1
Ислом ақидаси
(Аҳли сунна вал жамоа ақидаси)
Муаллиф:
Зиёвуддин Раҳим
2
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ!
МУҚАДДИМА
Бизни тўғри йўлга бошлаган, Ўзи рози бўладиган амалларни қилишга тавфиқ берган
Парвардигоримиз Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар айтамиз!
Бизга соф ақидани ўргатган, нотўғри йўллардан, бидъат-хурофотлардан огоҳлантирган
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зотнинг оила аъзоларига, саҳобаи киромларига салавотлар ва
саломлар йўллаймиз!
Ақида ҳар доим энг долзарб масала бўлиб келган. Чунки инсон амали биринчи навбатда ақидасига
боғлиқ. Агар ақида тўғриланса, амал мақбул бўлади. Ақида бузилиши билан амал бузилади. Эътиқоди
нотўғри одам ҳарчанд уринмасин, қилган ҳеч бир солиҳ амали Аллоҳ даргоҳида мақбул эмас. Шунинг
учун биринчи галда ақида илмини ўрганиш зарур.
Фарзандларимизга тарбия беришни ақидадан бошласак, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ўғил-
қизларимиз қалбига Аллоҳ Яккаю Ягоналиги, оламлар Парвардигори, Буюк, Қудратли, Меҳрибон,
Раҳмли экани, ҳамма нарсани кўриб-кузатиб туриши, эртага қиёматда амалларимизни ҳисоб қилиши
сингдирилса, келажакда улардан солиҳ ва солиҳалар етишиб чиқади. Зеро, мусаффо ақида мустаҳкам
пойдеворга ўхшайди. Иморат пишиқлиги унинг пойдеворига боғлиқ.
Банда ҳақни таниса, Аллоҳ уни нима мақсадда яратганини англаб етса, тушунчаси, эътиқоди,
амаллари тўғри бўлади. Дунёга нима учун келганини билмайдиганлар, ҳалол-ҳаромнинг фарқига
бормайдиганлар охиратга ҳеч қандай захира тўпламай қуруқ қўл билан, ғофил ҳолда ўтиб кетишади.
Бунинг асосий сабаби ақида нотўғрилиги, эътиқод илмидан бехабарликдир. Башарият ҳаёти
бузилишининг энг катта сабаби оламлар Парвардигорини танимаслик, Уни инкор этиш, айтганларини
қилмасликдир. Аслида икки дунё саодатига эришаман, деган банда Аллоҳга имон келтиради, У Зотнинг
буйруқларига бўйсунади. Илоҳий мезон асосида яшаганларгина ҳақиқий бахтга муносибдирлар.
Мустаҳкам ақидани кучли иммунитетга ўхшатиш мумкин. Киши иммунитети қанча кучли бўлса,
касалликка чалиниш хавфи шунча камаяди. Худди шунга ўхшаб, инсон эътиқоди тўғри, ақида ҳақидаги
билими кучли бўлса, ёт ғояларга ишонмайди, эгри йўлларга кириб кетмайди.
Сўнгги йилларда юртимизда ақидага оид бир қанча китоблар нашр этилди. Бу қувонарли ҳол,
албатта. Бироқ, шундай бўлса-да, ақида китобларига эҳтиёж камаймади. Аксинча, бир неча баравар
ортди. Зеро, омма мусулмонларга соф Ислом ақидасини содда, равон, халқчил тилда ифодалайдиган
китоблар сув ва ҳаводек зарур бўлса-да эҳтиёжни қондирадиган даражада етарли эмас. Шу мақсадда
яхшилик сари ожизона ҳаракат қилинди. Келажакда бу борада янгидан-янги тадқиқотлар қилинишини,
фойдали китоблар ёзилишини кутиб қоламиз.
Муҳтарам ўқувчилар фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, Аҳли сунна вал жамоа ақидасини –
тафсилотларга чуқур киришмаган ҳолда – қисқароқ ифодалашни, масаланинг асл моҳиятини баён этишни
ният қилдик. Қўлингиздаги китоб Аллоҳни, Унинг Динини, Расулини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
танишда сиз азизларга ёрдамчи бўлишидан умидвормиз.
Аллоҳ таоло ушбу камтарона ҳаракатни муносиб тақдирласин, саҳву хатоларни кенг карами билан
кечириб, ҳосил бўлган ажр-савоблардан, аввало, устозларимни, ота-онамни, яқинларимни баҳраманд
қилсин!
Do'stlaringiz bilan baham: |