www.ziyouz.com kutubxonasi
69
деб бошлаған уларнинг ашулалари ҳам ифода қилар эди.
1. ОТА-ОНА ОРЗУСИ
Ўзбек ойим элли беш ёшлар чамалиқ, чала-думбул табиъатлик бир хотин бўлса ҳам, аммо
эрига ўткирлиги билан машҳур эди. Унинг ўткирлиги ёлғиз эригагина эмас, Тошканд
хотинлариға ҳам ом эди. Ўзга хотинлар унинг соясига салом бериб тўйларида, азаларида,
қисқаси, тиқ этган йиғинларидағи уйларининг тўрини Ўзбек ойимға атаған эдилар. Бир бугина
эмас, қиз чиқаратурған, ўғул уйлантирадирған, суннат тўйи қила-дирған хотинлар ўз тўйларини
Ўзбек ойим кенгашидан ташқари жўната олмас эдилар. Ўзбек ойим аралашқан тўйлик
хотинларнинг кўнгилларидаги орзу ҳаваслари ҳам эрлари томонидан камчиликсиз бажарилар,
чунки «Ўзбек ойим шундоғ буюрдилар» деган сўз эрлар учун ҳам фарз каби эшитилиб, Ўзбек
ойимнинг айтканича ҳозирлик кўрила бошланар эди. Бу томондан қарағанда Ўзбек ойимнинг
ўткирлиги эрлар томонидан ҳам тасдиқ этилганлигини иқрор қилишға тўғри келадир.
Ўзбек ойим унча-мунча тўю азаларга «кавшим кўчада қолған эмас» деб бормас эди. Шунинг
учун хотинлар ўз тўйларини Ўзбек ойим иштироки билан ўтказиб олсалар, ўзларини шаҳарнинг
энг бахтлик хотинларидан санаб «манинг тўйимни бек ойим ўз қўллари билан ўтказдилар»
деган жумлани мажлисларда ифтихор ўрнида сўзлаб юрар эдилар. Ўзбек ойимнинг обрўси
ёлғиз шулар билангина чекланиб қолмас, уни ўрда хонимлари ҳам эҳтиром қилиб ўзларининг
«онахонлари» деб билар эдилар. Шунга кўра қайси бир вақтларда ўрда ясовуллари Юсуфбек
ҳожининг эшигига арава кўндаланг қилиб «ўрда беги ойим буюрдилар”, деб Ўзбек ойимнинг
ясаниб чиқишини кутар эдилар. Бу томон билан қайси бир мажлисларда Ўзбек ойим
хотинларнинг эсларини ҳам чиқариб юборар эди: «Кеча ўрда бек ойимдан менга арава келган
экан, феълим айнаб турған эди, бормай аравадан бўш қайтардим... Бо худо, ўрда бекачи бўлса
ўзига, дедим» дер эди. Иккинчи вақтда: «Ўткан кун ўрдага борған эдим; хонимлар ётиб
қоласиз деб қўймадилар, ноилож бир кеча ётиб келдим”, деб сўз орасиға қистириб кетар эди.
Бу сўзларни эшиткучи хотинлар ўзларининг қандоғ бир хотиннинг суҳбатига ноил
бўлғанларини ўйлаб, Ўзбек ойимнинг эҳтиромини тағин ҳам кучайтирар эдилар.
Ул ўз уйида ўлтурғанида ҳам устидаги атлас кўйнак билан адрас мурсакни, оқ шоҳи дакана
билан каҳрабо тасбиҳни қўймай, қиш кунлари танчадан пар ёстиққа суялиб, ёз кунлари
айвоннинг тўрига ёсланиб Ҳасан-алининг хотини бўлған Ойбодоққа, чўри қиз Ҳанифага
хамирни ачитмасликни, паловни қирмоч олдирмаслиқни танбиҳлабкина ўлтурар эди.
Отабекнинг Марғилондан уйланиб қўйиши отаси учун унча ризосизликка мужиб бўлмаса
ҳам, аммо унинг ўғул тўйисидан бошлаб, Тошканд қизларини ост-уст қилиб у «бунинг қизи
яхши бўлса ҳам, уй-жойлари ярамас экан; бунинг уй-жойлари тузик бўлса ҳам, қизи кўрксиз
экан; бунинг қизида, уй-жойларида тузик, бироқ зоти пас экан» деб қиз, қуда, уй, жой, насл ва
насаб текшириб юрғучи Ўзбек ойимнинг Отабекни уйландириб бунинг орқасидан кўратурган
орзу-ҳавас, тўю томошаларини шартта кесиб қўйған бу уйланишка нима дейиши ва қандай
қараши албатта маълум эди. Биттаю битта ўғли Марғилон деган жойда, аллакимларнинг
қўлида, асли номаълум кишиларнинг қизиға уйлансин-да, бу кун-ерта ўғлумнинг орзу-ҳавасини
кўраман, деб энтикиб ўлтирған ва ўғул боқиб катта қилған она — Ўзбек ойим икки қўлини
бурнига тиқиб қараб қолаберсин...
Бу хабарни Ҳасаналидан эшиткан кунлари ул бу ишка чидаб туролмади: «Eнди менга мундоғ
ўғул керак эмас... Оқ сутимни оққа, кўк сутимни кўкка соғдим... Энди Тошкандга келмасин ул
ўзбошимча бетиюқ!” деб бақириб-чақириб, йиғлаб-сихтаб, дарду ҳасратни бошиға кийиб олди.
Орадан ўн беш кун ўтар-ўтмас Марғилондан Отабек келди. Уч ойлаб кўрмаган ўғлини қучоғиға
олиб кўришмак ўрнига ундан юзини ўгуриб, сан кимсан, келдингми, деб сўрамади ва саломига
алик ҳам олмади. Гўё ухламоқчи бўлған товуқдек ҳурпайиб олди. Отабек онасининг аразига ал-
лақачон тушунган, ҳам шу ҳолни Марғилондаёқ куткан эди. Бир-икки қайта узр айтиб
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |