Хулоса
Ўрта Осиё минтақавий ривожланишининг асосида ибтидоий уруғ
жамоаларининг ўзлаштирувчи хўжаликдан ишлаб чиқарувчи хўжаликка
ўтиши, яъни деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликларининг пайдо бўлиши ва
ривожланиши ётади. Жамият тараққиётининг кейинги босқичларида ишлаб
чиқариш кучлари ўсиб борди, металл кашф этилди, ҳунармандчиликнинг
қатор соҳалари тараққий этди,ихтисослашди, меҳнат унумдорлиги ошди,
қўшни ҳудудлар билан маданий ва савдо алоқалари шакллана бошлади.
Савдо-сотиқ жамоалар ўртасидаги юқори ривожланган алоқа тури
ҳисобланади. Шахсий мулкнинг пайдо бўлиши ва ортиқча маҳсулотлардан
жамоанинг бошқа нарсаларга бўлган эҳтиёжини қондириш масаласи савдо
ишининг асосини ташкил этади. Бундай асослар Ўрта Осиё ҳудудида мавжуд
эди.
Қадимги савдо йўлларининг асосий тармоқлари ва йўналишларини
белгилашда мис, қўрғошин, ложувард конлари ва уларнинг тарқалиш
географияси асосий манба бўлиб ҳизмат қилади.
Маълумки, Ўрта Осиё ҳудуди турли маъданларга бой бўлиб, бу даврда
ўзлаштирилган конлардан олинадиган металлар, нодир минераллар,
қимматбаҳо тошлар ва бошқа кон маҳсулотлари, нафақат, қадимги Шарқ
мамлакатларида қадрланган, шу билан бирга уларга ички эҳтиёж ҳам мавжуд
бўлган. Бу эҳтиёж қадимги конларни минтақанинг турли маконлари билан
боғловчи алоқа йўллари фаолияти бошланишига олиб келди.
Ўрта Осиё жойлашган географик ўрнига кўра қадимги халқлар ва
маданиятларнинг, илк цивилизацияларнинг кесишган, уларни ўзаро
боғловчи вазифасини бажарган ҳудудлардан биридир.
Бронза давридан бошлаб Ўрта Осиёни қадимги шарқ дунёси билан
боғловчи алоқа-савдо йўллари тизими шаклланиши минтақамизнинг
шаклланаётган халқаро иқтисодий-маданий алоқалар тизимига қўшилишига
асос солди. Ўрта Осиёни қадимги Шарқ цвилизациясининг илк ўчоқлари
билан боғловчи йирик транзит алоқа йўллари шаклланишида иқтисодий
омиллар муҳим аҳамият касб этган. Хусусан, қадимги Шарқ мамлакатларида
минтақамизнинг жанубий ўлкаларида биринчи галда Сўғдиёна ва
Бақтриядан олиб кетилган металл ва нометалл маҳсулотлар, қимматбаҳо
тошлар ва нодир минералларга талаб катта бўлган.
Маҳаллий ўтроқ-деҳқон аҳоли кўчманчи халқлар билан, бундан
ташқари Ҳиндистон, Афғонистон ва Эрон ҳудудлари билан тарихий-
маданий алоқалар ўрнатган эди. Бу даврдаги ички ва ташқи алоқалар
тизимида иқтисодий омил етакчи ўрин тутган. Ички ва ташқи савдо йўллари
иқтисодий-маданий алоқалар ривожининг асосий негизи бўлиб, уларни
маҳаллий, минтақавий ва трансминтақавий аҳамиятга эга бўлган йўлларга
ажратиб, ўрганиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |