Тақризчи: Саодат Муҳамедова - филология фанлари
доктори
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
томонидан дарслик сифатида тавсия этилган.
3
4
Муҳаррирдан
Тилшунослик бўйича республика олий ўқув юртларида ўқитилаётган
фанлар ичида «Умумий тилшунослик» ўқув фани дарслик ва қўлланмалар
билан таъминланганлик жиҳатидан энг камбағал десак, хато бўлмайди. Кейинги
25 йилдан ортиқ вақт давомида бу йўналишда ҳеч нарса эълон қилинмаган.
Шунга кўра Р.Расуловнинг ушбу дарслигига талаб ва эҳтиёж жуда катта.
Дарсликнинг кириш бўлимида муаллиф умумий тилшунослик ўқув фани
қизиқтирадиган масалаларни жуда тўғри санаб ўтади ва режалаштирган
дарслигининг уч қисмдан иборат эканлигини айтиб, бунинг сабабларини
очиб беради.
Дарсликнинг биринчи қисми тилшунослик тарихи масалаларига
бағишланиб, ўз ичига олти бобни олади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дарслик ўзбек толиби илмларига
мўлжаллаб ёзилган. Шу боис унда тилшунослик фани ривожига улкан ҳисса
қўшган Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино,
Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд аз Замахшарий, Алишер Навоий, Мирзо
Меҳдихон каби шарқ алломаларининг лингвистик мерос ва талқинлари
таҳлилига катта эътибор берилган. Бу эса мазкур дарсликнинг қиммат ва
аҳамиятини кескин оширувчи омилдир.
Муосир ўзбек тилшунослигида замонавий таҳлил усулла-рининг шаклланиши,
ривожланиши ва оммалашиши совет линг-вистикасида Иван Мешчанинов, Лев
Шчерба, Евгений Поливанов, Виктор Виноградовларнинг таълимотлари билан
узвий боғлиқ бўлганлиги сабабли дарсликнинг бешинчи бобида худди шу
тилшуносларнинг лингвистик қарашларини атрофлича шарҳлайди.
Дарсликнинг олтинчи бобида ўзбек тилшунослиги тараққиётига ўз
ҳиссаларини қўшган ўндан ортиқ тилшунос олимнинг илмий фаолияти ва
лингвистик қарашлари муфассал ёритилади. Бу ўринда шуни қайд этиб ўтиш
керакки, бунда ҳам муаллиф персоналия усулидан бориб тўғри йўл танлаган.
Дарсликнинг навбатдаги иккинчи қисми тилшуносликнинг назарий
масалаларига бағишланган бўлиб, у ўн бир бобдан ташкил топади. Бунда
жуда асосли ва тушунарли шаклу мазмунда шарҳланганидек, бамисоли тил
(лисон) айни бир замонда ҳам ижтимоий, умумий ҳамда хусусий (шахсий,
индивидуал) моҳиятли эканлигидай, фан ҳам ижтимоий ва шахсий каби
зиддиятли мазмун – моҳиятга эгадир. Академик Сергей Вавиловнинг ўз
чиқишларидан бирида: «Фан – бу олим деб аталувчи айрим шахсларнинг ўз
қизиқишларини жамият(давлат) маблағи ҳисобидан қондиришларидир» - деб
ҳазиломуз айтган гапида катта ҳикмат ва ҳақиқат яширинган. Камолотга
етган олимнинг эҳтиёжи шу даражага кўтариладики, бу шахсий эҳтиёж,
ижтимоий зарурат жамият ривожи шартлари билан уйғунлашади – шахс ва
жамият тавҳиди юзага келади. Ўтган аср фанида Дмитрий Менделеев,
Альберт Эйнштейн, Энрико Ферми, Игорь Курчатов, Сергей Королев, ўзбек
олимлари Ҳабиб Абдуллаев, Собир Юнусов, Иброҳим Мўминов, Абдурауф
Фитрат, Аюб Ғуломов кабиларнинг фаолияти бунинг ёрқин намунасидир.
Бундай олимлар жамият эҳтиёжларини ўз эҳтиёжлари деб билади ва уни
5
қондиришга интилади. Ушбу дарслик ҳам мана шундай ижтимоий эҳтиёж
туйғусининг шахсий қизиқиш, илмий дунёқарашини умумлаштириш
шаклида воқеланиш кўринишларидан биридир. Тилшунослигимизда
дунёқараш, фаннинг маълум тараққиёт босқичини умумлаштиришга улкан
эҳтиёж мавжудлигидан эса, жумладан, академик Азим Ҳожиевнинг лисоний
бирликлар табиати ҳақидаги мақолалари силсиласи, профессор Шавкат
Раҳматуллаевнинг «Ҳозирги адабий ўзбек тили» дарслиги далолат бериб
турибди. Равшанхўжа Расуловнинг ушбу дарслиги ҳам шу турдаги
умумлаштириш маҳсулидир. Унда муаллиф ўз лингвистик дунёқарашини,
узоқ йиллар давомида тадқиқ этиб келаётган манбаи – тил табиатини
тушуниши ва талқин қилишини умумбашарий илмий қадриятлар заминида
китобхонга етказишга интилади. Шу хусусияти билан бу дарслик алоҳида
аҳамиятлидир – унда шахсий қизиқишлари ижтимоий эҳтиёж билан
тавҳидлашган олимнинг тил ва тилшунослик моҳиятига қарашлари ўз
ифодасини топган. Шунинг учун бу иш ҳам олдин санаб ўтилганлар билан
бир қаторда туриб, ўзбек тилшунослигининг я н г и с и ф а т б о с- қ и ч и г
а кўтарилаётганлигидан, мана шу сифат босқичи бўсаға ва пиллапоялари
шаклланаётганлигидан далолат беради. Дарсликда таҳлил ва талқин учун
танланган муаммо ва тушунчалар мана шундай зинапоя барпо қилиш учун
зарур бўлган қурилиш материалларидир – улар жуда оқилона ва пухта ўйлаб
танланган. Уларнинг барчаси битта етакчи омилга – тил тадқиқи жараёнида
диалектикадан онглилик ва изчиллик билан амалий фойдаланиш, ўз
тадқиқоти, ҳукмлари, хулосаю тавсияларида – провард оқибатида фанда
(тилшуносликда, ўзбек тилшунослигида)
мустақилликни, ҳукмларнинг ўзи
ўргана-ётган манба табиатига, яъни (ўзбек тили қурилишига) мувофиқ-лигини
таъминлашга, фанни пайравликдан, онгсизона эргашиш-дан халос қилишга,
тилшунослик фанини миллий истиқлол олдимизга қўйган буюк вазифа –
ижодий тафаккур соҳибини етиштириш, унда миллий ғурур ва миллий
мафкурани шакллантиришга хизмат қилдиришга қаратилган савоб, бу кун
талабларидан келиб чиқадиган ишлардир. Албатта, муаллиф-нинг барча
талқинларини тўла-тўкис қабул қилиш, уларга кўр-кўрона эргашиш, уларни
айнан такрорлаш мумкин эмас ва бундай ёндашишни муаллиф тарғиб ва
ташвиқ этаётган диалектик методологиянинг ўзи ҳам, тадқиқ манбаи бўлган
тилнинг серқирралиги ва зиддиятлиги ҳам рад этади. Лекин бундай
масалаларнинг қўйилишининг ўзи фанимиз учун инқилобий бурилиш,
маънавий-методологик мустақиллик нишоналаридир.
Сиёсий мустақилликдан кейин иқтисодий мустақилликка, ундан кейин
маънавий мустақилликка эришиш ва уни мустаҳкамлаш эса барчамиз –
Ватанимиз, жамиятимиз, онгимиз, таълимимиз олидида турган энг муҳим
вазифадир.
Дарсликнинг навбатдаги учинчи қисми тилшунослик методлари ҳақида
бўлиб, у ўз ичига икки бобни олади. Бу қисм ва унда кўтарилган
масалаларнинг ўзига хос мустақил аҳамияти шундаки, мазкур ўзига хослик
ишнинг ҳар қандай фанда, жумладан, тилшуносликда, алоҳида мавқега эга
6
бўлган илмий тадқиқот методлари масаласига бағишланганлиги билан
боғлиқдир. Юнон олими Архимеднинг: “Таянч нуқтани беринг, мен ричаг
билан Ерни кўтараман” деган гапи бежиз эмас: ҳар бир тадқиқотчи учун
методология, дунёқараш таянч нуқта бўлса, унинг “ричаг”и тадқиқ
методлари, ўрганиш манбаининг айрим-айрим қирраларини тавсифлаш усул,
йўл ва воситаларидир. Онгли, пухта ўзлаштирилган ва уқилган тадқиқ
методи билан қуролланмаган олимни иш қуролларига эга бўлмаган ва нима
қилиши кераклигини билмаган “уста-ҳунарманд”га қиёслаш мумкин. Ҳеч
бир илмий изланиш тадқиқ методисиз амалга оширилмайди, лекин, афсуски,
уқилган, имкониятлари нима билан чекланганлиги тадқиқотчининг онгига
бориб етган метод асосида якунланган илмий изланиш маҳсули фанда ҳар
қадамда учрамайди. Жуда кўп илмий ишлар уқилмаган пайравлик, эргашиш,
олдинги тадқиқотлар “намуна”лари асосида бажарилади. Р.Расуловнинг бу
дарслиги метод ва маълум метод асосида тилнинг айрим-айрим қирраларини
тавсиф этиш тушунчасини таълим олувчи онгига сингдиришга
қаратилган.Муҳими шундаки,муаллиф тилни ва унинг айрим бирликларини,
бўғинларини т у р л и методлар билан ўрганиш турли хил хулосаларга олиб
келиши – бир метод асосида олинган хулоса шу бирликни бошқа усул билан
ўрганиш натижасида чиқарилган ҳукмга зид бўлган ҳолда ҳам ўрганилаётган
нарса моҳияти тавсифини тўлдириши, бир ҳодисага хилма-хил таърифлар
бериш зиддият эмас, балки манбанинг турли қирраларини очиш ва унинг
мағзига чуқурроқ кириш эканлигини ёшлар онгига сингдиришга интилади.
Хулоса шуки, Р.Расуловнинг ушбу дарслиги истиқлол даври-даги дастлабки
(биринчи) оригинал тадқиқот бўлиб, талабалардек келажак бунёдкорларига
мўлжаллаб ёзилганлиги билан, долзарб масала ечими сари мустаҳкам бир қадам
эканлиги билан муҳим-дир, уни қутлаш, ҳимоя этиш ҳамда ривожлантириш
зарурдир.
Дарслик ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кўп фикрлилик, талқин
эркинлигини оммалаштиришдек улкан вазифани амалга оширишни ўз олдига
мақсад қилиб қўйган бугунги Ўзбекистонимизнинг миллий-маданий ва
илмий-маънавий тарққиётига муносиб бир ҳисса бўлиб қўшилишига
аминман, унинг нашри ва оммалаштирилишини кечиктириб бўлмайдиган иш
деб биламан.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
филология фанлари доктори, профессор
Ҳамид Неъматов. Бухорои шариф, 2009 йил
7
Do'stlaringiz bilan baham: |