ер участкаларига мулк ҳуқуқи пайдо бўлганда
– мулк ҳуқуқига
давлат ордери, олди-сотди шартномалари ва қонун ҳужжатларида
кўзда тутилган бошқа ҳужжатлар асосида;
–
ер участкаларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш
ҳуқуқи пайдо бўлганда
– ерни бериш тўғрисида тегишли идоранинг
(мансабдор шахснинг) қарори асосида;
–
ижара ҳуқуқи пайдо бўлганда
– ер участкасини ижарага бериш
тўғрисидаги қарор ва ижара шартномаси асосида;
–
ер участкаларига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи
ўтказилганда
– бинолар ва иншоотларнинг олди-сотди шартномаси,
уларни алмаштириш, ҳадя қилиш, рента шартномаси, мерос ҳуқуқи
тўғрисидаги гувоҳнома ёки мулк эгасининг ёхуд унинг ваколатли
идоранинг (шахснинг) қарори асосида;
–
сервитутларда
– шартнома ёки суд қарори асосида;
– хусусийлаштиришда
– тегишли органларнинг қарорлари асоси-
да (йўриқноманинг 4.3-банди).
Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш
рўйхатга олувчи орган аризани кўриб чиқиш учун қабул қилган
кундан бошлаб ўн кун мобайнида амалга оширилади.
Ҳужжатлар рўйхатга олиш учун берилган кун ва вақтда рўйхатга
олинган деб ҳисобланади, бу ҳақда реестрда қайд этилади. Ҳуқуқ
устунлиги ариза реестрда қайд этилган саналар бўйича белгиланади.
Рўйхатга олувчи орган рўйхатга олинган ҳуқуқ тўғрисидаги
ҳужжатни (гувоҳномани) бериш ёки рўйхатга олиш учун тақдим
этилган ҳужжатларда ёзиб қўйиш билан рўйхатга олинганликни
тасдиқлайди.
Ер қонунчилигига мувофиқ, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни
давлат рўйхатига олишда, уларга кадастр рақамлари берилади.
Ҳуқуқларни рўйхатга олишда ер майдонларига кадастр рақамларини
бериш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 1998 йил
423
13-боб. Умумий қоидалар
21 январдаги 35-сонли «Жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида
тегишли бўлган бинолар ва иншоотлар бўйича инвентаризацион
баҳолаш ишларини ўтказиш тўғрисидаги» қарор билан тасдиқланган,
ер майдонлари, бинолар ва иншоотларни кодлаш ягона тизимига
мувофиқ, рўйхатга олувчи идоралар томонидан амалга оширилади.
Кадастр рақами ўзгармайди ва ер майдонида, унинг ягона объект
сифатида мавжуд бўлиши давомида сақланади.
3. Ер ости бойликларига (ер қаърига) нисбатан мулк ҳуқуқининг
ҳуқуқий режими ЎзР «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонуни
билан белгиланади. Ер ости бойликлари тупроқ қатламидан паст-
роқда, унинг йўқлигида эса, ер юзидан ёки сув ҳавзаларининг тубидан
пастроқда жойлашган, геологик ўрганиш ва ўзлаштириш учун имкони
бўлган қаърларгача чўзилган ер қобиғининг бир қисмидир.
Ер ости бойликлари Ўзбекистон Республикасининг мулки
бўлиб, улардан оқилона фойдаланилади ва улар давлат томонидан
қўриқланади. Умумий қоидага биноан, ер ости бойликлари
олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди,
меросга берилмайди, гаровга қўйилмайди ёки ўзгача шаклда
бегоналаштирилмайди. Давлат ер ости бойликларининг мулкдори
сифатида, фойдали қазилмалар конларини қазиш, юридик ва
жисмоний шахсларга фойдаланиш учун ер ости бойликлари
участкаларини тақдим қилиш, тегишли идоралар орқали ер ости
бойликларини геологик ўрганиш, фойдаланиш ва қўриқлаш
устидан назоратни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Давлат ер ости
бойликларига бўлган мулк ҳуқуқини тегишли идоралар орқали
амалга оширади. «Ер ости бойликлари тўғрисидаги» қонуннинг
7-моддасига мувофиқ, кончилик муносабатлари соҳаси даги
давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳка-
маси, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, шунингдек, махсус
ваколатли давлат идоралари томонидан амалга оширилади. Ўзбекис-
тон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси,
Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат
қўмитаси, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда
ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш бўйича Давлат
инспекцияси кончилик муносабатлари соҳасидаги махсус ваколатли
давлат идоралари ҳисобланади.
Ер ости бойликлари фойдаланувчилар – юридик ва жисмоний
шахсларга муддатли (муваққат) ва муддатсиз фойдаланишга берили-
ши мумкин.
424
II-бўлим. мУЛК ҲУқУқИ ВА БОшқА АшЁВИй ҲУқУқЛАР
Геологик жиҳатдан ўрганиш учун, фойдали қазилмаларни
кавлаб олиш, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун
ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи юзага келишининг
асоси лицензия ҳисобланади. («Ер ости бойликлари тўғрисидаги»
қонуннинг 26-моддаси). Ер қаъри участкасидан фойдаланиш
ҳуқуқини бериш тартиби ҳамда фойдаланиш шартлари «Ер қаъри
участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби ва шартлари
тўғрисида»ги Низом билан белгиланади. Ер қаъридан фойдаланиш
бўйича муносабатлар ЎзР «Концессиялар тўғрисидаги» ва «маҳсулот
тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги қонунлар билан тартибга
солинади.
Давлат мулкида абадий қоладиган ер ости бойликларидан фарқли
ўлароқ, фойдали қазилмалар мулк ҳуқуқи асосида ер қаъридан
фойдаланувчилар – юридик ва жисмоний шахсларга тегишли
бўлиши мумкин. «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонуннинг
6-моддасига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда
кавлаб олинган фойдали қазилмалар давлат мулки, юридик ва
жисмоний шахсларнинг мулки бўлиши мумкин. Ушбу меъёрнинг
моҳияти шундаки, ер қаъридан фойдаланувчида мулк ҳуқуқи,
қазиб олинган фойдали қазилмалар минерал хом ашё ёки техноген
минерал ҳосилаларга айланган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ва минерал хом ашёни қайта
ишлаш жараёнида юзага келган техноген минерал ҳосилаларга
бўлган мулк ҳуқуқи ер қаъридан фойдаланувчида ер қаъри
участкасидан фойдаланиш муддатига сақланиб қолади. Фойдали
қазилмалар ва техноген минерал ҳосилалар мулкдори мазкур табиий
ресурсларни мустақил тасарруф қилишга ва уларга нисбатан турли
хил фуқаровий-ҳуқуқий битимлар тузишга ҳақлидир.
5. Ўзбекистон Республикасида ўрмонлар давлат мулки – умум-
миллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш лозим ҳамда
улар давлат томонидан қўриқланади (ЎзР «Ўрмон тўғрисида»ги
қонуннинг 4-моддаси). Ўрмоннинг табиий объект сифатида таби-
ий иқтисодий хусусиятларини эътиборга олган ҳолда, ўрмон лар
массивининг кенг майдонларига хусусий мулк ҳуқуқини ўрнатиш
мақсадга мувофиқ эмасдир. Бу ўрмоннинг ўсиш жараёни узоқ
давом этиши, кўпинча инсон ҳаётининг муддатларидан ошиши
билан боғлиқлиги билан асосланади. Бу ҳолатларни ҳисобга олиб,
қонунчиликда ўрмон фондига нисбатан давлат мулк ҳуқуқи
425
13-боб. Умумий қоидалар
ўрнатилган. Ҳамма ўрмонлар давлат ўрмон фондини ташкил этади
ва у давлат аҳамиятига эга бўлган ўрмонлардан, (яъни давлат ўрмон
хўжалиги органлари қарамоғидаги ўрмонлардан) ҳамда бошқа
идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонлардан иборат.
шу билан бирга, қуйидагилар давлат ўрмон фондига кирмайди:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги дарахтлар ва туп-
туп дарахтлар, экинзорларнинг ихота дарахтзорлари, шунингдек
бошқа дарахтзорлар ва бутазорлар; темир йўл, автомобиль йўллари,
каналлар ва бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги
ихота дарахтзорлари; шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги
дарахтлар ва туп-туп дарахтлар, шунингдек кўкаламзорлаштириш
учун экилган ўсимликлар; томорқалардаги ва боғ участкаларидаги
дарахтлар ҳамда туп-туп дарахтлар.
Ўрмонларни қўриқлаш, муҳофаза қилиш, фойдаланиш ва ўстириш
соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, Ўзбекистон
Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли Ўрмон
хўжалиги Бош бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни
муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга
доимий ва вақтинчалик фойдаланишга берилиши мумкин. Ўрмон
фонди ерлари доимий эгалик қилишга бериб қўйилган ўрмон
хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ўрмондан
доимий фойдаланувчилардир. Ўрмондан вақтинчалик фойдаланиш
қисқа муддатли – уч йилгача ва узоқ муддатли – ўн йилгача бўлиши
мумкин. Ўрмондан фойдаланувчилар давлат ўрмон фондининг
майдонларини фақат махсус рухсатномаларда назарда тутилган
ўрмондан фойдаланиш турлари учун қўллашга ҳақлидир.
6. Сув объектларига бўлган мулк ҳуқуқининг мазмуни фуқа-
ролик ва сув қонунчилиги билан белгиланади. ЎзР «Сув ва сувдан
фойдаланиш тўғрида»ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, сув
Ўзбе кистон Республикасининг давлат мулки – умуммиллий бойлик
ҳисобланади, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат
томонидан қўриқланади. Ўзбекистон Республикасининг ягона давлат
сув фонди: дарёлар, кўллар, сув омборлари, бошқа ер усти сув
ҳавзалари ва сув манбалари, канал ва ҳовузларнинг сувларидан, ер
ости сувлари ва музликлардан иборатдир.
426
II-бўлим. мУЛК ҲУқУқИ ВА БОшқА АшЁВИй ҲУқУқЛАР
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
(ер усти сувлари), Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва
минерал ресурслар қўмитаси (ер ости сувлари) ҳамда Ўзбекистон
Республикаси саноатида, кончиликда ва коммунал-маиший секторда
ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш бўйича
Давлат инспекцияси (ер ости иссиқ сувлари ва минерал сувлар)
ўз ваколатлари доирасида сувдан фойдаланишни тартибга солиш
соҳасида махсус ваколати бўлган давлат идоралари ҳисобланади.
Сув объектлари жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ваколат-
га эга давлат идоралари томонидан қонунларда белгиланадиган
тартибда фақат фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.
мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар,
ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда Ўзбекистон
Республикаси фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳамда
фуқаролиги бўлмаган шахслар сувдан фойдаланувчилар бўлишлари
мумкин. қонунларда назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар
ва шахслар ҳам сувдан фойдаланувчи бўлишлари мумкин.
Сув объектлари доимий ёки вақтинча фойдаланиш учун
берилади. муддати аввалдан белгиланмаган ҳолда фойдаланиш
доимий фойдаланиш деб эътироф этилади. Сувдан вақтинча
фойдаланиш муддати: қисқа – уч йилгача ва узоқ – йигирма
йилгача бўлиши мумкин. Сув объектларидан вақтинча фойдаланиш
муддатлари сувдан фойдаланувчи манфаатдор томонлар илтимос-
номасига биноан, шу сув объектларини танҳо фойдаланиш учун
бериш тўғрисида қарор чиқарган ёки ундан махсус фойдаланиш
учун рухсатнома берган давлат органлари томонидан узайтирилиши
мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |