www.ziyouz.com кутубхонаси
29
будкасига –Дуйшэннинг ёнига югурдим. Орқамдан кондукторнинг ҳуштаги эшитилди.
Вагонлардан одамлар сакраб тушиб, улар ҳам орқамдан югуришди.
Бир нафасда поезднинг у бошига бориб етдим. Дуйшэн ҳам менга қараб чопиб келяпти.
– Муаллим, жоним Дуйшэн! – деб бақирдиму, ўзимни унинг бағрига отдим.
Стрелкачи менга қараб ҳайрон бўлиб тўхтаб қолди. Дуйшэннинг худди ўзгинаси, юз-
кўзлари қуйиб қўйгандай, лекин илгари мўйлов қўйиб юриш одати йўқ эди, ўзи ҳам анча
кексайиб қолибди.
– Сизга нима бўлди, синглим, нима гап? - деб меҳрибонлик билан сўради у қозоқ тилида. –
Янглишдингиз шекилли. Стрелкачи Жонгазин бўламан, отим Бейнов.
– Бейнов?
Аламим зўридан, уялганимдан додлаб юборишимга сал қолди, зўрға ўзимни босиб олдим,
ер ёрилмади-ю ерга кирмадим.. Нима номаъқулчилик қилиб қўйдим? Юзимни қўлларим билан
беркитиб, бошимни хам қилдим. Бу кунимдан кўра ер юта қолса бўлмасмиди мени!
Стрелкачидан узр сўраб, халқдан кечирим сўрашим керак эди, мен бўлсам худди тош
қотгандай, дамим ичимга тушиб тураверибман. Югуриб келган йўловчилар ҳам нима
сабабдандир жим туришарди. Ўзим бўлсим, ҳозир бақириб роса сўкишади мен бетамизни, деб
кутиб турибман. Лекин ҳеч ким миқ ҳам этмади. Мана шу мудҳиш жимликдан қандайдир бир
хотин:
– Бечора шўринг қурғурнинг кўзига эри, ё укасига ўхшаб кўринганда! – деди. Одамларга
жон кирди:
– Мунча ваҳима қилмаса, – деб биров тўнғиллаб қўйди.
– Мунча ёзғирмасангиз, ахир, бу касофат урушда не-не кунлар бошимизга тушмаяпти
дейсиз...– деб шартта кесиб гап қайтарди бир аёл.
Стрелкачи қўлларимни юзимдан олиб:
– Қани юринг, вагонингизга олиб бориб қўяй, совуқда қолдингиз, - деди. Шундай деб
қўлимдан ушлаб олди. Бир томонимдан яна бир офицер ушлади.
– Юринг, гражданка, ҳечқиси йўқ, хафа бўлманг, - деди.
Одамлар йўл беришди, мени худди дафн маросимидагидай икки қўлтиғимдан ушлаб
боришди. Бизлар секин қадам ташлаб олдинда борамиз, қолган ҳамма кишилар кетимиздан
боришарди. У ёқ-бу ёқдан югуриб келаётган йўловчилар ҳам бизга қўшилишиб боришарди.
Кимдир тивит рўмолини елкамга ташлади. Купедаги қўлтиқтаёқли ҳамроҳимиз ён томонда
оқсоқланиб борарди. У сал олдинга ўтиб юзимга бир қараб олди. Хушчақчақ, меҳрибон ва
довюрак бу шўх йигит нима учундир бош яланг, назаримда, кўзларидан милтиллаб ёш оқиб
кетяпти. Буни кўриб менинг ҳам кўзим ёшланди. Поезд бўйлаб оҳиста қадам ташлаб боряпмиз,
телеграф симёғочларининг ҳуштак чалиб гувиллашлари қулоғимга худди марсиядай
эшитиларди. «Йўқ, энди уни кўриш менга насиб бўлмайди».
Вагонимиз ёнида бизни поезд бошлиғи тўхтатди. У бармоғини менга бигиз қилиб, бир
нималар деб бақирар, суд жавобгарлиги, жарима ҳақида нималарнидир жаҳл билан гапирарди.
Мен бўлсам бу гапларга эътибор ҳам бермадим, шу пайтда дунёни сув олиб кетса тўпиғимга
ҳам чиқмасди. У протоколини қўлимга тутқазиб, қўл қўйдириб олмоқчи бўлди. Мен бўлсам
қалам олишга ҳам мадорим йўқ. Шу пайтда ҳалиги ҳамроҳимиз унинг қўлидан қоғозни юлиб
олиб, қўлтиқтаёқлаб тумшуғининг тагига бориб юзига бақирди:
– Тинч қўйсанг-чи, уни! Мен қўл қўяман, стоп-кранни узган мен бўламан, жавобини ўзим
бераман...
Қеч қолган поезд Сибирь еридан, қадимгй рус ўлкасидан ғизиллаб боради. Тун
қоронғисида қўшнимнинг гитарасидан мунгли куй садолари янграйди.
Do'stlaringiz bilan baham: |