www.ziyouz.com кутубхонаси
6
Кириск тақдирини осмондаги юлдузлардан бирига топширади, болага «ҳамиша паноҳ бўлгин»
дейди. Ахир, ҳар бир овчининг ўзига тегишли, ўз паноҳида сақлайдиган юлдузи бор-да.
Кирискнинг тақдири қайси юлдузга топширилганлигини ҳеч ким, ҳеч қачон билмайди. Буни
фақат шомону ўша номаълум паноҳкор юлдуз билади. Бошқа ҳеч ким билмайди. Осмон тўла
юлдуз бўлса...
Албатта, бу байрамда онаси билан синглиси ҳаммадан кўра кўпроқ севинишади, ҳаммадан
кўра баланд куйлаб, ҳаммадан кўпроқ рақсга тушишади. Отаси Эмрайин эса ҳамманинг олдида
ота деб аталади, у бундан қувониб, ғурурланади. Ҳозир эса у ота эмас. Денгизда ота-бола деган
гаплар бўлмайди, денгизда ҳамма бирдек, ёши улуғининг айтганига бўйсуниши керак. Ёши
улуғнинг айтгани айтган, дегани деган. Ота ўғилнинг ишига аралашмайди.. Ўғил ҳам отасига
шикоят килмайди. Удум шундай.
Айтмоқчи, байрамда яна бир қизалоқ — Музлук роса хурсанд бўлса керак. Кириск у билан
гўдаклигидан бирга ўйнаб, бирга ўсишган. Энди улар камдан-кам бирга ўйнайдиган бўлиб
қолишди. Бундан буёғига умуман ўйнашмаса керак: овчига ўйин қаёқда дейсиз.
* * *
Қайиқ тўлқинлар устидан билинар-билинмас чайқалиб, енгилгина сузиб борарди. Олапар
қўлтиғи аллақачон ортда қолди. Улар узун бурундан ўтиб денгизга чиқишгач, тўлқинлар бу
ерда кўрфаздагига қараганда унчалик кучли эмаслигини кўришди. Тўлқинлар бир меъёрда
тебраниб турарди. Бундай тўлқинларда сузиш анча осон бўлади.
Баҳайбат терак танасидан ўйиб ясалган қайиқ равон, чаққон сузарди. У тўғри тўлқинларда
ҳам, кўндаланг тўлқинларда ҳам руль измидан чиқмай, бемалол борарди.
Ўрхон чол ўчиб бўлган трубкасини сўрганича, қайиқнинг эркин сузиб бораётганидан ҳузур
қилар, кўнглида муздай сувга тўш урганча олга бораётган қайиқ — гўё чолнинг ўзи бўлиб
туюларди; у ўзини эшкакларнинг бир маромдаги ҳаракати билан, тиргакдан чиқаётган
ғийчиллаган садога жўр бўлиб поёнсиз денгизда сузиб кетаётган қайиқ ўрнида кўрарди; гўё
унинг ўзи ўткир тумшуғи билан қаршидан келаётган тўлқинларни ёриб, сув зарбалари ва зарб
ларидан енгил чайқалиб сузаётгандай эди. Қайиқ билан бирдай ҳаракат қилиш сезгиси ғалати
хаёлларга олиб борарди чолни. Унинг қайиқдан кўнгли тўқ, ҳатто жуда мамнун эди, ахир уни
ўзи рандалаган, ўзи ўйиб ясаган; теракни биргалашиб йиқишди, бир одам уни эплаёлмасди, тўрт
кишига ҳам оғирлик қиларди бу иш. Лекин уёғига бир ўзи ишлади — ходани уч ёз куритди,
йўнди, ўша вақтдаёқ билган эди — умрида ясаган қайиқлари ичида энг яхшиси шу бўлади. Чол
шу ҳақда ўйлади-ю, беихтиёр кўнгли ғаш тортди: ёпирай, ишқилиб, бу охиргиси бўлмасин-да.
Яна бир неча йил яшасайди. Яна бир неча бор денгиз овига чиқсайди. Ҳозирча кўз нури, қалб
кўри борлигида яна бир жуфт қайиқ ясасайди.
Чол шуларни ўйлар экан, хаёлан қайиқ билан гаплашарди. «Сени яхши кўраман ва сенга
ишонаман, иним, — дерди у қайиққа. — Сен денгизнинг тилини биласан, тўлқинлар феълини
биласан! Кучли эканлигинг ҳам шунда-да. Сен муносиб қайиқсан, ясаган қайиқларим ичида энг
дилбарисан. Сен улкан қайиқсан — иккита лахтак, яна бир нерпа сиғади сенга. Сен бизга ризқ-
рўз берасан. Шунинг учун сени ҳурмат қиламан. Ўлжаларимизни аранг кўтариб
келаётганингни, ҳатто юкинг оғирлигидан сувга ботай-ботай деб қирғоққа қайтаётганингни
кўриб ҳаммамиз сени қанчалар севамиз. Шунда сени кутиб олиш учун соҳилга ҳамма югуриб
чиқади, менинг қадрдон қайиғим, иним!
Агар мен ўлиб кетсам ҳам, сен узоқ йиллар сузавер, ўлжага бой сувларда сузавер. Агар мен
ўлиб кетсам, ёш ва кучли овчилар билан сузиб юравер. Агар мен ўлиб кетсам, уларга ҳам менга
хизмат қилгандай хизмат қилавер. Ҳа, иним, тумшуғингда бошини ликиллатиб, жони ичига
сиғмай ўтирган анави бола ҳам ўсиб, вояга етгунча кутгин, сен билан узоқ-яқинларга овга
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |