Классик ҳуқуқ бўйича мерос қолдириш тартиби. Республика даври
давомида Рим жамияти ижтимоий ва хўжалик соҳаларида чуқур
ўзгаришларни бошидан кечирди. Бу ўзгаришлар оила, қариндошлик ва
мулкчилик масаларида ҳам рўй берди. Бу ўзгаришлар преторлар
иштирокида мерос қолдиришнинг мерос қолдирувчи
–
de cuius билан когнат
қариндошлигига асосланган янги интестат тартибини шакллантиришга замин
яратди. Претор томонидан қўлланадиган мерос соҳасидаги ислоҳотлар
принципат даврига келиб якунланди. Дастлаб претор алоҳида интердикт
билан мерос мулкига эгалик қилишга рухсат берган. Бу интердикт мерос
тўғрисидаги низолар тўғри ҳал қилингунга қадар мерос мулки бегона
шахслар қўлига ўтиб кетишининг олдини олиш мақсадида мурожаат қилган
манфаатдор цивил ворисларининг ҳолатини енгиллаштирган. Претор бундай
ҳолатларда «juris civilis adiugandi gratia»
–
«цивил ҳуқуқини қўллаш ва
ривожлантиришга шароит яратиш» тамойилида иш кўрган. Бу билан претор
мулкдор табақалар манфаатларини ҳимоя қилган, чунки меросхўрлар мерос
мулки эгаси билан қон-қариндошлик ришталари ва бошқа шахсий
муносабатлар билан боғлиқ бўлган.
Лекин орадан кўп вақт ўтмай, ҳоким синфларнинг манфаатлари
мураккаб ва турли-туман бўлганлиги туфайли яқин ворис меросни қабул
қилиб олмаса, ундан кейинги меросхўр мерос олиши тўғрисидаги қоида ҳар
доим ҳам амал қила олмади. Бунинг натижасида, мерос мулки қадимги
даврдагига ўхшаб эгасиз деб тан олиниши ва бегона шахслар томонидан
ўзлаштириб олиниши мумкин бўлиб қолди. Бундай нохуш ҳолатларни
бартараф қилиш мақсадида претор кейинги даражадаги ворисларга
bonorum possessio бера бошлади, яъни цивил ҳуқуқидан фарқли равишда
successio graduum et ordiniumга йўл қўйди. Бу ҳолатда претор «juris civilis
supplendi gratia»
–
«цивил ҳуқуқини тўлдириш» тамойилида иш тутган.
Ва ниҳоят, эски қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи оила барҳам
топа бориши асносида, претор қадимги даврда отадан кейин меросдан
эманципация қилинган фарзандларнинг четлатилиши янги ҳаётий
шароитларга тўғри келмаслигини тан олган ҳолда эманципация қилинган
фарзандларга bonorum possessio бера бошлади. Бу ҳолатда претор «juris
civilis corrigendi gratia» – «цивил ҳуқуқини тўғрилаш мақсадида» деб
номланган тамойил асосида иш тутган ва бу билан когнат қон-
қариндошликни қонун бўйича мерос қолдириш асоси сифатида тасдиқлаган.
Айнан претор ўз эдикти билан XII жадвал қонунларига зид равишда de
cuiusнинг яқин когнат қариндошларига мерос берган. Бу шахслар цивил
ворислар – heres ҳолатига эга бўлолмаган, фақатгина претор ворислари
статусига – bonorum possessoresга эга бўлишган. Heres билан низо чиққан
пайтда претор ворислари меросдан маҳрум бўлишган, чунки уларнинг
ҳуқуқи