www.ziyouz.com kutubxonasi
205
ҳолдан ўзини унуткан ва қўлидағи ханжари билан сигирга югирган эмиш... Сигир эмас — сариқ
сочлик албасти эмиш... Дармонсизланған ва ханжари қўлидан тушкан эмиш... Дунёни
қоронғулиқ босқан эмиш...» Чўчиб уйғонди ва ўз ёнида ухлаб ётқан Зайнабни кўрди. Ҳалиги
босинқирашдан юраги гуп-гуп урар ва вужудини тер босқан эди. Секингина ўнг ёниға
ағдарилиб ҳавли томонға қараб ётди. Унинг ағдарилиши билан Зайнабнинг кўзи оҳистағина
очилиб яна ёпилди.
Вақт саҳарга яқин, теваракдаги хўрозлар кетма-кет қичқирар эдилар. Яқин орадағи обжувоз
пойкўпининг зарби ерни силкитиб-силкитиб тўлқин берар эди. Нариги уйда ёниб ётқан шамъ
нури дарича тирқишидан милт-милт кўзга илинур, аммо шип эткан товуш эшитилмас эди. Ул
қайтиб ухлаёлмади. Кумушнинг кечаги қийналиши тўғрисида хаёлланиб кетди. Субҳ азони
айтилиб, секин-секин тонг ёриб борди, маҳалла масжидидан ҳам азон товши келгач, ул таҳорат
олмоқ учун қўзғалди.
Кумушнинг ёниға кириш қулай бўлсин, деб но-ништани Зайнабнинг уйида қилди. Ўзбек ойим
тарафидан кириш учун рухсат берилган эди. Чойдан кейин дояча Кумуш ёнидан бир оз вақтға
чиқиб турди. Тўрга Кумуш ётқизилған, унинг оёғ томонида Ўзбек ойим чақалоқни кўтариб
ўлтурган эди. Отабек кирганда ўзининг синиқған юзи, ичкарига ботинқираған кўзи билан
Кумуш илжайиб унга қаради. Отабек тутилинқираб, «муборак бўлсин!» деди. Кумуш жавоб
ўрнига уялиб юзини кўрпага яширди. Ўзбек ойим:
— Берганга қуллиқ бўлсин, ўлтур, — деди.
Отабек Кумушнинг бош томониға ўлтурди. Ўзбек ойим фотиҳа ўқуди. Сўнгра чақалоқни
Отабекка яқинлашдириб, — тойчоғимнинг кўрманасини чиқар, дадаси. — Отабек қизариб
болаға қаради, Кумуш юзини яна кўрпага яшириб олди.
— Ўзингиз тузикмисиз?
— Шукур...
— Қийналибсиз, деб эшитдим...
— Туғмоқ ҳазилми сенга, — деди Ўзбек ойим.
Кумуш Отабекни ўзига имлади ва қулоғиға шивирлади: «сизнинг гуноҳингизга...»
— Хўрак қилдингизми?
Ўзбек ойим:
— Кечадан бери ичига иссиғ киргани йўқ. Зайнабка айтай сутлик атала қилиб берсин, —
деди.
— Албатта! — деди Отабек ва онасиға бир тилла сўйинчи бергандан сўнг хотиржамълик
билан уйдан чиқди.
Тушликдан кейин Отабек меҳмонхонада китоб мутолаа қилур, даҳлизда Ҳасанали узилган от
асбобларини улаб тикар, Ҳожи масжидгами, бошқағами кеткан эди. Шу вақт ичкаридан
Ойбодоқ чиқиб Отабек ёниға келди:
— Бек, сиз уйга кириб чиқар эмишсиз, — деди.
Отабек китобни белгулук қилиб ёпди:
— Тинчликми?
— Тинчлик... даррав киринг-чи!
Отабек Ойбодоқ билан кетма-кет ичкарига кирди. Зайнаб ранги ўчкан ҳолда Кумушнинг
уйидан чиқиб келар эди.
— Нима гап? — деб ундан сўради Отабек.
— Билмадим, — деди, — опам кўнгиллари айнаб қусяптилар...
Отабек эшик ёниға келгандан сўнг уйдан бир неча хотин паранжи ёпиниб чиқдилар-да, ул
уйга кирди. Ўзбек ойим жом ушлаған, Кумуш жомга ўқчиб қусар эди.
— Нима бўлди?
Кумуш жавоб бералмади.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |