гапларни турли нутқ бўёқларида товлантира олиши - тембр ҳамда ўқитиш тезлиги – тепмга амал қилиши дарсга
қўйилаётган муқаддас талаблар, таълим ва тарбияни юзага чиқишида энг асосий талаблар, муҳим
белгилар
саналади.
Ўқитувчи ҳамиша ўқувчилар нигоҳида, кузатувида бўлади. Унинг жозибадор нутқи, ширали овози,
мазмунли суҳбати ўқувчи учун намуна вазифасини ўтайди. Ўқувчи ўзи учун идеал саналган ўқитувчининг
хатти-ҳаракатларига, кийинишига, сўзлаш одобига, нутқ манерасига тақлид қилишни хуш кўради.
Ўқитувчининг дарс ўтиш жараёнида нутқий хатолар, масалан, сўзни нотўғри талаффуз этиш,
шевага оид
сўзларни кўп қўллаш каби, такрор-такрор кузатилса, бундай камчиликларнинг ўқувчи нутқига кўчиш ҳолати
юқори бўлади. Тилшунос олим Низомиддин Маҳмудов ўқитувчи нутқидаги ғализлик, баъзи сўзларни беўрин
такрор қўллайвериши, сиртдан ўқувчилар томонидан калака қилинишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида
огоҳлантиради. Бизнингча, нутқий одоб борасида ўқувчиларимизга,
энг аввало, ўқитувчиларимиз ибрат
кўрсатишлари лозим. Ўқувчини сўзамолликка, топиб сўзлашга, ўринли
гапиришга, маънили фикр айтишга
ўргатиш ўқитувчи салоҳиятининг хира тортмас кўзгуси бўлмоғи керак.
Бошланғич синфлардан бошлаб ўқувчининг нутқий малакаси ўсиб боради. Табиатан индамас, бироз
одамови, кўпчилик орасида гапиришни хушламайдиган ўқувчининг нутқий масаласи ўқитувчининг кўпроқ
эътиборини талаб этади. Бундай ўқувчиларни мулоқотга чорлашнинг энг мақбул йўлларидан бири – бу ўша
ўқувчига маъқул келадиган мавзу доирасида суҳбат қуриш. Агар ўқувчи автомобилларга қизиқса,
шу мавзудаги
мулоқотда у анча фаол гапиради. Қушларга, уй ҳайвонларига қизиққан ўқувчилар билан ҳам мавзуга дахлдор
суҳбатлар ташкил қилиш ижобий натижа беради. Дарс жараёнида саволларга нотўғри жавоб берган ўқувчига
қаттиқ танбеҳ бериш, “жавобинг умуман нотўғри”, “ўтир, сенга “икки”, “гапни эплаб гапиролмайсан” тарзидаги
койишлар ўқувчини кейинга гал “жим” бўлишга ундайди ва бу ҳолат характерга айланиб боради.
Халқимизда “Ширин сўз болдан ширин”, “Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин”, “Ширин
сўз билан илон инидан, пичоқ қинидан чиқади” каби пурҳикмат ўгитлар жуда кўп. Бундай ҳикматлардан
ўқитиш жарёнида фойдаланиш ўқитувчи учун ҳам, ўқувчи учун ҳам бирдек наф келтиради. Ўқувчининг
нутқини ўстиришда ўқитувчининг тинглаш лаёқати муҳим аҳамият касб этади. Тинглаш - бу кишидан сабр-
қаноат, бардош талаб этади. Айниқса, бошланғич синф ўқувчиларининг гапларини диққат билан тингаш,
эшитиш улардаги нутқий кўникмаларнинг ривожланишини таъминлайди. Нутқи
бир неча марта беэътибор
қолган ўқувчи ўқитувчисига ўз фикрларини айтишни раво кўрмай қўяди. Ўқувчи ёшларда кузатиладиган
тундлик, қўполлик, дағалсўзлик кўпроқ уларни бошқалар тингламай қўйиши оқибатида шаклланиб боради.
Бугун амалий фаолият кўрсатаётган ёки сафимизга энди қўшилиб келаётган ўқитувчиларимизнинг
нутқий малакасини, тилдан, нутқдан фойдаланиш имкониятларини талаб даражасида деб, баҳолаш жуда қийин.
Ўз фикрини она тилида эмин-эркин ифодалай олмайдиган, бир гапининг ўзида “дудуқланадиган”,
“чайналадиган”, ҳадеб “ҳалиги”, “анақа”, “ҳалигиндақа” деб нутқини ғализ сўзларга кўмиб ташлайдиган
ўқитувчи қандай қилиб илм сирларини ўқувчига
етказсин; нутқий одобга эга бўлмаган ёки сўзлашиш
маданиятини яхши билмайдиган ўқитувчи қандай қилиб ёш ниҳол қалбига маънавий-маърифий хазинани
жойласин. Энг ачинарлиси, ўқитувчидаги бундай нутқий камчиликлар ўқувчиларга ҳам “юқиб” палак отиб
кетиши мумкин.
Тилшунос олим Низомиддин Маҳмудов жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, ҳар қандай мутахассис, замон
билан ҳамқадам ҳар қандай кадр, энг аввало, ўз она тилининг садоқатли соҳиби бўлмоғи лозимлигини, она
тилига чинакам соҳиб бўлмоқнинг бош шарти эса унинг туганмас имкониятларини тугал эгалламок, яъни
фикрни мустақил, равон, гўзал ва лўнда ифода эта олмоқдан иборат нутқий маданият малакаларини
шакллантириш; нутқ
маданияти, тилдан бeмалол ва мақсадга ўта мувофиқ тарзда фойдалана олишни
таъминлайдиган кўникма, малака ва билимларнинг жами эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Шу маънода, ўқитувчиларимизнинг, айниқса, бошланғич синф муаллимларининг нутқий
компетентликка эга бўлишлари ҳаётий заруратдир. Етук нутқий малакага эга бўлиш тинимсиз меҳнат, ижодий
изланиш, бетиним машқлар ҳосиласи сифатида бўй кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: