www.ziyouz.com кутубхонаси
31
— Мен кетаман.
— Қаёққа?
— Шаҳарга. Бу ерда мен ишлолмайман. Йўқ. Кетаман.
— Жиннилик қилманг.
— Бу жиннилик эмас. — Доктор ўрнидан туриб, ёнимга келиб ўтирди. — Бир йилдан ошди,
чидадим. Энди тоқатим йўқ. Қишлоқ — қишлоқда. Умрим бекорга ўтиб кетадиганга ўхшайди.
Медикка шаҳар керак.
— Фарида-чи? — сўрадим мен.
Уларнинг сўнгги пайтларда бир-бирларига бошқача қараб юришганини билардим.
— Нима бўпти? Қиз бола бировнинг хасми, — деди Мавлон бепарволик билан. —
Жойлашгач, олиб кетаман.
— Рози бўлармикин?
— Кўндираман, — деди қатъийлик билан у.
— Ихтиёрингиз, — дедим мен овқатдан бош кўтармай, Мавлон мендан бундай жавобни
кутмаган эди шекилли, бўшашиб қолди.
— Эртага бир ош қилайлик, — деди анчадан сўнг менга айбдорларча боқиб. — Қўлболадан
озгина бор. Кетар жафосига ярайди.
— Ошингизнинг тарихини Тошкентда ҳам билишар-кан, — дедим Ойпопукнинг гаплари
эсимга тушиб.
— Йўғ-е, ким билар экан? Э-ҳа, инженер Воҳидовми? Утган йили кузда келган эди у. —
Мавлоннинг чеҳраси очилиб кетди. — Ошни шу чойхонада қилиб берган эдим. Жуда очиқ,
сергап одам. Уч кун турибди-ю, биттамизга оғиз очирмабди-я! Тағин нималарни гапиради денг?
Нуқул қандайдир шпиндель-мпинделларни!
— Шу одам қамалибди.
— Қамалибди? Нега?
Елкамни қисдим. Мавлон ҳам жимиб қолди.
Кўп ўтмай ётдик. Дарров кўзим илинди. Мавлон ҳам хуррак ота бошлади. Бир маҳал чўчиб
уйғониб кетдим. Кимдир жонҳолатда деразани тақиллатарди.
— Кимди, ким? — шошиб очдим. Ойпопук экан.
— Дадамлар! Дадамларни!.. — деди у энтикиб ва гапиролмай ҳўнграб юборди.
— Бу ёққа киринг! Нима бўлди ўзи? — деб эшикка югурдим. Ойпопукни қўлтиқлаб олиб
киргунимча, уйдагилар аллақачон туришган эди. Шаҳодат хола лаблари титраб гапиролмасди.
Мавлоннинг ранги қув ўчиб кетган. Нуқул энтикаётган Ойпопукка қараб қолган эди.
— Нима бўлди? — дердим мен нуқул ва зўр бериб Ойпопукни хонага олиб киришга ҳаракат
қилардим.
Стулга ўтқазганимда ўзини босиб олди шекилли:
— Дадамларни... дадамларни... қамоққа олиб кетишди, — деди ва ҳушидан кетиб қолди.
Мавлон уйқуси қочиб, нима бўлганига тушунди ва Ойпопукни мендан олди. Оғзи очилиб,
бизга қараб турган Шаҳодат хола бирдан:
— Вой, вой шўрим! — деб бақириб юборди. Бирпасда уй қўни-қўшнига тўлиб кетди.
Ҳовлини қий-чув босди. Аёллар бир-бирларига қулоқ солмай, нималарнидир ҳовлиқиб
гапиришар, ора-сира йиғлаб ҳам олишарди. Ҳайдарали ака, колхоз парторги келиб, ҳаммани
ҳайдаб юборди-да, хонанинг эшигини беркитди. Ойпопук ўзига кела бошлади. Бир оздан сўнг
кўзларини очиб, хонадагиларга бир-бир қараб чиқди-да, пиқиллаб йиғлаб юборди.
— Йиғлама, қизим, — деди Ҳайдарали ака. — Эрталаб ҳаммаси аён бўлади. Отангнинг
гуноҳи йўқ, мен биламан. Англашилмовчилик бўлса керак бу. Эрталаб ҳаммаси аён бўлади.
Отангнинг гуноҳи йўқ. Йиғлама.
Ойпопук ўрнидан турмоқчи бўлиб, қўзғалди.
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |