуйидагилардан иборат:
1. Инсон-табиатнинг жонсиз моддаси эмас, балки ўзининг индивидуал сифатлари, рўй бераётган воқеаларнинг идрок қилиши ва уларга ўзича баҳо берадиган, такрорланмайдиган фаол мавжудотдир. Психологияда таъкидланганидек, ҳар бир шахс-такрорланмасдир". У педагогик жараённинг ўз мақсади, иштиёқи ва шахсий хулққа эга бўлган иштирокчиси ҳамдир. Шундай қилиб, педагогик фаолиятнинг объекти бир пайтнинг ўзида бу фаолиятнинг субъекти бўлиб ҳисобланади.
2. Педагог доимо ўзгариб, ўсиб борадиган инсон билан ишлайди. Уларга ёндошишда бир хил қолип, шаклланиб қолган ҳатти-ҳаракатлардан фойдаланиш мумкин эмас. Бу эса педагогдан доимо ижодий изланиб туришни талаб қилади.
3. Ўқувчиларга педагогдан ташқари атроф-муҳит, ота-она, бошқа фан ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий ҳаёт ҳам, баъзан сезилмайдиган, баъзан эса ҳар томонлама бир неча йўналишда таъсир этади. Шунинг учун ҳам педагог меҳнати бир вақтнинг ўзида жамики таъсирларга ва ўқувчининг ўзида пайдо бўлган фикрларга тузатишлар киритиб боришни назарда тўтади. Масалан, диний эктсремизм ва бошқа оқимларга кириб кетган ёшларнинг адашганлигини тушунтириш, оммавий ахборот воситалари орқали берилаётган ахборотларни тўғри англашга ундаш ва ҳ. к. Тарбия жараёни ўз-ўзини тарбиялаш билан уйғунлашган ҳолда олиб борилиши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |