Менинг ҳам ақлим буларникидан кам эмас
Сал ўтмай хонамга ўша бир қоши оқ холдор ғулий кириб келди,
салобатли бош ирғаганига мен ҳам калламни қимирлатиб қўйдим. «Қалай?»,
деди у, мен: «Бир нави», дедим, бошқа нима ҳам дейман. Юртини мақтайми,
мен бунақасини кўрмаган эдим, мафтунман, деб айтайми ё халқинг менга
қарамади, одам ўрнида кўрмади, деб шикоят қилайми? Ҳеч ҳам-да! Кейин,
нима фойда? Битта мени деб халқини ўзгартириш бунинг қўлидан ҳам
келмайди. Лекин унинг ўзидан кўп керакли гап чиқиб қолди. «Пойафзал
бўлмасида битта бошмоқни ушлаб кўриб, қўлтиғингизга ҳам қисиб, нега яна
қайтариб жойига қўйдингиз? Олаверсангиз майли эди», деди. Ванғ бўлиб
қолдим. Ана, кузатиб юрган экан булар демадимми! Яна: «Ёқмадими?»,
дейди. «Яхши ҳам одам қўйганимиз, бўлмаса, сизни йўқотиб қўяр эдик.
Бечора энг намунали ходимларимиздан эди», деб гапининг ярмида тўхтаб
қолган эди, мен «Нимага - эди?» деб сўрадим, у жавоб қилмади, аммо мен
тушундим, ўша ходим ҳалиги менга йўлни имо қилган йигитми, демак, унга
бир нарса бўлган, одамларнинг орасидан бошқа тўрт ғулий ажралиб чиқиб,
орқасидан кетгани бежиз эмас экан. Кейинроқ буни аниқ ҳам билдим, аммо
бу ҳам алоҳида мавзу, ҳали ўзингиз тушуниб оласиз. «Яхши бўлмади, буни
бошда ҳам маслаҳат бермаган эдик, лекин бундан ҳам ёмон бўлуви мумкин
эди, бўлмадими, шуниси яхши», деди холдор. Бу энди менинг шаҳарга
чиққаним ҳақида. Бундан ҳам ёмон нима бўлиши мумкин эди, буни сиз ҳам
тасаввур қила олсангиз керак. Билиб турсам ҳам: «Кимга ёмон бўлуви
мумкин эди?», деб сўрадим. У саволимга тўғри жавоб бермади, «Ўзингизни
соддаликкка солманг, - деди. – Аёвли меҳмон эканингизни билиб олиб,
чегарадан чиқяпсиз. Минбаъд бундай қадам босманг». Жуда ҳайрон бўлдим.
«Билмайман, ростдан, - деб азмойиш олдим. - Қаерда чегарадан чиқибман?
Тинч бориб, тинч келдим-ку. Ё бошмоқни ушлаб кўрганимни айтяпсизми?»
Холдор ғулий истеҳзо билан деразага қаради. «Бошмоқ эмас, у-ку бир нарса,
- деди. – Вояга етмаган бола билан кўз уриштирдингиз! Ҳали у бегуноҳ
мурғак эди-ку». Ана энди ичимда анграйишимни кўрсангиз! Ҳам анграйдим,
88
ҳам ақлим ишлаб қолди. Ҳаммаси ҳам майли-ю, энди у болакайга нима бўлар
экан? Шу кичкина ҳолида, ўзи ҳеч нарсани тушунмай шундай катта
маҳкаманинг рўйхатига тушиб ўтирса! Ҳа, холдорнинг бир-икки саволиданоқ
англадим - жуда жиддий маҳкама, ҳали бутун кучини билганим йўғ-у, лекин
бу вазифашуноснинг орқасида жуда катта куч борлигини тасаввур қилиб
турибман. Болакай, ким билади… Йўқ, буни ҳам билмасам-да, кўнглим
билан ёмон нарсани сезиб турибман. Холдорнинг маҳкамаси билан
ҳазиллашиб бўлмайди. Мунинг бир қоши бекорга оқ эмас, яна яноғида,
бурнининг ёнида олхўридек холи ҳам бор. Эшак иши билан, тўнғиз тиши
билан, булар ҳазилни кўтармайди. Ҳали буни ўзингиз ҳам билиб оласиз.
Лекин менинг шаҳарни безарар сайр қилишим шунча зарар келтирадиган
бўлса, чиқмаганим маъқул. Ростдан ҳам аввал ўтириб, ғулийларни, уларнинг
ҳаётини шу ердаги телевизору кассеталардан, китоблардан ўрганиб олишим
керак. Ҳа, шундай қиламан! «Бир илтимосим бор, ўртамизда қолсин», дедим.
«Қулоғим сизда», деди ғулий. «Шу бола билан кўз уриштирганимни, майли,
менинг шахсий ишимда турсин, лекин унинг таржимаи ҳолидан
ўчиртирсангиз». Fулий сакраб кетаёзди. «Нима? Мени нимага бошлаяпсиз?
Жуда ғалати экансиз-ку!», деди. «Э-э, нимага бошлабман? – дедим. –
Боланинг ўтмишида қора доғ бўлиб турмасин, холос». Fулий бир нарсаларни
ўйлаб деразага қатъий тикилиб қолди. «Анойи эмассиз. Бир кундаёқ кўп
нарсани тушуниб оляпсиз. Лекин иложи йўқ нарсани қилдиришга уриняпсиз.
Ахир, вақтни орқага қайтариб, тарихни ўзгартириб бўлмайди-ку», деди.
«Вақтни қайтаринг, демаяпман. Тарих – жуда катта, бу воқеа эса жуда
арзимас. Бор-йўғи мурғак бир болакайнинг менга назар ташлаганини
ташлаганини ҳисобдан чиқарсангиз, деяпман, холос», деб тушунтиришга
уриндим. «Нима, бу болакай катта бўлмайдими?» деб сўради ғулий. «Мен
ҳам уни безарар катта бўлсин, деяпман-да», дедим. «Шу бола катта
бўладими, ахир, ё бошқасими?», деди холдор. «Албатта, шу болани
айтяпман», дедим. «Хўп, сиз билан кўз уриштирган ҳам шу болами, ахир? -
деди у. – Эртага шу бола вояга етса, сизга қараган кўзи ўзиники бўлиб
89
тураверадими, ахир?» «Дўстим, бола-ку у ҳали, қаради – нима, қарамади –
нима, шуни ёзиб қўядиганларга бир оғиз айтсангиз, Fулистон - гулистон,
уларда ҳам юрак бор-ку», дедим бор умидимни тўплаб. «Унинг келажаги
ҳозир бошланади! – деди холдор кескин қилиб. – Сизга қараган шу бола, шу
кўзлар, келажакда бошқа бўлиб қолмайди. Қараганини келажак учун муҳрлаб
қўйишимиз шарт. Бу мавзуга бошқа қайтмаймиз». «Дўстим», деб яна
илтимосга киришган эдим, у гапимни шарт кесди: «Мени дўстим, деманг, -
деди, - Ҳали дўст бўлганимизча йўқ». «Э-э, майли, - деб қўл силтадим. –
Сизларда нима дейилишини билмайман, жанобми, сэрми? Нима бўлганда
ҳам ўшаларга айтсангиз, компьютердан ўчириб қўя қолишсин. Менинг
жаддимга боланинг келажаги куйиб кетмасин, ўртоқ», дедим. Яна ўртоқ деб
юборибман. Лекин бунга холдор ҳеч нарса демади, рўйжадаги занжир
шаклига тикилиб турди-да, «Зийраклигингиз яхши, - деди. – Худди
Fулистонимизда туғилиб катта бўлгандек, ҳамма нарсани билиб турибсиз. Ё
илгари ҳам келиб яшаганмисиз? Ёки у ёқда ҳам шунақа маҳкамаларда, а?..».
«Э-э, худо асрасин», деб юборибман. «Худо? – деб ҳайрон бўлди у. – Ким
у?». «Ким эмас, биру бор, яккаю ягона, буюк акбар, олам сарвари…» деб
таърифлашга тушдим-у, бирдан тўхтаб қолдим. Чунки у билан важлашиш
бефойда, бари бир уқмайди.
Ҳа, ана шунда кўп нарсани англаб, эзилишим бошланди.
Бегоналигимни шунчалар чуқур ҳис этдимки, ўлиб, дўзахдан ҳам баттар
жойга тушгандай бўлдим. Ҳар ҳолда, дўзах ўтида куйиб, додласанг,
додингни ёнингдаги бошқа дўзахийлар тушунади-ку. Дўзахийларга
дўзахнинг ҳам қадрдонлиги бор. Бу ерда… умуман бошим қотди. Кейин-чи,
ўлим ботирдан ҳам қўрқади, деган гапни мен ҳам биламан, лекин, кўриб
турибсиз, бу ерда кимга ҳам ботирланаман?
Яхши ҳам шу пайти ғулия қиз чой дамлаб кириб, холдор бошлиғига
ним таъзим қилди-да, бизни яна холи қолдириб чиқиб кетди. Қиз, табиийки,
менга қарамади, занжири билан майин садо берди, холдорнинг занжири ҳам
90
маъқуллагандек секин жингирлаб қўйди. Холдор ўртоқ чойни қайтариб,
аввал ўзига, кейин менга ҳам қуйиб, пиёлани узатди. Раҳмат айтиб, олдим.
Оддий бир суҳбат, оддий чойхўрлик, чойнак битта, унинг олдида бўлгандан
кейин, сузиш ҳам ундан. Эътибор берадиган томони йўқ. Лекин… худди шу
суҳбатнинг ғулийга қанчалар оғир тушишини мен у пайтлари хаёлимга ҳам
келтирмаган эдим. То шу доим чой дамлаб келадиган қиз билан ўртамизда
ҳалигидақа қалин бир муносабат пайдо бўлмагунча. Ҳа, яна, ана шу
муносабат ҳам қизнинг бошига айрилиқ мусибатини солганини сиз
хаёлингизга келтира олмайсиз. Булар менга боғлиқ ҳам, айни пайтда
имконимдан ташқаридаги кўргуликлар. Навбати билан ўқийверасиз, сиздан
фақат сабр. Ҳозир суҳбатимизнинг давомини эшитинг-да.
То кўчага чиқиб, қайтиб келгунимгача бўлган нарсаларнинг биронтаси
холдор ғулийнинг назаридан четда қолмабди. «Сизга қассоб билан гаплашиш
нимага керак эди?», деб сўради, масалан. «Билмайман, - дедим. – Йўл
сўрадим шекилли». Ростдан ҳам, нимага шу қассоб билан гаплашдим, кейин
эсласам, гўшт неча пуллигини сўрабман, шўрва осяпманми ё ош дамламоқчи
эдимми, ишқилиб, сира кераги йўқ эди. Қизиқ, баъзида бировлар билан
гаплашасан-у, лекин нима учун гаплашганингни ўйлаб ҳам кўрмайсан.
Лекин, қассоб беодоб экан, майли, кўзимга қарамасин, гапимга оғзи билан
жавоб бермасин, лекин, бегоналигим бетимга ёзилган, пичоғи билан «ҳу,
манави тараф» деб йўл кўрсатиб қўйса ҳам бўлар эди-ку. Аммо… булар
қаердан туриб кузатган экан? Атрофга қараганимда, қассобдан бошқа ҳеч
ким йўқ эди-ку. “Қассобларинг молфаҳм экан лекин”, демоқчи эдим, лекин
«Бир қизча ўйнаб юрган эди, у ҳам дафтарингизга тушдими?» деб кесатдим.
Холдор ўзини ҳайронликка солди: «Қанақа қизча? Атлас кўйлаклими?».
«Келинг, дим-дим ўйнамайлик, - дедим. – Атлас кўйлагини биласиз-у, қайси
қизча эканини билмайсизми?» «Унда дафтарга тушмаганини сиз ҳам
билишингиз керак, - деб истеҳзо қилди у деразага қараб. – У сизга англамай
қараб қўйди, бу ҳам атиги сония. Шубҳадан холис ғулияча у. Келажагига доғ
тушмайди.»
91
Энди, суҳбатимиздаги ҳар бир гапни айтиб бериб, шарҳлаб ўтиришим
шарт эмасдир, ўзингиз ҳам англаб турибсиз шекилли. «Биз ўйлаганчалик
содда эмассиз», деди ғулий. Шунақа гапни кўп қайтарди, бу билан киноя
қиляптими ё тан беряптими, билолмадим, чунки одамнинг кўзига
қарамагандан кейин, гапининг тагида нима бор, англаш қийин, лекин,
барибир, сал таскин топдим, ҳар ҳолда сенга содда деб қарамай, шунга яраша
муомала қилса, яхши-да.
92
Do'stlaringiz bilan baham: |