www.ziyouz.com kutubxonasi
201
— Тузик, — деди Зайнаб, — лекин ҳар қадамда унинг ҳузурини бузаман, бир чўқитиб ўн
қаратаман.
Хушрўй кулди:
— Бундан нима чиқади?
— Ишқилиб келгиндини тинчитмайман.
— Сен тинчитмасанг, — деди Хушрўй, — бошқалар сени тинчитар...
— У нима деганингиз?
— Яъни роҳатини бузаверсанг, эринг сени қўяр?..
Зайнаб бу ҳақиқат олдида ўйланиб қолди. Хушрўй ўзининг ваҳший кўзлари билан
синглисига қараб кулимси-рар эди. Бу кулимсираш ораси «қўлингдан нима келади?» дегандек
бўлар эди. Зайнабнинг туси шу чоқғача кўрилмаган равишда ўзгариб кетди. Негадир тинмай
оқиб турған кўз ёшиси ҳам қуриди ва товшида ҳам ҳануз эшитилмаган кескин бир оҳанг бор
эди:
— Эсимни киритдингиз, опа, — деди, — раҳмат сизга.
— Раҳматингни менга айтма, — деди Хушрўй, — ишонсанг юрагингга айтарсан...
16. ОЙ-КУНИ ЯҚИН ЭДИ
Кумушнинг ой-куни яқин эди. Набиралик бўла-дирған Ўзбек ойимнинг иши бошидан ошқан,
Кумушнинг ойи туғмасданоқ ул бешик ясатиш билан машғул эди. Дояча ким, ақиқага нечта қўй
керак, нечанчи кунда тўй ўтказиладир, нечта эркак, нечта хотин айтиладир ва кимлар? Мана
шунингдек масалалар билан Ўзбек ойимнинг мияси жуда шишкан эди. Кумушда кўрилган баъзи
нишоналарга биноан набирасининг ўғул бўлишида шубҳа қилмас — «ўғул туғасан, Кумуш, мен
ҳам Отабекни сенга ўхшаш енгил кўтарган эдим», дер эди. Кумушни хизматдан бўшатилиб
баъзи ўчоқ-боши юмишларини Зайнаб идорасига топширилғаниға энди бир ойлаб бор.
Ўзбек ойим набира масаласида қанча хурсанд бўлса, Отабек шунчалик хафа, чунки Кумушни
кўрган сайин уста Алим фожиъасини хотирлар эди. Юсуфбек ҳожи маълум алданишдан сўнг
юрт ишидан қўл ювған, кўб вақтини меҳмонхонада «Қуръон» ва «Далойил» ўқуб кечирар,
кундаш ораси бузилиб, ўртадан сўз чиқғанини гоҳо эшитса, иккала келинни ўз олдиға
чақиртириб, уларни қатор ўтқазар эди. Аввало Кумушдан ўпка қилиб: «Ойим, ҳар нима сиз
каттасиз, Зайнаб ёш, каттадан-кичикка шафқат лозим, мундоғ яхши эмас!» ва Зайнабка қараб:
«Болам Зайнаб отин! Сиздан ҳали ёшлик ғурури кетмаган, лекин маним болам бўлған-
лиғингизни сиз ҳам унутманг!» дер ва шунинг сингари юмшоқ гаплардан кейин иккисини дуо
қилиб бир-бирисига салом бердирар — «ана, шундоғ бўлсин, опоқ қизларим!» деб кетишка
рухсат берар эди. Улар кеткандан кейин албатта Ўзбек ойим эри ёниға кирар, ҳожи бўлса
хотиниға сизсираб: «Сиз икки келин ушлашни билмабсиз, Зайнабка жабр қилған кўринасиз,
айниқса Зайнабнинг кўнглига қарашингиз керак, Отабекка ҳам насиҳатингиз лозим!» дер эди.
Ўзбек ойим шундай кезларда Кумушнинг ёнини олиб «Зайнабни худой кўтарсин, айб ўзида...»
дея бошласа, ҳожи унинг оғзини аранг тўхтатур: «Секин-секин, уят! Қайин она деганнинг адл
туриши лозим. Зайнаб сиз билан маним орзу ҳавасимиз эмасмиди?»
Аммо набира масаласидаги Ўзбек ойимнинг баъзи бир қуюшқондан ташқари ҳаракатларини
ҳам босқучи яна ҳожи эди: «Зайнаб бор, Зайнабни унутдингизми. Ўз келинингиз Зайнабни!»
Мундан ўн беш кунча илгари Кумуш онасиға бир хат ёзған эдиким, аҳамиятига кўра биз бу
ўринда кўчирамиз:
«Онажон, куявингизнинг ёзғанларидан ташқари мен сизга шу билан олтинчи хат ёздим.
Аммо сиздан учта ва дадамдан иккита хат олдим. Айниқса дадамнинг кейинги хатидаги қора
хабар билан дори дунё кўзимга торайди. Ўлим ҳақ, аммо бечора бувим жон берар экан, ёнида
туриб дуосини олиб қолмағаним учун кўб ҳасрат чекдим. Айниқса мусофирчилигим ёмон асар
қилди. Кўз ёшларим билан юзимни ювдим. Бу кун бешинчи кундан бери раҳматлик бувим
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |