www.ziyouz.com kutubxonasi
203
— кирмадинг демас эди. Эрининг баъзи бир самимияти қоронғуроқ муомалаларига қарши
Зайнаб ҳам муҳмалрак қилиб кулиб қўяр эди.
* * *
Ой туғиб, мўлжал яқин етди. Марғилондан ҳам Офтоб ойимнинг йўлға чиқиш хабари келди.
Лекин Кумушда маълум оғриқ бошланған эди. Оғриқнинг биринчи куни Кумуш ҳеч кимга
сездирмай юрди. Аммо иккинчи кун буни бошлаб Отабек, ундан кейин Ўзбек ойим сезди.
Отабек маълум хавф остида бу сирдан кишига оғиз очиш учун ўзида мажол топмаса ҳам, Ўзбек
ойим даррав Ҳасаналини мундан олти ой илгари белгуланиб қўйилған доя хотинға югуртирди.
Доя келгандан сўнг ичкари ҳавли эркак зотидан тозаланди. Кумушни ўқтин-ўқтин оғриқ
ушламакда, доя хотин ва Ўзбек ойим унга ўзлари билган удимлар билан ёрдамлашмоқда
эдилар. Кечка томон дард жуда кучайиб кетди, ўқтин-ўқтин дам-бадамга алишинди.
Ташқарида Отабек йўқ эди. Ҳасанали дарбоза билан меҳмонхона орасида қўлини-қўлиға
ишқаб юриниб турар ва қайта-қайта ахтахонаға кириб тўриқ йўрғанинг у ер, бу ерини супирар
эди. Ҳожи бўлса хурсанд ва хафалиги номаълум бир қиёфатда «Далойил» ўқур эди, ҳар беш
дақиқада ичкари томонға қулоқ солиб тўхтар, гоҳо даричадан Ҳасаналини чақириб
«тинчликми» деб сўрар эди.
Улар масжиддан шомни ўқуб киргач, ичкаридан Ойбодоқ кечлик олиб чиқди. Ундан на
Ҳасанали ва на ҳожи оғиз очиб ҳол сўрамадилар. Таом устида Отабекнинг йўқлиғи ҳам ҳис
этилмади. Сўзлашмасданғина лагандан бир мунча чўқиған бўлдилар-да, қўл артишдилар.
— Хуфтан айтилдими? — деб сўради ҳожи.
— Эшитмадим... Чиқа берсак ҳам бўлар, — деди Ҳасанали. Шу вақт ичкаридан хотинларнинг
фавқулодда қий-чув товушлари эшитилиб, иккисининг ҳам қулоқлари тиккайди ва қўрқа-писа
бир-бирларига қарашдилар. Қий-чув орасидан заиф йиғи товши ҳам келиб қўйди... Иккиси бир
мунча кулимсираб олдилар, лекин шундоғ бўлса ҳам яна чурқ этиб оғиз очмадилар. Орадан кўб
фурсат ўтмади, ичкаридан Ойбодоқ югуриб чиқди ва даричадан туриб «сўйинчи!» деди. Ҳожи
ёнчиғини кавлай бериб «алҳамдулиллоҳ» деб қўйди. Ҳасанали ҳам илжайиб ёнчиқ кавлашка
тутинди ва:
— Ўғулми, ҳолва? — деб сўради хотинидан.
— Ўғул!
— Баракалла.
Ҳожи кулимсираб қўлидағи уч-тўртта оқ танга билан битта тиллани Ойбодоққа узатди —
«Тангаларни ўзинг ол, тиллани доячага бер!» деди. Ҳасанали сўйинчисини топширғандан сўнг
дуоға қўл очди: «Оллоҳ таоло умри билан берган бўлсин». Шундан кейин хотиржамъ бўлған
ҳолда хуфтанга кетдилар.
Отабек меҳмонхонага яқинлашиши билан чақалоқ йиғисини эшитиб ихтиёрсиз ичкари
ҳавлиға томон бурилди ва йўлакда онасиға йўлиқди. Қоронғу бўлса ҳам Ўзбек ойимнинг
тусидаги шодлиқ белгулари очиқ кўриниб турар эди:
— Ўғул муборак бўлсун, болам!
— Ўзи тетикми?
— Тетик!
— Олдиға кирайми?
— Йўқ, — деди Ўзбек ойим, — чиллалик уйга кечаси кўчадан келиб кириш яхши эмас...
Ичкари кирсанг тўғри Зайнабнинг олдиға бор. Даданг шундами?
— Ўзи?..
— Ўзи яхши, хотиржам бўл, — деди Ўзбек ойим, орқасиға қайтди. Отабек кетига бурилиб
ташқари йўлак-дан киргучи дадаси билан Ҳасанали шарпасини олди ва ўйланиб тўхтади.
Айниқса ҳозирги пайтда дадаси билан тўқнашиш унинг учун бир оз ўнгғайсизроқ туюлган эди.
Шу йўсун бир мунча вақт йўлакда туриб, сўнгра ичкарига томон юрди. Зайнабнинг уйига ўтар
экан, бир неча қайта Кумуш ётқан уй тарафка қараб олди.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |