www.ziyouz.com kutubxonasi
98
отанг қори эди, а? Сенга ҳам юқтиргандир бу илмдан? Бу қизиғарларнинг ҳаммаси бой
бўламан, деб интилади. Шу раисимиз қамоқдан чиқиб тинч юрармиди? Бурнига сув кирган деб
ўйлайсанми? Бе, у яна амалини қайтариб олишга уринади. Ҳа, бош-қа гап йўқ! Энди сен гапир-
чи, Абдужаббор.
Табиб унга дарров жавоб қилгиси келмадими, чойдаги шаманинг оҳиста сузишини кузатгандай
тикилиб турди.
— Одамнинг бу дунёда бой бўлиши қийинмас, — деди у ўйчан тарзда. — Бойнинг у дунёдаги
жавоби мушкул. Камбағалдан қай даражада сабр қилгани, қанчалар шукрона айтгани
сўраларкан. Бой эса бунга қўшимча равишда қандай топгани, нимага сарф этгани, закотни тўла
берган ё бермаганлигидан сўраларкан.
Улоқчи бува бу гапдан таъсирланиб «ана!» деб хитоб қилди-да, тиззасига бир шапати тушириб
«гапиравер, қорининг ўғли!» дегандай унга янада қаттиқроқ тикилди. Моштабиб шошаётган
бўлса ҳам буларга бир нима деб қўйишга эҳтиёж сезди:
— Тарихимизда улуғ донолар кўп ибратли гапларни айтиб кетишган. Шулардан бири дейдики,
ақлли одам ўзига нисбатан талабчан бўлади-ю, бошқалардан ҳеч нима истамайди. У ўзининг
тақдиридан ҳамиша рози, ҳеч маҳал нолимайди. Ўзининг қисмати учун бошқаларни
айбламайди. Тақдирига тан бериб хокисор бўлиб яшайверади. Нодон эса дунё неъматларига
берилиб, жонини хатарга қўяди. Агар ўқ нишонга тегмаса, ақлли мерган бошқани эмас, ўзини
айблар экан. Донишманд ҳам шундай бўларкан.
Улоқчи бува энди бошини қуйи эгганича сеҳрли ашула эшитаётгандай тебранди. Моштабибга
унинг бу ҳолати таъсир этиб гапини давом этди:
— Иккинчи донишманд дейдики, бирон бир аёл эришган жавоҳири туфайли яхшироқ бўлиб
қолган, деб ўйлайсизми? Ҳолбуки, қанчадан қанча аёл жав-ҳарга етмоқ йўлида бузилди экан,
бахтсиз бўлиб қолди экан? Қайси бир эркак тилла тўла сандиққа етишиб яхшироқ бўлибди?
Сандиқларни тўлатиш йўлида қилинган зулм миқдорини ким ўлчайди экан?
Бу ҳикматларни жон қулоғи билан тинглаётган Улоқчи бува ҳиссиётлари тизгинини қўйиб
юбора қолди:
— Қойилман, ота ўғил! Нақ отангнинг ўзи бўлибсан, бошқа гап йўқ! — деб хитоб қилгач,
Моштабиб қайтишга изн сўради. Маставага гуруч солингани ҳақи-даги хушхабар кирганига
қарамай аҳдида қаттиқ ту-риб олгач, ноилож рухсат беришди. Зоҳид қоларини ҳам, кетишини
ҳам билмай Улоқчи бувага қараган эди, у:
— Сенинг ишинг битди, кетавер, бу ёғига биз бормиз, — деб мушкулни осон этди.
Қишлоқдан чиқаверишда Моштабиб Зоҳидга қараб олиб:
— Бир гап айтайми? — деди-да, Зоҳид томонидан ижозат бўлишини кутмаёқ гапини давом
эттирди: — Сиз бугун икки марта хижолат чекдингиз. Биринчи- си — сиз менга рўпара
бўлишдан уялдингиз. Олти-етти йил аввал кўчамизда турганларингиз эсингизга тушиб кетди.
Зоҳид бу гапни эшитиб, унга ялт этиб қаради:
— Таниганмидингиз?
— Бўлмасам-чи! Бир ҳафта уйимизни пойлайсизу танимайманми? Сиз бу ишдан уялманг,
биродар. Милиса шеригингиз менга айтган. Ўшанда талаба экансиз, а? Омма-лекин, — табиб
роҳатланиб кулди: — тўрт тийинликка роса тўйдирганмиди?
— Буни ҳам кўрувдингизми?
— Кўргандаки... Нега фақат тўрт тийинлик сомса билан сийлади, биласизми? Йўқ, билмайсиз. У
инсоф юзасидан шундай қиларди. Инсоф деганимки, у шу атрофга ўзини хўжайин деб билиб
сотилаётган нарсалардан текинга олаверарди. Йигирма тийинлик тандир сомсадан олса
гуноҳим кўпаяди, деб қўрқиб арзонини шилаверарди.
— Мен у кишини ўшандан кейин кўрмадим.
— У милисадан кетган. Ҳозир мактабда қоровуллик қилади. Энди иккинчи хижолатингизни
айтайми? Адангизнинг биродарлари сал шалдир-шулдирроқ экан. «Табибнинг жаҳли чиқади»,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |