www.ziyouz.com kutubxonasi
94
кўра бир одам қари отасидан безиб, қопга солибди-да, «дашту биёбонга ташлаб келаман», деб
йўлга отланибди. Чарчаб, дам олишга тўхтаганда қоп ичидаги отаси нуқул кулармиш. «Ота,
мен сизни бўриларга ем қилиш учун олиб кетяпман, нега куляпсиз?» деб сўрабди ўғил. Шунда
отаси «Менам отамни қопга солиб олиб кетаётганимда айни шу ерда тўхтаб, дам олган эдим,
ўғлим», дебди. Ривоят- нинг қисқалигини қарангу чуқур маъносига эътибор беринг.
— Ҳа, — деди Зоҳид, — Ривоят эмас, ҳақиқатга яқин гапга ўхшайди. Болалигимда аям шунга
ўхшаган чўпчак айтиб берардилар. Бир оилада қари отага яхши қарашмас экан. Ўзлари чинни
косаларда таом ичишса қари отага эски, ёғоч косада овқат беришаркан. Бир куни кичкина
ўғилтой ёғоч ўяётганмиш. «Нима қиляпсан?» деб сўрашса, бола «сизларга коса ўйяпман,
қариганингларда шу косада сизларга овқат бераман», деб жавоб берган экан.
— Яхши, яхши, буни эшитмаган эканман, — деди табиб.
— Аям буни кўп марта айтганлар. Ўшанда бошқа чўпчакни билмас эканлар, деб ўйлабман.
— Аянгиз доно эканлар. Бу ҳақиқатни миянгизга сингдирганлар. Ота-онага бемеҳр фарзанддан
Оллоҳ ҳам рози бўлмайди. — Табиб гапининг давомида араб тилида нимадир деди. Кейин
Зоҳидга бир қараб олди: — Тушунмагандирсиз? Мен Қуръони каримдан оятлар ўқидим. Оллоҳ
таборак ва таоло айтяптики: «Роббинг фақат унинг ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага
яхшилик қилмоғингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам
кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт.
Иковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва «Роббим, алар мени
кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт». — Табиб «шуларни
билармидингиз?» деган маънода Зоҳидга қараб олди.
Кўп қатори Зоҳид ҳам Тангрининг каломларида нималар баён этилганини билмас эди. Унинг
назарида бу илоҳий китобдаги сатрлар инсон онги қабул қила олмайдиган, фаҳм этолмайдиган,
фақат айрим зукко одамларгина тушуниши мумкин бўлган даражада мураккаб эди. У Қуръонни
билувчи одамнинг суҳбатидан баҳраманд бўлмагани сабабли ҳам адаш фикрда юрарди.
Болалигида бобоси «қани, дўнгпешоналар, бери келларинг-чи», деб чорлаб айтиб берувчи
ривоятлар, насиҳатлар ўзининг гапларимиди ё Қуръон оятларими ёки ҳадиси шарифлардан
мисолмиди — Зоҳид у пайтларда фарқлай олмасди. Ёши улғайгач эса, буларни фарқлаб олишга
ҳаракат ҳам қилмади. Ўзича адолат учун курашаман, адолат аламбардори бўламан, деб умид
қилди-ю, ҳақ йўли бу томонда эканидан хабарсиз қолаверди. Ботировни тергов қилаётганида
унинг учун қо-ронғу бўлмиш бу йўл бошида бир учқун кўринди-ю, аммо ёритишга қурби
етмади. Зоҳид «Қуръон — мўъминлар учун насиҳат, кофирлар учун ҳасрат», деган ояти
каримани аввалроқ эшитганда бу муқаддас китобга бўлган муносабатининг ўзгариши шубҳасиз
эди.
Талабалик йиллари ётоқхонасида Саша Климович деган ён қўшниси бўларди. Ҳуқуққа доир ҳар
қандай китобни таҳлил қилиб, кутилмаган хулоса чиқаришга уста бўлган бу йигит паловни,
тандирда ёпилган пиёзли нонни яхши кўрарди. Зоҳид якшанба оқшомида қишлоғидан қайтиши
билан Климович ҳеч бир таклифсиз, манзиратсиз кириб келиб, қорни тўйгунига қадар меҳмон
бўларди. Зоҳидга унинг мантиқли суҳбатлари ёқарди. Меҳмондорчилик сўнгида Климович
ўзича дуо қилгандек бўлиб «Худо бизга соғлиқни берса бас, қолганини сотиб олаверамиз», деб
куларди. Бу одатини ҳеч тарк этмасди.
Бир якшанбада Климовичдан дарак бўлмагач, Зоҳид ажабланиб унинг эшигини тақиллатди.
«Марҳамат, эшик очиқ», деган таклифни эшитгач, ичкари кирди. Ёзув столига мук тушган
Климович қалин китобдан ниманидир кўчирарди. У ёзаётган сатрини охирига етказгач, бош
кўтариб қаради-ю, сал ажабланган равишда жилмайди.
— Ие, келдингми? Вақт ўтганини сезмай қолибман. Қара, қандай китоб топдим. Қуръон!
Саблуков таржимасида!
Зоҳид Саблуковнинг номини ҳам, унинг таржимасидаги қуръон маънолари китобини ҳам энди
эши-таётганини яшириш учун «Зўр-ку», деб қўя қолди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |