www.ziyouz.com кутубхонаси
25
қайтиб келмасин, қарға-қузғунлар кўзингни ўйсин, қорангни иккинчи кўрмай, ўл, ўл, ҳаром ўл!
– деди-ю, жинни бўлган одамдай бақириб-ўкириб, шамолда тўзғиб кетган сочларидан қочгандай
кўзи тушган томонга югуриб кетди.
Шу воқеа устига етиб келган қўни-қўшнилари от чоптириб унинг орқасидан қувиб
кетишди.
Ёмон туш кўриб босинқираб чиққан одамдай бошимнинг ғувиллаши тўхтамади. Кўз
олдимни қоронғи парда босиб, эс-ҳушимни йиғолмай, дилим ғаш, ўзим хуноб келавердим.
Дуйшэн сал олдинда отни етаклаб кетяпти. У бинт боғланган бошини қуйи солиб, жимгина хаёл
суриб борарди.
Анча юрганимиздан кейин касофат дара кўринмай кетди. Милиционерлар илгарилаб кетиб
кўринмай қолишганди; Дуйшэн отни тўхтатди-да, дард-аламли кўзлари билан биринчи марта
менга тик қаради.
– Олтиной, кечир мени, сени бу кулфатлардан сақлай олмадим, кечир мени, – деди.
Қўлларимдан ушлаб, қаттиқ бир хўрсиниб олди. – Сен кечирганинг билан, Олтиной, бари бир
ўзимдан бир умр домонгир бўлиб юраман.
Ҳўнграб йиғлаб отнинг ёлига юзимни қўйиб олдим. Кўнглимни йиғи билан бўшатиб
олгунимча Дуйшэн ёнимда нафасини ҳам чиқармай сочимдан силаб турди.
– Қўй, Олтиной, беҳудага жонингга жабр қилма, - деди у бир вақт. – Гапимга қулоқ сол,
Олтиной, ўтган куни волостда бўлганимда ўқишинг тўғрисида гаплашиб келдим. Шаҳарга
юбориб ўқитамиз, дейишди. Эшитяпсанми? Юр, энди кетдик.
Адир оралаб шилдираб оқиб турган тиниқ сувга етганимизда Дуйшэн меҳрибонлик билан
менга қараб:
– Отдан тушиб ювиниб олсанг-чи! – деди. Кейин чўнтагидан совун олиб менга узатди, –
Мен нарироқ бориб отга ўт едириб турай, ечиниб сувга тушиб ювиниб ол. Ҳаммасини унут қил,
зинҳор хаёлингга келтирма энди. Чўмилиб ол, Олтиной, енгил тортасан, хўпми?
Хўп дегандай бош ирғадим. Дуйшэн нари кетиб, кўринмай қолган эди, ечиндим, сескана-
сескана сувга тушдим. Оқ, кўк, яшил, қизил тошлар сув тагидан менга кўз ташлаб қараб
туришарди. Кўм-кўк, тошқин сув тўлқини тўпиғимга келиб урилиб нималарнидир вижирлаб гап
очди. Ҳовучлаб сув олиб кўкракларимга сепдим. Баданимдан муздай сув оқиб тушганини кўриб
шунча кундан буён биринчи дафъа беихтиёр кулиб юбордим. Яйраб-яйраб кулдим! Яна
анчагача устимга сув қуйиб турдим-да, кейин сувнинг чуқур жойига ўзимни ташладим. Сув
оқими бир зумда мени яна саёз жойига олиб чиқиб қўйди, мен бўлсам яна ўрнимдан туриб,
ҳадеб ўзимни қайнаб кўпикланиб турган оқимга отаман.
– Сувжон, шу кунларнинг ҳамма шалтоқ, ифлосларини ювиб кет! Мени ўзингдай ҳалол ва
мусаффо қил! - деб шивирлаб, ўзимдан-ўзим куламану, лекин нимадан кулганимни ўзим ҳам
билмайман...
Оҳ, қани энди одамзоднинг босган излари бир умр ўчмасайди! Дуйшэн иккимиз тоғдан
тушиб келган сўқмоқ йўлни тополсам, сажда қилиб, муаллимнинг босган изларини ўпардим. Бу
сўқмоқ мен учун ҳамма йўллардан ҳам азиз. Менга янги ҳаёт бағишлаган, янги умид-орзулар
ҳадя қилган, ёруғ дунёга чиқарган ўша кун, ўша сўқмоқ, ўша йўл хайрли бўлсин... Ўша қуёшга
минг бор раҳмат, ўша замон тупроғига офарин...
Икки кундан кейин Дуйшэн мени станцияга олиб борди. Бу воқеадан кейин овулда
қолишга кўнглим ҳам бўлмади. Янги ҳаётга янги жойда қадам қўйиш керак эди. Бу қарорим
овулдагиларга ҳам маъқул бўлди. Сайқал бувим билан Қартангбой отам мени кузатиб боришди,
улар кўзларида ёш, йўлимга аташган тугун, халталарини кўтариб, болалардай елиб-югуриб
юришарди. Мен билан хайр-хўшлашгани бошқа қўшниларимиз ҳам, тажанг Сатимқул ҳам етиб
келди. У:
– Хайр энди, болам, худо сени ўз паноҳида сақласин, ой бориб, омон қайт! Ўзингни дадил
Чингиз Айтматов. Биринчи муаллим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |