33-модда. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси давлат унитар корхонаси шаклида ташкил
этилади ҳамда фаолиятини хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар ва бошқа тушумлар
ҳисобидан амалга оширади.
Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси хизматлари учун тарифларнинг миқдорлари
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда қимматли қоғозлар
бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.
34-модда. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг мутлақ вазифалари Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг мутлақ вазифалари қуйидагилардан
иборат:
эмиссиявий қимматли қоғозларни ҳисобга қўйиш, давлат эмиссиявий қимматли қоғозлари
бундан мустасно;
эмиссиявий ҳужжатсиз қимматли қоғозларни сақлаш, давлат эмиссиявий ҳужжатсиз
қимматли қоғозлари бундан мустасно;
марказий рўйхатдан ўтказувчи сифатида акциялар эгаларининг реестрларини ва корпоратив
облигациялар эгаларининг реестрларини юритиш;
давлатнинг унга сақлаш учун топширилган қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини,
шунингдек қимматли қоғозларни бошқариш бўйича давлат ваколат берган шахсларнинг
қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш;
депозитарийларнинг вакиллик ҳисобварақларини юритиш;
ўзида сақланаётган биржа савдоси ва биржадан ташқари савдо иштирокчиларининг
қимматли қоғозлари савдога қўйилишидан олдин уларнинг мавжудлиги ҳамда ҳақиқийлигини
тасдиқлаш;
ўзида сақланаётган қимматли қоғозлар савдода тузилган битимлар бўйича биржа савдоси ва
биржадан ташқари савдо иштирокчиларига етказиб берилишини таъминлаш;
эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш,
давлат эмиссиявий қимматли қоғозлари бундан мустасно;
Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан чиқарилган, Ўзбекистон
Республикаси ҳудудида муомалага киритилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш;
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган, Ўзбекистон
Республикаси ҳудудидан ташқарида муомалага киритилган қимматли қоғозларни ҳисобга
олиш;
инвестиция фондлари томонидан чиқарилган ва уларга тегишли қимматли қоғозларга
бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш;
Депозитарийлар депонентларининг ягона базасини юритиш;
депозитарийларда депо ҳисобварақлари бўйича эмиссиявий қимматли қоғозлар (давлат
эмиссиявий қимматли қоғозлари бундан мустасно) ҳаракати тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва
тизимлаштириш.