www.ziyouz.com кутубхонаси
9
ширин сўзи мени эритиб юбордими...
Қисматим, толеим, ҳаётимнинг бутун аччиқ-чучуклари, азоб-уқубатлари мана шу бир қоп
тезакдан бошланганини яхши биламан, бунга имоним комил. Бундай дейишимнинг боиси шуки,
ўша куни бу қилмишимнинг охири нима бўлади, деб ўйлаб-нетиб ўтирмай, умримда биринчи
марта юрак ютиб кўнглим тортган ишга таваккал қадам қўйдим.
Ўртоқларим мени ташлаб кетишгандан кейин югуриб Дуйшэннинг мактабига қайтиб
бордим, қопдаги тезакни эшик тагига тўкдим-да, тезак териш учун ғизиллаб яна адирга тушиб
кетдим.
Каттакон бир ишни қойил қилиб қўйгандаё, юрагим дукиллаб, севинчим ичимга сиғмай
кетди. Куч-ғайратим жўш уриб, тўғри келган томонга чопқиллаб кетаверибман.
Бахтиёрлигимдан қуёш ҳам хабардору, у ҳам қувончимга шерикдай, қушдай парвоз қилиб
кетишимдан унинг кўнгли очилганини ўзим ҳам билардим. Нега деганда, ҳозиргина савоб иш
қилган эдим-да!
Қуёш тепалар устига яқин келиб қолган эди-ю, лекин, назаримда, нигоҳимга тўйиб олгиси
келгандай, ҳали-бери ботгиси йўқ эди. Қуёш йўлимга поёндоз солиб, оёқларим остидаги куз
тупроғини тўқ қизил, пушти ва оч қизил нур билан безаб турарди. Гир атрофимда капалакчалар
лип-лип этиб оловдай ёнади. Минг ямоқ камзулимнинг кумуш ранг тугмаларида қуёш оловдай
ёниб туради.
Ўзим ғизиллаб чопиб кетяпману, ер, осмон, шамолга қараб: мени кўриб қўйинглар!
Кўрдингизми, ғурурдан бошим осмонда! Мен энди мактабда ўқийман, бошқа болаларни ҳам
ўзим билан ўқишга олиб бораман...- деб шодлигим ичимга сиғмай кетяпти.
Шу кўйи ўзимда йўқ, ўйноқлаб югуриб бораётган эдим, бир вақт тезак териш эсимга тушиб
қолди. Қизиқ, ёз бўйи бу ерлардан пода аримас, ҳар қадамда тезак учрарди. Энди, аксига олиб,
тезакдан ном-нишон ҳам кўринмаса-я, худди ер ютгандай! Ё ўзим қидирмадимми?
Тезак ахтариб юраверибман. У зорманда қолгур ҳам онда-сонда бир кўриниб қолади денг.
Қоронғи тушгунча қопим тўлмай қолса-я, деб юрагимни ваҳима босиб, шошилганимдан чий
буталари орасида адашиб қолибман. Ўзим қўрқиб кетяпман. Бир амаллаб қопимни
яримлаганимда кун ботиб, адирларга бир зумда, қоронғи тушди-қўйди.
Ҳеч маҳал ёлғиз ўзим бундай бемаҳалда юрмаган эдим. Сукунатга чўмган тепаларни
зимистон тун буркаб олди. Бу ерда мени бир нарса ушлаб қоладигандай, қопни дарров елкамга
ташлаб, овулга қараб чопдим. Азбаройи ваҳима босганидан, бақиришим, йиғлашим ҳам ҳеч гап
эмасди, лекин Дуйшэннинг ҳалиги гаплари эсимдан чиқмаган, у ожизлигимни кўриб яна мендан
ҳафсаласи пир бўлмасин, деган хаёлга бордим-да, ор-номус кучлилик қилди, кўзимни чирт
юмиб, дамимнн ичимга ютиб келавердим. Ўқитувчи худди менга тикилиб қараб тургандай, ён-
веримга қарашдан ҳам ҳайиқаман, ўзимни дадил тутиб боравердим.
Ҳамма ёғимдан тер қуйилиб, чанг босиб овулга етиб келдим, ҳансираганимча остона босиб
уйга кирган эдим, ўчоқ ёнида ўтирган келинойим менга қараб ўшқириб ўрнидан туриб кетди.
Қеннойим ўзи бадфеъл, қўпол аёл эди.
– Қайси гўрда юрибсан? - деб дағдаға қилди мен томон ташланиб, жавоб қайтаргунимча
бўлмай қўлимдаги қопни юлиб олиб улоқтириб юборди: – Қоронғи тунгача санқиб юриб терган
тезагинг шуми?!
Қизлар келиб аллақачон чақимчилик қилиб қўйишган бўлса керак, деб ўйладим.
– Худонинг балоси, итвачча! Мактабда киминг бор? Ўлигинг қола қолса бўлмасмиди шу
мактабда! –Келинойим қулоғимни бураб ура кетди, – итвачча, етимча! Бўрининг боласи ўлса
ҳам ит бўлмайди! Одамларнинг болалари даладан уйга ташиса, сен уйдан далага ташийсан!
Мактабингни бурнингдан чиқармасам... Қараб тур ҳали. Иккинчи оёқ босганингни кўрсам,
илигингни синдираман. Ҳали шошма, сени... Қани мактабдан оғиз очиб кўр-чи!
Бақириб юбормасам гўргайди, деб нафасимни чиқармай, ўзимни босиб турдим. Кейин
Чингиз Айтматов. Биринчи муаллим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |