Чингиз Айтматов. Биринчи муаллим (қисса)
www.ziyouz.com кутубхонаси
1
Чингиз АЙТМАТОВ
БИРИНЧИ МУАЛЛИМ
Қисса
Зайнаб таржимаси
Бу суратни ҳали тамом қилганим йўқ. Қандай чиқишини ҳозирча айтиш қийин. Ҳар куни
илк саҳарда туриб, хомаки этюдларимни яна икки-уч марта кўздан кечирарканман, тонг
сукунатида у ёқ-бу ёққа аста-аста юриб ўйга чўмаман. Йўқ, ҳали кўнглимдагини топганимча
йўқ, яна тағин кўп иши бор. Бу сурат ҳали кўнгилдаги
бир тилак, қалбимни ҳаяжонга солган
орзу-умид, холос...
Ҳали тамомланмаган асар тўғрисида олдиндан жар солишни ўзим ҳам
азалдан
ёқтирмасдим. Бу бахилликдан эмас. Бешикдаги чақалоқнинг ким бўлиб вояга етишини қаёқдан
билиб бўлади дейсиз? Лекин бу сафар ўзингиз кўриб турибсиз, шу одатимдан воз кечиб, хом-
хатала асаримни ўртага ташлаб, ундан гап очмоқчиман... Индамай юришга ҳеч иложим йўқ.
Ростини айтсам, бир ўзим ёлғизлик қилиб қолдим, безовта қилиб, эс-ҳушимни ўзимга банд
этган бу воқеа юрагимга сиғмай, қучоғим ҳам етмай турибди.
Бўлган воқеани айнан тасвирлаб, халқни ундан баҳраманд қилсам, деган умидим бор.
Истар эдимки, кўпчилик ҳам фикр-мулоҳазаларини ўртага ташласа... Бу асар халқ дамидан
чиққан оловдек бўлса-ю, унга ўз қонингиздан қон, кучингиздан куч қўшиб
берсангиз, шу
важдан бу воқеани сизларга баён этишни ўз бурчим деб биламан...
* * *
Овулимиз Оқ-Жар тоғининг этагида, катта сой шарқираб оқиб турган кенг текисликда;
ундан пастроқда – Қора тоққача ястанган адир бўйлаб чўзилган темир йўлнинг
икки томони
қозоқ даласи...
Овулимиз устидаги тепаликда икки катта терак бўларди; мен буни болалик чогимданоқ
билардим. Бу қўштерак ҳали ҳам бор. Қачон қараманг, овулга қайси томондан кирманг,
ҳаммадан бурун тепаликда бир-бири билан ёнма-ён турган ўша баланд тераклар кўзга чалинади.
Билмадим, нима учундир, болалигимданми ёки касбим рассомлик бўлганиданми, ҳайтовур,
ҳар
гал станциядан тушиб, тепаликдан ўтиб, овулимизга қараб йўл олганимда, қўштераклар
жойида турганмикин, деб сабрсизлик билан беихтиёр шу томонга қарайман. Тераклар нақадар
катта бўлса ҳам, узоқдан
шунча даргумону, лекин уларнинг сурати кўз олдимга келиб
тураверарди. Тезроқ овулга етиб, эртароқ тепаликка чиқсам, қўштеракка эгилиб салом берсам,
уларнинг шовиллашини тўйиб-тўйиб эшитсам, деб юрагим орзиқарди.
Кўча-кўйда нима кўп – дарахт кўп, лекин бу тераклар ўзи бошқа
бир олам, қандайдир
хосиятли, тили бордай. Кун-тун япроқлари дириллаб, чайқалган
учлари бир-бири билан
ўпишиб, ўзини минг кўйга солиб шовиллайди. Гоҳ соҳилга келиб урилган эрка тўлқиндай
эшитилар-эшитилмас гувиллашиб қўяди, гоҳ жим ўйланиб қолиб, соғина-соғина юраги қон
бўлгандай, алланималарни эслаб хўрсиниб, юлқинган шамол булут ҳайдаб, ёмғир ҳайдаб,
бутоқларини эгиб юборганда, тераклар бир-биридан мадад олиб: синдириб бўпсан, дегандай
баттар ўжарлик қилиб, зарда билан тўлғаниб қўйишади.
Ҳў анча кейин эсим кириб улғайганимда, мен бу теракларнинг сир-асроридан воқиф