www.ziyouz.com kutubxonasi
97
Табиб кўксига қўлини қўйиб «хўп» ишорасини қилди-да, беморга яқинлашди. Зоҳид унинг
тирсакка қўл юборганини кўрди-ю, нима қилганини сезмай қолди. Қулоғига «қирс» этган овоз
урилиб, сесканди. Отаси бир «оҳ» деб қўйди. Табиб «Яна буюринг, тақсир» дегандай Улоқчи
бувага қаради:
— Нима бўлди? — деди Улоқчи бува.
— Тирсаклари ҳам чиққан экан, солиб қўйдим.
— Бўлдими?
— Йўқ, бўлмади.
— Яна нима қилиш керак?
— Гипс нотўғри солинибди, — Табиб шундай деб беморга ўгирилиб сўради: — Қўлтиқларингиз
тортиб оғрияптими?
Бемор тасдиқ ишорасини қилгач, табиб Зоҳидга «нима қиламиз?» деган маънода қаради.
— Дўхтирга олиб бориб айтиш керак. Рентген қоғозга яхшироқ қарасин.
— Моштабибнинг ўғли бўлсанг ўзинг тузатасан, бошқа гап йўқ. Гипс қўйишни билмайдиган
дўхтирингга бошқа бормайди.
— Агар розилик берсангиз уриниб кўраман.
Ўзга чора бўлмагач, нима қилишсин? Гипс олингач, табибнинг бармоқлари елкани силаб бориб
бир нуқтани қаттиқроқ босди. Бемор инграб юборгач, Улоқчи бува чўккалаб олиб, табибнинг
ҳаракатларини диққат билан кузатди. Зоҳид буюрилган нарсаларни келтиргач, табиб Улоқчи
бувага юзланди:
— Энди менга кўмаклашиб юборадилар. Соғ елкаларини маҳкам ушлаб турадилар. — Улоқчи
бува табибнинг амрига бўйсуниб, унга яқинлашгач, Моштабиб бир боғлам докани олди: —
Амаки, шуни маҳкам тишланг. Озгина оғриқ бўлади, чидайсиз.
— Бақирмасин, деб тишлатяпсанми? Қўй бунингни, ошнам чидамли бола, унча-бунча дард
бақиртиролмайди. Отанг ҳам менга дока тишлатмаган.
Бу аралашув табибга ёқмай, қошлари чимирилди. «Бунингиз қанақа одам ўзи?» дегандай
Зоҳидга қараб олди. Изоҳ беришни ёқтирмаса ҳам ёқимсиз ёрдамчисини тинчитиш учун:
— Бехосдан тилни тишлаб олишлари мумкин, — деб қўйди-да, ишга киришди. Табиб чаққон
ҳаракатлари билан бир неча нафасда муолажани якунига етказган бўлса-да, отасининг
азобланаётганини кўриб турган Зоҳид учун бу фурсат жуда узоқ туюлди. Елка боғлаб бўлингач,
табиб беморнинг пешонасидаги терни артди-да, кўз қорачиғига тикилди. Сўнг яна қилинажак
ишларни Зоҳидга тайинлаб, қутичадаги малҳамни бергач, қайтишга чоғланди.
— Отангга балли, қўлинг енгил экан, ошнамнинг кўзларини мошдек очиб қўйдинг. Энди биз
билан бир пиёла чой ич. Бошқа гап йўқ, — деди Улоқчи бува амр оҳангида.
Моштабиб уйда онаси бетоб эканини, хасталар келиб кутаётган бўлиши мумкинлигини бу
одамга айтишнинг фойдасизлигини англагани учун «бир пиёла чой ичишга» ўтирди. Улоқчи
бува эса чой қайтараётган Зоҳидга қараб:
— Менга қара, милиса бола, — деди, — сен менга бир нарсани тушунтириб бер: уч-тўрт йил
бурун раисимизни пахтадан ўғирлик қилган, деб қамовдиларинг.
— Мен қамамаганман, адашманг, бува, — деди Зоҳид, табибга чой узата туриб.
— Сен бўлмасанг, ошналаринг қамашган. Лекин тўғри қамовдиларинг, ўғрилиги бор эди. Энди
замон ўзгариб, чиқарибсанлар. Энди... нима энди... — Улоқчи бува ўйланди, — Ивановмиди?
Яна биттаси ким эди?
— Гдлянми? — деди Зоҳид.
— Ҳа, ўша. Хулласи, энди ўшалар муттаҳам экан. Қайси бири тўғри?
— Ҳамма нарсанинг охири тўғри бўлади-да.
— Сен милиса, мени лақиллатма. Ҳалиги Эшим аканг бор-ку, мактабингга директор бўлган,
ўшанга айтсам, «Сиз раиснинг бойлигини кўролмайсиз», дейди занғар. Мени биласан-а,
«оқмаса ҳам сой яхши, боқмаса ҳам бой яхши», дейдиган одамман. Мана, Абдужаббор, сен айт:
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |