Умиджон Бекимметов-Хоразм Маъмун академиясининг таянч докторанти
УДК: 94(575.171)
ХОРАЗМДА ЗЎРЛИК БИЛАН ЎТКАЗИЛГАН КОЛЛЕКТИВЛАШТИРИШ
Аграр соҳада давлат монополиясини ўрнатиш мақсадида Советларнинг коллективлаштириш сиёсати кучайтирилгач, 1929 йил 21 декабрда Хоразм округ партия комитети «Колхоз қурилиши» ҳақида қарор қабул қилиб,”Барча қишлоқларда 1930 йил кўкламги экиш компаниясигача биттадан колхоз ташкил этишга мажбур” деб белгилади.
Натижада шу қарордан сўнг,жойларда эндигина ер олиб меҳнат қилаётган яккахўжаликлар мажбурий равишда колхозлаштиришнинг ўтказила бошланишидан сўнг, ўша колхозлаштириш ҳақида қарор чиққан 1929 йил декабрида 20 колхоз бўлган бўлса,1930 йилда колхозлар сони 132 тага етди.Шу тарзда округ раҳбарларининг хушомадгўяна иш тутишлари, шошма шошарлик билан коллективлаштиришни олиб боришлари натижасида, 1932 йилда округдаги жами колхозлар сони 703 тага етди.
Биргина Гурлан районининг ўзида 60 та колхоз ташкил этилди.Ҳаттоки, энг узоқ овулдаги 4-5 хутор якка хўжалик ҳам колхоз бўлиб мажбурий бирлаштирилади.Чунончи, 1932 йилда Ҳазораспдаги Мухомон қишлоғида 14 та колхоз ташкил этилган. Хоразм округи бўйича “1932 йил 703 колхоз 55807 хонадондан таркиб топган бўлиб, 296400 киши колхозга аъзо бўлиб кирганди” (1).1932 йилдан бошлаб эса колхозда меҳнатни ташкил этишнинг янги усули жорий этилади.Бунга ВКП(б) Марказий комитетининг 1932 йил 4 февралдаги «Колхозларни ташкилий-хўжалик жиҳатдан мустаҳкамлашнинг навбатдаги вазифалари» деган қарорига кўра, колхозларда ишлаб чиқариш бригадалари тузилди.Ҳар бир ишлаб чиқариш бригадасига маълум миқдорда ер, от-улов ва ҳар хил деҳқончилик асбоб-ускуналари берилди.Энди шу туфайли колхозчи деб ном олган деҳқон устидан назорат олиб борадиган ва унга иш ўргатадиган бригадир ва ишни ҳисоб китоб қиладиган табелчи деган расмий хўжайинлар пайдо бўлди. Колхозларда бригадалар ва звеноларнинг ташкил этилишидан мақсадни ўша даврда Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитасининг раиси бўлган Йўлдош Охунбобоев шундай изоҳлаб, « Шундай қилингандагина ҳар бир колхозчидан, ҳар бир звено ва бригададан ҳосил орттирилишини, ер яхшилаб ишланишини талаб қилиш мумкин.Шундай қилинганда қайси бригада, қандай звено, колхоз аъзоларидан қайсиси яхшироқ ва қайсиси ёмонроқ ишлаётганини контроль қилиш енгил бўлади». (2).Яъни, совет ҳукумати томонидан колхозларда бригадалар ташкил қилиниши, Й.Охунбобоев айтганидек, «ер яхшироқ ишланишини талаб қилиш», «ёмонроқ ишлаётганларни контроль « этиш учун керак эдики, бунинг моҳияти қишлоқда советларча деҳқон устидан қатъий тартиб ва назоратни ўрнатиш эди.
Шунингдек, совет давлати раҳбарияти колхозчиларга фуқаролик паспорти бермай,уларнинг эркинлигини чеклаб, шаҳарга ёки бошқа жойларга иш излаб кетишларининг олдини олди.Шу каби, « колхозчиларнинг колхоздан кўнгилли равишда чиқишлари таъқиқланди. Уларнинг норозилигини босиш учун 1932 йил 7 августдаги фармон билан кимда ким деҳқонларни колхозлардан чиқишга «мажбур» қилар экан, 5 йилдан 10 йилгача муддат билан « концентрацион лагерлар» га ташланишга ҳукм қилинади, деб кўрсатма берди" (3).Бундан ташқари, яккахўжалик асосидаги деҳқонларни мажбурий колхозларга киргизиш шу тариқа авж олиб кетадики, туман партия қўмиталари саркотиблари бутунлай яккахўжаликларни тугатиш ҳаракатига тушиб қолишади. “Жумладан, Урганч райони партия қўмитаси саркотиби Карим Бобожонов дўқ-пўписа ва қўрқитиш билан яккахўжаликларни колхозга мажбурий кирдиришга интилди.У ҳатто ВКП(б) Ўрта Осиё бюроси котиби К.Я.Бауманга телеграмма юбориб, «Урганч районида бир ой ичида колхозлаштириш 45 % га бажарилди» (4)дея ҳисоб берганди.Бундай ҳолатлар округ бўйича ҳам авж олдирилиб, фақатгина 1930 йил кўкламида 200 колхоз тузмоқ керак деган йўл йўриқ ҳам пайдо бўлди.Натижада, Питнак районида ҳатто колхозга кирмаганга намоз ҳам ўқитмай, масжидни қулфлаб қўйишади.
Шундан кейин бошқа жойларда якка хўжалик асосида деҳқонларни мажбурий колхозларга киргизиш шу тариқа авж олиб кетадики, Қўшкўпир районида «Колхоз бўлмаган – шўрога қарши» деган қизил шиор ҳамма чойхоналарни эгаллайди. Ҳазорасп, Гурлан, Хива, Манғит районларида «Колхозга кирмаган еридан айрилур» деган сиёсат юргизилади» . Буларнинг бари эндигина ерга эга бўлган якка хўжалик деҳқонларни колхозга мажбурий кирдириш учун қилинганди.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1.Хоразм вилоят давлат архиви, 2-фонд, 62 дело, 11бет.
2. Хоразм вилоят давлат архиви,Ф 2, 56 д, 23 бет.
3."Қизил Ўзбекистон" газетаси 1940 йил 22 август.
4. Журнал “Социалистическое сельское хозяйство Узбекистана" 1939, № 11-12,с 97-98.
Do'stlaringiz bilan baham: |