ШОИРНИНГ ҚАЙҒУЛИ МУҲАББАТИ
Инсон ҳаётида ҳар хил вазиятлар бўлади. Унда на бойлик ва на бошқа
бирор бир нарса бўлмаслиги мумкин. Афанасий Афанасевич Шеншиннинг
уйланиши учун унда на пул, на мерос, ҳатто фамилияси ҳам бўлмаган. У узоқ
вақт “Фет” фамилияси остида имзо чекмаган. Бу фамилиядан умр бўйи
орланиб ўтган.
73
Орловлик бой, бўлажак шоирнинг отаси Афанасий Неофитович Шеншин
Германияга ташрифида мафтункор Шаролтта Фёт билан танишади. Улар
ўртасидаги муҳаббатга Фёт хонимнинг эри борлиги ҳам рахна бўлолмайди.
Оқибатда ҳомиладор Фёт хонимни жаноб Шеншин Россияга олиб келади.
Шарлоттанинг эри билан ажрашиши узоққа чўзилади. У Шеншин билан
расмий никоҳдан ўтган вақтда бола дунёга келган эди. Болани отасининг
шарафига Афанасий деб аташади. Бироқ унинг ноқонуний туғилганини
яшириш мақсадида қалбаки ҳужжат тайёрланиб, Шеншин фамилиясига
ўтказилади. Аммо Афанасий 14 ёшга тўлганида ёлғоннинг миси чиқади.
Қалбаки ҳужжат устидан иш қўзғатилиб, бола нафақат фамилиясидан, ҳатто
Россия фуқаролиги, дворянлик унвони ва ота меросидан ҳам маҳрум этилади.
Шу кундан у онасининг фамилиясига ўтиб, чет элликка айланади. Бўлажак
машҳур шоир учун бу оғир эди. У бор кучи, ақлини ишга солиб, нима қилиб
бўлса-да, отасининг фамилиясига ўтишга бел боғлайди. Университетга “чет
эллик” талаба сифатида қабул қилинади. Худди шу ерда у шеъриятга ошно
тутинади. Танқидчи Апполон Григоревич билан яқиндан танишади ва
шеърларини чоп эттира бошлайди. Ҳарф терувчининг хатоси туфайли
фамилиясидаги “ё” ҳарфи “е” га айланиб, илк шеърлари “Фет” фамилияси
билан нашр этилади.
Шу тариқа унинг фамилияси иккинчи бор ўзгартирилиб, Фетга айланди.
Ўқишни тугатиб, барча ҳуқуқ ва меросдан маҳрум этилган ёш шоир ҳарбий
хизматга кетишга мажбур бўлади. У ерда кавалерия зобити бўлиб ишни
бошлайди. Армиядаги ҳаёт ва хизмат ёш йигитни қизиқтирмас, у ҳамон
шеърият ва муҳаббат шайдоси эди.
Бироқ муҳаббат уни узоқ куттириб қўйди. 28 ёшида уни ўзи хизмат
қилаётган полк яқинидаги зобит Лазичнинг уч дилбар қизи мафтун этиб
қўяди. Камелия, Юлия ва Мария! Фет аввалида нозик қад-қоматли Блияга,
сўнгра қирмизи юз Камелияга лутф кўрсатади. Аммо орадан кўп ўтмай
74
кенжа қиз – 22 ёшли ўта жиддий Марияга эътибор бера бошлайди. Бу қизни
замондошлари таърифлашганда, қадди-қоматидаги бетакрорликка, тим қора
сочларининг жозибасига алоҳида урғу беришарди. Фет у билан танишган
кунларини шундай эслайди: “Мени унинг шеърият ҳақидаги теран ва кенг
мушоҳадалари, севимли шоирларимнинг деярли барчасини билиши ҳайратга
солди. Худди шу нарса бизни яқинлаштирди”.
Машҳур адиблар асарлари тўғрисидаги охири йўқ мунозара ва
тортишувлар, Фетнинг ўз шеърларини қизга ёниқлик билан ўқишлари уларни
бир-бирига тобора боғлаб борар, бахтли муҳаббатига раҳна соладиган
кучнинг ўзи йўқдек кўринарди.
Севишганлар тез-тез боғда айланишар, боғ тўридаги ўриндиқларда узоқ
суҳбатлар қуришар, Мария роялда куй чалса, Фет унинг ёнида тик туриб
тингларди. Мария унинг қариндошлари Фет яқин кунлар ичида севимли
Машанинг қўлини сўрашига шубҳа қилмасдилар. Бироқ Фет шошилмади.
“Қандай қилиб уйланаман, – деб ўйлади у, – ахир ҳеч нарсам йўқ-ку! На пул,
на мерос, ҳатто фамилия!” Мария ҳам сепли қиз эмас эди. Хуллас, ҳавас билан
турмуш қуриб, ҳавас билан яшаш орзулари пучга чиқди.
“Мен аниқ кўриб турибман: ойига 300 рубл, уй-жойи йўқ зобитнинг сепсиз
қизга уйланиши ўйланмай ташланган қадам ва муқаддас никоҳга
виждонсизларча қарши бориш билан тенгдир. Чунки мен кейинчалик барча
талабларни бажариш имкониятига эга эмасман, – дея қатъий қарорга келган
Фет Мария билан гаплашиб кўришга уринади. У қизга бу муносабатларнинг
келажаги йўқлиги, чунки доимий тежамкорлик ва муҳтожлик ҳар қандай,
ҳатто, энг кучли туйғуларни ҳам айтганда, қиз бунга ишонмайди.
Муносабатларни узиб юбормасликни ўтиниб сўрайди. Шунда Фет Мария билан
ажрашиш учун полкдан ҳам кетиши лозимлигини англаб етади. Мария бу
айрилиққа чидай олмай Фетга тинимсиз оташин хатлар йўллайди. Орадан икки
йил ўтгач, орани очиқ қилиб олиш ниятида Фет Лазичлар қўрғонига келади.
75
Лекин Мария билан учрашув ҳеч нарсани ҳал қилиб бермайди – қиз
аввалгидай шоирга турмуш қуришлари зарурлигини қайта-қайта айтади. Фет
эса ўз фикридан қайтмайди.
Кўп ўтмай Афанасий Фетга даҳшатли хабар етиб келади. Мария кўйлагига
илашиб қолган гугурт чўпи оловидан куйиб кулга айланади. Ўчиб улгурмаган
гугурт чўпи лоп этиб Машага урилади. Қўрқиб кетган қиз ўзини балконга
уради. Айтишларича, Мариянинг ўлими тасодиф эмас, аксинча, у ўз жонига
чинакамига қасд қилган. Бунинг сабабини Фетга бўлган бахтсиз севгига
йўйишди. Афанасий Фет ҳам севгилисининг ўлимида ўзини айбдор деб ҳис
этади. “Умр бўйи мени тушунадиган аёлни кутиб яшадим, кутиб бўлдим ҳам”.
У ёнаётиб қичқирарди: “Барча муқаддас нарсалар ҳаққи, хатларни қутқариб
қолинг!” Ўлаётиб шундай деди: “Ўзим гуноҳкорман, ўзим айбдорман, у эмас”,
– эслайди шоир.
Шоир ҳали олдинда қандай қийинчиликлар борлигини билмасди. Фетни
қайғули кунлар кутарди, ҳаётидаги рангсиз ва қувончсиз дамлари бошланди.
“Мен орзу қилган дунё остин-устун бўлиб кетди. Энди нима қилишни
буюрадилар. Бир умр адъютант бўлиб ишлашми, бундан ҳам ёмони – бир-
биримизга ёт, бир-биримизни тушунмайдиган хонимни топиш ва у билан бирга
яшашми?!” Гап шундаки, 1856 йилда ҳукуматнинг янги қарори чиқди. Унга
кўра, дворянлик унвонини олиш учун зобит полковник даражасига
кўтарилиши талаб этиларди. Афанасий ўзида бундай имконият йўқлигини
биларди. Шунинг учун мақсадига етишиш йўлини танлади. Бу бадавлат қизга
уйланиш эди.
Фет 1857 йили 37 ёшида йиллик таътил ва шеърларидан йиғилган пулларни
олиб, Парижга жўнади. У ерда москвалик бадавлат бой савдогарининг қизи
Мария Петровна Боткинани учратди. Мария унчалик гўзал ҳам, ёш ҳам эмас –
28 ёшда эди. Фет қизнинг қўлини сўради. Тўй олдидан бир-бирлари билан очиқ
гаплашиб олишди. Бахтсиз ва олис муҳаббатларини эслашди. Фет бошидан
76
ўтганларини бирма-бир сўзлаб берди. Мария ҳам ўтмиш муҳаббатининг
кўнгилсиз хотималарини яшириб ўтирмади. Никоҳдан сўнг ёш оила Москвага
кўчиб ўтди.
Бироқ Фет пойтахтдан кетишга жазм этди. Москвадан унчалик узоқда
бўлмаган жойдан қўрғон сотиб олиб, хўжалик ишларига шўнғиди. Айни вақтда
гўзал шеърларини чоп эттиришдан ҳам тўхтамади. Қўшнилар, шундай
тадбиркор хўжайин қандай қилиб нозик туйғули лирик шеърлар ёзишидан
ҳайратланишарди. Фет бойиб борарди – у яна икки қўрғон эгасига айланди.
Унинг машҳур олмалари император ва буюк князлар дастурхонига кўрк
бағишларди. Мана шу олмалар даромади 1873 Фетга қонуний фамилияси –
Шеншин ва дворянлик унвонини қайтариб берди. Бу ҳақда шоир хотинига ёзган
эди: “Менга Фет фамилияси қанчалик ёқимсиз ва таҳқирли эканлиги
тасаввурингга ҳам сиғмайди. Минг шукрлар бўлсинки, ҳаммаси тугади. Сендан
ўтиниб сўрайман, менга қарши бўлиб қолишни истамасанг, бу фамилияни менга
ҳеч қачон ёзма, ишлатма”.
Шоирнинг оилавий ҳаёти тинч ва бахтли кечди. Эҳтимол, улар орасида
муҳаббат бўлмагандир, аммо уларда ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушунишдек
бахт мужассам эди. Мария Петровна иштиёқ билан эрининг барча хўжалик
ишларига кўмаклашарди. Улар биргаликда 35 йил умр кўришди. Ҳаёт ана
шундай қизиқ ажойиботларга бой. Инсон бир-бирини тушуниб яшаши керак.
Шундагина ҳаёт лаззатли ва ширин бўлади. Бу икки жуфтлик ўзаро бир-
бирларини тушуниб яшашди.
Do'stlaringiz bilan baham: |