www.ziyouz.com кутубхонаси
29
— Кеча бошқа, бугун бошқа, — деди у қошларини чимириб. — Кеча ҳаво булут эди, бугун
эса очиқ.
У хахолаш билан бирдан ўрнидан турди-ю, пешонамдан ўпди.
— Сизни яхши кўраман. Ишонаман. Юринг, тоққа чиқамиз!
Ойпопук туфлисини қўлига олиб югуриб кетди. Мен ҳам ўрнимдан турдим. Чинорли қояга
етиб келганимизда кун анча оғиб қолган эди. Ҳаво ҳам салқин эди. Курткамни ечиб, қорамтир
билакларини қучоқлаб олган Ойпопукнинг елкасига ташладим. Осмонда катта-катта булут
парчалари сузиб юрарди. Улар орасидан тушиб турган ингичка шуълалардан чинорнинг қизғиш
барглари олтин тангалардек ярақларди. Кўзим қамашиб кетди.
— Юринг, қояга чиқамиз, — деди Ойпопук, — сира чиққан эмасман.
Тошдан-тошга битта-битта оёқ қўйиб, қоянинг устига кўтарилдим.
— Вой-бў! — деб юборди Ойпопук атрофга қараб.
Кўз олдимизда ажойиб манзара очилган эди. Бутун қишлоқ, паст-баланд уйлар, боғлар,
полизлар, тўлқинланиб оқаётган дарё тагимизда эди. Тепамизда эса баланд қоялар, оқ-қора
булутлар, ғувиллаган шамол!
— Қандай чиройли! — деди Ойпопук энтикиб.
— Ҳа, жудаям, — дедим мен.
— Тез-тез келиб турамиз, хўпми?
— Хўп.
— Мен қишлоғимизнинг бунчалик чиройлилигини энди билдим! Қаранг, ҳов ана, уйимизни
кўряпман. Ҳов ана, толнинг тагида. Кўряпсизми?
— Ҳа, ҳов ана идора.
— Ҳа. Сизнинг уйингизни топиб берайми? Ойпопук баҳайбат чинорга яқинлашиб, суянди.
— Топдим, топдим. Бу ёққа яқин экан-ку! Қаранг.
Унинг ёнига бориб, мен ҳам чинорга суяндим.
— Ҳа. Доктор уйдага ўхшайди. Дераза очиқ.
Бир маҳал Ойпопук титраб кетди-да, менга ёпишиб олди.
— Қаранг! — деди қўли билан пастни кўрсатиб. Қарадим-у, юрагим орқамга тортиб кетди.
Қоянинг таги қандайдир чуқур бўшлиқ эди. Кичкина жилға худди илондек тўлғаниб оқарди.
Катта-кичик тошлар атрофида думалаб ётарди.
— Шу ердан тушиб кетган одам ўлса керак-а? — деди Ойпопук сирли оҳангда.
— Ҳа. Чуқурлигини қаранг. Бунчалик баланддамиз, деб ўйламаган эдим.
— Мен ҳам. — Ойпопук ўйланиб қолди, бир оздан кейин деди: — Балки хотинини ташлаб
кетган йигит шу ердан йиқилиб ўлгандир?
— Қайси йигит?
— Яккачинор афсонасидаги йигит-да. Менинг унга раҳмим келади. Бечора қандай азоб
чекканикин?
— Юринг, қайтамиз, — дедим гапни бошқа ёққа буриш учун.
— Йўқ, йўқ. Яна бир оз турайлик, — деди шошиб Ойпопук ва қўлимни ушлади. — Қаранг,
қуёш ботяпти. У худди сўнаётган вулқонга ўхшайди. Сиз қуёш ботишини яхши кўрасизми? Мен
жуда яхши кўраман. Шундай қараб ўтираверсам, ўтираверсам. У ботиб, қоронғу тушишини эса,
ёмон кўраман. Ҳамма жониворлар ҳам буни ёмон кўрса керак. Нега бўлмаса сигирлар
маърайди, товуқлар қақиллайди? Мен ҳам ўзимни ёмон ҳис қиламан. Ичимда нимадир узилиб
кетгандай бўлади. Ўктам ака?
— Лаббай? — дедим унинг гапларига берилиб.
— Мени яхши кўрасизми?
— Жудаям!
— Мени ҳеч ёлғиз ташлаб кетмайсиз-а?
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |